Линклар

Тожикистон: Мухолифатчига ҳужум қилганни топганга 10 минг доллар берилади


Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг муовини Маҳмадали Ҳайитов Душанбе шаҳрида жума оқшомида калтаклаб кетилганди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг муовини Маҳмадали Ҳайитов Душанбе шаҳрида жума оқшомида калтаклаб кетилганди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) раёсати партия раисининг ўринбосари Маҳмадали Ҳайитовни калтаклаган шахсларни топишда ёрдам берган кишига 10 минг доллар мукофот топширилишини эълон қилди.


Бу ҳақда ТИУП раиси Муҳиддин Кабирий 22 апрел куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий.

Кабирий партия раҳбарларидан бирига қилинган ҳужумни режаланган тадбир эканини таъкидлаб, “кимдир партияни фитнага рўбарў қилмоқчи, бироқ Тожикистон Ислом уйғониш партияси фитналарга учмайди ва ҳуқуқ доирасидан чиқмаган ҳолда фаолият олиб боришда давом этади”, деди.

ТИУП раисининг муовини бўлган Маҳмадали Ҳайитов жума оқшомида намоздан қайтаётган пайтда номаълум шахслар томонидан калтакланган ва оғир тан жароҳатлари билан Душанбедаги касалхонага етказилган.

Шанба куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мухолифатчининг калтакланиш ҳодисаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Айни пайтда бугун матбуот анжумани берган партия раиси Муҳиддин Кабирий мазкур иш бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган хатти-ҳаракатлардан қониқиш изҳор қилди.

Аввалроқ Озодликнинг тожик хизматига интервю берган Маҳмадали Ҳайитов ўзига ҳужум қилган одамларни танимаслиги айтганди.

- Бу ҳужум менинг сиёсий фаолиятим билан боғлиқ. Менга ҳужум қилган кишилар Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 40 йиллиги билан боғлиқ тадбирлар ўтказилмаслигини истайдилар, бироқ мен бу тадбирлар бўлиб ўтишига умид қиламан, - деганди Маҳмадали Ҳайитов.

Ўзига ҳужум қилган кишиларни “тожик дунёсининг душманлари” деб атаган Ҳайитов расмийлар айбдорларни топишига ҳам умид билдирганди.

Ҳужумнинг эртасигаёқ Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон расмийларини мухолифатчи Маҳмадали Ҳайитовнинг калтакланиши юзасидан диққат билан текширув ўтказишга чақирган.

Ташкилот баёнотида Тожикистон айни пайтда шу йил ноябрига белгиланган президентлик сайловларига тайёргарлик кўраётгани қайд этилади.

1994 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган президент Имомали Раҳмон навбатдаги сайловда иштирок этиш-этмаслигини ҳозирча эълон қилгани йўқ.

Тожикистонлик мухолифатчиларга кўра, президентлик сайлови арафасида мамлакатдаги вазият сезиларли даражада ёмонлашаётган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси сўнгги 20 йил давомида президент Имомали Раҳмон назорати остида бўлиб келаётган парламентда ўз вакилларига эга ягона мухолиф партия ҳисобланади.

Freedom House ўтган йил июл ойида ҳукумат қўшинларининг Хоруғда олиб борган амалиёти чоғида партиянинг Тоғли Бадахшон вилояти бўйича раҳбари ўлдирилганини эслатади. ТИУПнинг мазкур вилоятдан бўлган бошқа бир маҳаллий лидери ҳарбий амалиёт чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Freedom House ташкилоти ўз баёнотида халқаро ҳамжамият ва АҚШ ҳукуматини ТИУП аъзоларининг таъқиб қилиниши масаласини Тожикистон ҳукумат олдида энг юқорида даражада кўтаришга чақирган.
XS
SM
MD
LG