Линклар

Олимжон Тўхтаохунов: "Менинг бу ишга нима алоқам бор?"


Russia -- Alimzhan Tokhtakhunov (Taivanchik), Oct2010

Russia -- Alimzhan Tokhtakhunov (Taivanchik), Oct2010

АҚШ ҳукумати россиялик тадбиркор ва ҳомий, баъзи доираларда криминал авторитет экани айтиладиган Олимжон Тўхтаохуновга нисбатан “пул ювиш”га доир янги айбловларни эълон қилди. "Тайванчик" лақаби билан танилган асли тошкентлик Олимжон Тўхтаохунов Озодлик билан суҳбатда бу иддаоларни тўлиқ рад этиб, америкалик терговчиларнинг ҳар қандай саволига жавоб беришга тайёр эканини билдирди.



Ўтган сешанба куни АҚШ ҳукумати россиялик таниқли тадбиркор ва ҳомий 64 ёшли Олимжон Тўхтаохуновга пул ювиш, ноқонуний казино бизнеси ва товламачиликка оид айбловларни сиртдан эълон қилди. Ню Йорк прокуратураси “Тайванчик” лақаби билан танилган ва баъзи доираларда криминал авторитет деб кўриладиган Тўхтаохуновни халқаро уюшган жиноятчилик гуруҳини тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айбламоқда.

Bloomberg агентлигига кўра, Ню Йорк, Лос Анжелес, Детройт ва Филаделфия шаҳарларида бу иш доирасида 29 киши қўлга олинган, яна беш киши халқаро қидирувга берилган. Полиция асосан собиқ Совет Иттифоқидан бўлган айбланувчилар АҚШга жами 100 миллион доллар миқдорида зарар келтирганини маълум қилди.

Италия қамоғининг тутқуни

Олимжон Тўхтаохунов Озодлик саволларига жавоб бериб, бу айбловларни “эртак ва америкалик терговчиларнинг алаҳсираши”, деб атади.

- Мен у ерда бўлмаган бўлсам, қандай қилиб бу ишни ташкиллаштиришим мумкин? Менга фигурали учиш иши бўйича аллақачон жиноий иш очилган бўлса, қандай қилиб мен жиноий ишни ташкиллаштира оламан? Бу ўйдирмаку! Тўғри, ўша иш бўйича 30 тача одамдан иккитасини мен ҳақиқатан танийман. Улар менинг киевлик танишларим, уларни Совет давридан биламан, буни инкор этаётганим йўқ... Мен спорт ўйинларига пул тикаман - тотализатор Россияда таъқиқланмаган. Уларнинг ниманидир ташкиллаштириш, рэкет тўғрисидаги айбловлари ғирт ёлғонку!- дейди Олимжон Тўхтаохунов.



Бизнесменнинг сўзларига кўра, Америка ҳуқуқ-тартибот органлари уни 2002 йилдан буён қидирмоқда. Ўшанда АҚШда Тўхтаохунов Солт Лейк Ситидаги Қишки Олимпия ўйинларида фигурали учиш бўйича мусобақа ҳакамларига пора беришда айбланган.

Америка терговчиларига кўра, Олимжон Тўхтаохунов Россия ва Франция судялари ва спортчилари ўртасида воситачилик қилган: гўё француз ҳаками россиялик Елена Бережная ва Антон Сихарулидзе дуэтига овоз берса, россиялик ҳакамнинг французлар Марина Анисина ва Гвендал Пейзерга овоз бериши келишилган.

Олимжон Тўхтахунов 2003 йилда бу айбловлар бўйича Италияда ҳибсга олингани, бироқ айбловлар асоссиз экани боис Россияга чиқариб юборилганини айтади.

- Мени ўшанда “фигурали учиш иши” бўйича қўлга олишган. Мени бирор маротаба америкаликлар сўроқ қилмадику! Мен бир йил сизларнинг қўлингизда эдим, бир йил Италия турмасида ўтирдим. Бирор маротаба сўроқ қилишмади. “Сен мафиями? Граната нимага керак, қуролни нима қиласан?”.. Мен у аҳмоқларга “гранат” – русчасига анор экани, у ейилишини тушунтирсам, улар “кишмишни” “гашиш” деб ўтирибди. Лекин бирор маротаба фигурали учиш масаласида савол берилмади. Марҳамат, келинг, Россия прокуратураси билан чақиринг – мен ҳар қандай саволларга ва айбловларга жавоб беришга тайёрман. Қизиғи, айбловни ҳам бекор қилишмаяпти,- дейди Олимжон Тўхтаохунов.

Олимжон Тўхтаохунов ўшанда Италиядан АҚШга экстрадиция қилинганида, 25 йилга қамоққа ташланиши ва 1,25 миллион доллар жаримага тортилиши мумкин эди. Бироқ, қарийб бир йиллик тафтишдан кейин, Италия суди россиялик тадбиркорнинг айби етарли исботга эга бўлмагани боис уни озодликка чиқарган. Ўшанда АҚШ расмийлари унга спорт ҳакамларига пора беришдан ташқари, қурол савдоси ва пул ювишга оид янги айбловларни эълон қилди.

Россиядан чиқа олмайдиган маданият ҳомийси

2003 йилнинг 23 июлида Италиядан Москвага учиб келган Тўхтахунов 10 йилдан буён ҳеч бир мамлакатга чиқа олмаслигини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Мен 10 йилдан бери ҳеч қаерга чиқа олмайман – Россияда ўтирибман, чунки улар тинимсиз мана шундай уйдирмаларни уйлаб топяпти. Улар мени номимни бу ишга аралаштириб, уни бутун дунёга овоза қилмоқчи. Аллақандай америкаликлар ноқонуний қимор уйинида айбланмоқда: менинг бунга қандай алоқам бор?! Мен инглиз тилини билмасам, улар мени уюшган жиноятчилик, пул ювиш, яна алламбалоларда айблаяпти. Мен умрим давомида бундай ишларга қарши бўлганман... Мен қонунларни бузган бўлсам, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари менга эътироз билдириши керак. Мен на Россия, на АҚШ қонунларини бузган бўлсам, Америкада пулим бўлмаса,- дейди бизнесмен.

Суҳбатимиз давомида 64 ёшли Тўхтаохунов Россияда майда-чуйда олиб сотарлик бизнеси билан, Москвадаги кўчмас мулки ижарасидан тушаётган маблағ эвазига тирикчилик ўтказаётгани, Футбол ветеранлари хайрия жамғармасини бошқараётгани ва бир қатор спорт ва маданиятга оид нашриётларни бошқараётганини маълум қилди. Шунингдек, бизнесмен Россия киносида турли ролларда иштирок этаётганини ҳам айтди.

Бундан икки йил олдин Озодликка берган видеоинтервюсида, Тўхтаохунов АҚШнинг учта куч ишлатар идораси - Федерал Тергов Бюроси (ФТБ), Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) ва Наркотикларга Қарши Кураш Бошқармаси уч нафар россиялик - Доку Умаров, Семен Могилевич ва ўзини дунёнинг энг хавфли жиноятчилари рўйхатига киритганини асоссиз деб атаган эди.

"Америкаликларга катта шов-шув керак"

Нима сабабдан АҚШ ҳукумати унинг шахсига бунчалик қизиқиш билдираётгани тўғрисидаги Олимжон Тўхтаохунов бу иш америкаликларга “Россияга қарши шов-шув кўтариш учун” керак, деб жавоб қайтарди.

- Агарда улар у ерда менинг номимдан фойдаланиб, Россияга қарши “мафия ишини” очмоқчи бўлса, бу уларнинг муаммоси. Мени аралаштириб нима қилишади? Агар сиз дунёнинг истаган жойидаги одамни истаган ёлғон ишлар бўйича айблашингиз мумкин бўлса, қанақасига бу демократия, одил суд бўлиши мумкин? Қолаверса, бу ишни бошлаган прокурор Жанубий Манхэттендан: айнан шу одам “фигурали учиш иши”ни олиб борган. У ўзи “Магнитский иши” бўйича Россия қора рўйхатига киритилган,- дея қўшимча қилади Олимжон Тўхтаохунов.

Ню Йорк прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, Олимжон Тўхтаохунов алоқаси борлиги айтилаётган “уюшган гуруҳ”ни АҚШда миллати рус бўлган уч ака-ука Вадим, Илья ва Евгений Тринчерлар бошқарган. Бу иш юзасидан, шунингдек, Ню Йоркдаги машҳур рассомчилик галереясининг эгаси Ҳелли Наҳмад ҳам жавобгарликка тортилди: у Ню Йоркда машҳур спортчилар, Ҳолливуд актёрлари ва Уолл-стрит молиячилари иштирокида ноқонуний покер ўйинларини ташкиллаштиришда айбланмоқда.

Бу иш юзасидан сиртдан айбланаётган Олимжон Тўхтаохуновнинг айби ўз исботини топса, у 90 йиллик қамоқ жазоси ва 1,75 миллион доллар жаримага тортилиши мумкин. Бироқ, Россия ўз фуқароларини бошқа мамлакатларга бериб юбормаслиги Конституцияда кафолатланган.

Суҳбатимиз сўнггида, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Олимжон Тўхтаохунов бу иш кейинги шов-шувгача секин-аста босди-босди қилиб юборилишини айтади.

- Мен ишонаманки, уларни эртага қўйиб юборишади. Гаров эвазигами, бошқасигами – қўйиб юборади, чунки шов-шув ўтди. Уларга айнан шу навбатдаги ғала-ғовур керак эди. Мана кузатиб туринг – албатта қўйиб юборишади уларни, дейди ўзига АҚШ прокуратураси томонидан қўйилган барча айбловларни Озодлик билан суҳбатда рад этган Олимжон Тўхтаохунов.

*********

Олимжон Тўхтаохунов 1949 йилда Тошкентда туғилган. Ёшликда “Пахтакор” футбол жамоаси дублида ўйнаган. Ўша йиллари машҳур “алюминий қироли” Михаил Черной ва Россия теннис бўйича терма жамоаси бошлиғи Шамил Тарпишчевлар билан танишган.

Собиқ Совет Иттифоқининг энг машҳур қиморбозларидан бўлган. “Россия футбол жамғармаси” президенти, ҳозирда ёпилиб кетган “Метропол”, “Европа”, “Осиё” казинолари хўжайини.

1999 йилда ҳомийлик ишлари учун “Муқаддас Константин ордени” рицари унвонига сазовор бўлган.

Кўплаб Россия шоу-бизнеси вакиллари – Иосиф Кобзон, Алла Пугачева, София Ротару, Никита Михалков, Дарья Донцова ва бошқалар билан дўстлашган.

Форбс жиноятчилар рўйхатида бешинчи ўринга қўйилган. АҚШ ФТБси томонидан қидирилаётган ўнта “энг хавфли жиноятчилар” қаторидан ўрин олган.

Уйланган, тўрт нафар фарзанднинг отаси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG