Линклар

logo-print

АҚШ Сурия мухолифатига 123 миллион долларли ноҳарбий ёрдам ваъда қилди


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

“Сурия дўстлари” гуруҳининг 21 апрел куни Истанбул шаҳрида тугаган навбатдаги йиғилишида АҚШ суриялик мухолифатчиларга қўшимча 123 миллион долларли ноҳарбий ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Айни пайтда Сурия мухолифатининг оғир қуроллар етказиб бериш ҳақидаги чақириғи жавобсиз қолди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Қўшма Штатлар Сурия мухолифати кучларга қўшимча 123 миллион долларли ноҳарбий ёрдам кўрсатишини Сурия мухолифатини қўлловчи халқаро ташкилотлар ва давлатлар вакилларидан иборат бўлган “Сурия дўстлари” гуруҳининг якшанба куни Истанбул шаҳрида тугаган учрашувидан кейин эълон қилди.

- Сўнгги ойлар давомида ноҳарбий ёрдам ҳажмини ошириб бордик ва ҳозирда ёрдам миқдори 127 миллион доллардан ошди. Барқарор ва демократик келажакка пойдевор қуришга уринаётган маҳаллий раҳбарларга кўрсатилган ёрдам озиқ-овқат ва тиббий дори-дармонлардан иборат, - дея баён қилди АҚШ Давлат котиби.

Жон Керри Сурия мухолифатига ёрдам уларнинг Олий ҳарбий қўмондонлиги орқали етказилишига келишиб олинганини қўшимча қилди.

АҚШ Давлат котиби Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимини мамлакатда тинч аҳолига қарши “баллистик ракета”лар қўллаётганганликда айблади.

Жон Керри “Сурия дўстлари” деб аталаётган 11 давлат вакилларидан иборат гуруҳ Сурия можароси тинч йўллар орқали ҳал этилиши тарафдори эканини таъкидлади.

Суриянинг энг йирик мухолифат гуруҳи бўлган Миллий коалиция “терроризмнинг ҳар қандай кўриниши”ни кескин қоралашини таъкидлаб, улар ихтиёрига берилган қуроллар нияти ғаразли бўлган одамлар қўлига тушмаслигини ваъда қилди.

Мухолифат коалицияси Суриядаги ҳар қандай гуруҳдан ўч олинмаслигига ҳам ваъда берди.

- Ҳеч бир таҳқирлашсиз, қандай вазиятда бўлишдан қатъий назар, биз ҳар бир Сурия фуқароси эркин бўлишини, ўз келажаги ва мамлакат истиқболини ўзлари белгилай олишларини таъминлаш ниятидамиз. Биз Сурияда адолат ўрнатишни хоҳлаймиз. Суриядаги ушбу сиёсий унсурларнинг режимдан ўч олиш истаги йўқ. Айни пайтда биз Сурия ҳудудида таҳқирлаш ва зўравонликлар рўй беришига йўл қўймаймиз, - дея баёнот берди Сурия Миллий коалицияси лидери Муаз Ал-Ҳатиб.

Сурия мухолифати ўзини қўллаб-қувватлаётган давлатларни президент Ал-Ассад режимига қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчи гуруҳларга оғир қуроллар етказиб беришга анча вақтдан бери чақириб келмоқда.

Бу чақириқ Истанбул учрашувида ҳам эътиборсиз қолдирилди. Ғарб давлатлари оғир қуроллар Сурияда икки йилдан бери давом этаётган можарони янада мураккаблаштириши ёки радикал исломчилар қўлига тушиб қолиши мумкинлигидан хавотир билдириб келмоқда.

Сурия мухолифати Истанбул анжумани қатнашчиларини Ал-Ассад армиясига тегишли ракеталарни йўқ қилиш учун “аниқ нишонларга ҳаво зарбалари бериш”га чақирди.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида икки йилдан буён давом этаётган қуролли тўқнашувларда 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган.
XS
SM
MD
LG