Линклар

logo-print
"Фонд Форум" ташкилоти 28 апрел кунги "Ҳаёт учун!" хайрия марафонини Бостон қурбонларини хотирлашга қаратилган тадбирга алмаштирди. Twitterда шундай хабар қолдирган @GulnaraKarimova ўзбекистонликлар билдирган таъзияларни бостонликларга йўллашни режаламоқда.

Бостон марафонидаги портлашлар ортидан ҳар йили Тошкентда ўтказиб келинаётган "Фонд Форум" ташкилотининг "Ҳаёт учун!" хайрия марафони қолдирилди.

Бу ҳақда Twitterда хабар қолдирган @GulnaraKarimova 28 апрел кунига белгиланган марафон ўрнига Бостон қурбонлари хотирасига бағишланган тадбирлар бўлишини билдирди.

Twitterдаги ёзувларга кўра, "Фонд Форум"нинг бу йилги марафони қолдирилиши асл сабаблари "хавфсизликни таъминлаш мақсади" билан изоҳланмоқда.

Шу боис, 28 апрелга белгиланган марафоннинг ёпиқ ва қўриқланиши мумкин бўлган бинолардан ташқарида, яъни очиқ ҳавода белгиланган ҳамма оммавий тадбирлари бекор қилинган.

Фақатгина "Бунёдкор" стадионидаги футбол матчи ва "Туркистон" саройидаги тадбирлар бўлиб ўтади ва уларнинг мазмуни ҳам Бостон портлашлари қурбонларини хотирлашга қаратилади.

Бу хабарни "Фонд Форум" ташкилотининг ташкилотчиларидан бири ҳам твиттеридаги саҳифасида тасдиқлади.

"28 апрелга белгиланган "Ҳаёт учун!" хайрия марафони бекор қилинди", деб ёзув қолдирди Қобулов.

@GulnaraKarimovaнинг ёзишича, Бостон қурбонлари хотирланадиган тадбирда ҳар йили марафонда бўлгани каби "кино, эстрада, театр юлдузлари иштирок этади".

Тадбирлар жонли эфир тарзида ёртилади ва "Бостон портлашидан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш бағишланган" катта акция ўтказилади.

@GulnaraKarimovaнинг яна ёзишича, Бостон портлаши қурбонлари ва жабрдийдаларига ўзбекистонликлар билдирган таъзия, қувватлов сўзлари, эсдалик ёзувлар футболкаларга туширилади ва "Фонд Форум" ташкилотининг АҚШдаги вакиллари орқали бостонликларга етказилади.

Кенг кўламли бўлиши кутилаётган ушбу акцияга тўлиқ тафсилотлар эса 23 апрел куни маълум қилиниши айтилди.

Шу куни "Фонд Форум" ташкилотининг айни масага бағишланган матбуот анжумани ўтказиши айтилмоқда.

Бунга қадар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг америкалик ҳамкасби Барак Обамага Бостонда содир этилган теракт муносабати билан таъзия билдиргани эълон қилинган эди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Бостон шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этилиб, инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан АҚШ Президенти Барак Обамага ҳамдардлик билдирди", дейилган эди давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.

Яъни, "Фонд Форум"нинг 28 апрел кунги Бостон қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириш тадбири Гулнора Каримованинг отаси билдирган икки энлик таъзияномасидан бир неча ҳисса ошиб тушадиган жамоат тадбири бўладиган кўринади.

АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида бу йил 117 бор ўтказилган марафондаги портлаш 15 апрел куни содир бўлган энди.

Қарийб 24 минг одам томоша қилаётган тадбир якунига яқин иккита портлаш содир бўлган ва унда 3 киши қурбон бўлган.

Бу портлашни чечен миллатига мансуб, келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Доғистонда ўсиб-улғайган ва чечен урушидан сўнг АҚШдан бошпана топган ака-ука Тамерлан ва Жавҳар Царнаевлар содир этганликда гумон қилинмоқда.

Тамерлан Царнев уни қўлга олиш амалиёти чоғида ўлдирилган. Жавҳар Царнаев эса оғир жароҳатлар билан қўлган олинган ва ҳозир оғир аҳволда шифохонада.

Царнаевларнинг ота-онаси ўғилларининг Бостон марафонида уюштирилган террор хуружига алоқаси борлигини инкор қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG