Линклар

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов The Sunday Times нашри ҳар йили эълон қиладиган Буюк Британия ва Ирландиядаги энг бой шахслар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йили у бу рўйхатда иккинчи ўринга қўйилган эди.

“Металлоинвест” металл-маъдан ширкати соҳиби, Англиянинг Арсенал футбол жамоаси акцияларининг 30 фоизига эга бўлган 59 яшар Алишер Усмоновнинг мулклари 20,3 миллиард АҚШ долларига тенг, деб баҳоланди.

Британиядаги The Independent нашрига кўра, Лондон шимолида Алишер Усмоновнинг 73 миллион долларлик саройи бор.

Айни пайтда Алишер Усмонов Интернетдаги Mail.ru ва MegaFon уяли алоқа ширкатларининг акцияларига ҳам эга.

Британия ва Ирландиядаги энг бой шахслар рўйхатда Усмоновдан кейин иккинчи ўринни Music Warner ширкати соҳиби ва ўтган ой TNK-BP нефт ширкатидаги ўз акцияларини икки миллиард долларга сотган россиялик Лен Блаватник эгаллаган.

Унинг мулки 16 ярим миллиард доллардан ошиқроқ, деб бахоланган.

Ўтган йил Британиядаги энг бадавлат шахслар рўйхатида тўртинчи ўринга қўйилган Сри ва Гопи Ҳиндужа бу йил рўйхатда учинчи ўринга чиқди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Ҳиндужа гуруҳи соҳибининг мулки 16 миллиард доллардан ортиқроққа бахоланган.

2012 йилги рўйхатда биринчи ўринга қўйилган Лакшми Миттал ва унинг оиласи бу йилги рўйхатда тўртинчи ўринни эгаллаган.

Метал бизнеси билан шуғулланувчи Лакшми Митталнинг бу йил мулки қиймати 15 миллиард доллардан кўпроқ, деб баҳоланган.

“Челси” футбол жамоаси соҳиби россиялик олигарх Роман Абрамович рўйхатда бешинчи ўринни эгаллаган. Унга тегишли мулк 14,2 миллиард доллар экани айтилади.

The Sunday Times нашрига кўра Буюк Британиядаги энг бой 200 нафар шахснинг мулки жами 485 миллиард долларни ташкил этади.

The Independent нашрига кўра, бу сумма The Sunday Times 25 йил олдин илк бор эълон қилган энг бой шахслар рўйхатидаги суммага нисбатан саккиз баробар кўпдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG