Линклар

Таниқли ўзбек ёзувчиси Мамадали Маҳмудов озодликка чиқарилган. Бу ҳақда Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар берди.

– Мамадали Маҳмудов 19 апрел куни кечқурун 7да уйига кириб келди. Уни ўғли қарши олди. Невараларини биринчи марта кўрди, - деб ёзди ташкилот раҳбари Надежда Отаева ўз блогида.

Эврил Турон адабий тахаллуси билан машҳур Маҳмудов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Аммо, ёзувчининг озод этилиши кўпчилик учун кутилмаган хол бўлди. Ўтган ҳафтада 72 ёшли Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 - моддаси - "Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" да айбдор деб топилгани ва уч йиллик муддат қўшиб берилгани айтилганди.

Совет даврида "Ўлмас қоялар" номли романи билан танилган адиб мустақиллик йилларида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳ билан алоқалари учун 14 йилга озодликдан маҳрум этилгунига қадар ҳам икки марта қамоққа ташланган.

Қамоқхонада адибнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида бир неча марта хабар қилинганди. Ҳозир ёзувчининг ҳассага таяниб юриши айтилади.
XS
SM
MD
LG