Линклар

Анзор Царнаев: Ўғилларим экстремист эмас эди


Суратда: Жоҳар ва Тамерланнинг отаси Анзор Царнаев.

Суратда: Жоҳар ва Тамерланнинг отаси Анзор Царнаев.

Бостон шаҳрида ўтказилган марафон пайтида портлашлар амалга оширганликда гумон қилинаётган Жоҳар ва Тамерлан Царнаевларнинг отаси Анзор Царнаев Озодлик радиоси мухбири Tom Balmforth саволларига жавоб берди.

Тамерлан ва Жоҳар царнаевларнинг Доғистон маркази Маҳачқалада яшайдиган қариндошлари Бостон портлашларини амалга оширганликда гумон қилинаётган бу ака-ука тўғрисида кўпроқ маълумот олишни истаётган нашрлар билан мулоқот қилишни истамаётган эди.

Бироқ Озод Европа/Озодлик радиоси ва Associated Press ахборот агентлиги мухбирлари ака-укаларнинг отаси Анзор Царнаев билан телефон орқали мулоқот қилишга муваффақ бўлди.

Озодлик: Биз воқеалар хронологиясини тушунишга уринаяпмиз. Тамерлан АҚШдан 6 ойга, 2012 йил, 12 январидан бошлаб сафар қилган экан. Уйингиз яқинидаги бир сотувчининг айтишича, у сизникида бир ой ё ундан сал кўпроқ вақт яшаган экан. Радикал ғояларни у қаердан олган бўлиши мумкин?

Анзор Царнаев: Унда ҳеч қачон бундай (радикал) ғоялар бўлган эмас. Одамлар қаердан олаяпти бундай гапларни?! Маҳачқалада у мен билан бўлганди. Соат 3 гача ухларди. Мен уни уйғотиб меҳмонга олиб борардим мажбурлаб. Меҳмондан келиб, яна ётиб ухларди, деди Анзор Царнаев.

Унинг айтишича, ўғли Тамерлан Маҳачқалада 6 ой турган.

Озодлик: Масжидга мунтазам қатнар эдими? Балки террористик ташкилотлар ўша ерда у билан иш олиб боргандир?

Анзор Царнаев: Албатта, жума намозларига борар эди. У жоме масжидга борган. Бирга борардик. Бирон киши қайсидир бир шаклда унга таъсир ўтказишга уринган эмас. Одамлар бундай ишларни тўхтатганига анча бўлди. Бу, энди, тарих. Бузуқилар шаҳарларда йўқ. Улар ҳозир тоғларда.

Озодлик: АҚШга сафар қилишни режалаштираётганмишсиз.Қачон бормоқчисиз?

Анзор Царнаев: Мен адолат истайман. Америка полицияси ва махфий хизматларига берадиган саволларим бор. Мен ўзим юристман. Жиноий ишлар бўйича, терроризм бўйича саволларим кўп ва мен уларга жавоб олмоқчиман. АҚШнинг дунёга машҳур махфий хизматларига берадиган саволларим кўп ва уларга жавоб олмоқчиман. Адвокат ёлламоқчиман. Менга адолат керак.

Озодлик: Одамларнинг айтишича, Жоҳар акаси Тамерланнинг таъсирига тушиб қолган?

Анзор Царнаев: Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Тўғри, у ака, лекин укасига ҳеч қачон босим қилган эмас. Бу одатларимизга хилоф. Ака (Тамерлан) укасига (Жоҳар) “Менга қара, мен уйландим, лекин ўқий олмадим. Ҳеч йўқ, энди сен ўқи, бўлмаса отамиз сўкади”, дер эди. Тўғри, сўкардим. Қора ишчи бўлиб ўтиб кетасанми, дер эдим. У менга ўқийман, деб ваъда берган. Инглизчаси яхшилигини, ўз бизнесини очмоқчилигини айтган. Хитойга қатнайдиган танишлари бор эди. Улар билан бирга товар олиб келиб, дўкон очмоқчийди.

Озодлик: 2012 йил январида Маҳачқалага келган вақтида Тамерлан Чеченистонга борган эмасми?

Анзор Царнаев: Чеченистонга мен билан икки марта борган. Тоғаларим ва холаларимни кўришга борганмиз. Қариндошларим кўп. Ҳаммасиям яхши одамлар. Тоат-ибодатни канда қилишмайади. Ҳамма билади уларни, ҳурмат қилишади. Улар ҳеч қачон Чеченистондан чиқмаган. Уруш бўлгандаям кетишмаган.

АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида бу йил 117 бор ўтказилган марафондаги портлаш 15 апрел куни содир бўлган энди.

Қарийб 24 минг одам томоша қилаётган тадбир якунига яқин иккита портлаш содир бўлган ва унда 3 киши қурбон бўлган.

Бу портлашни чечен миллатига мансуб, келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Доғистонда ўсиб-улғайган ва чечен урушидан сўнг АҚШдан бошпана топган ака-ука Тамерлан ва Жавҳар Царнаевлар содир этганликда гумон қилинмоқда.

Тамерлан Царнев уни қўлга олиш амалиёти чоғида ўлдирилган. Жоҳар Царнаев эса оғир жароҳатлар билан қўлган олинган ва ҳозир оғир аҳволда шифохонада.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG