Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

Европа Иттифоқи Сербия билан аъзолик музокаралари бошлашни тавсия қилди


Сербия Бош вазири Ивича Дачич (ч), ЕИ Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон ва Косово Бош вазирлари Хашим Тачи (ў), Брюссел ш., 2013 йил 19 апрел.
Сербия Бош вазири Ивича Дачич (ч), ЕИ Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон ва Косово Бош вазирлари Хашим Тачи (ў), Брюссел ш., 2013 йил 19 апрел.

Сербия ҳукумати Европа Иттифоқи воситачилигида Сербиянинг собиқ минтақаси Косово билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича имзоланган шартномани кўпчилик овоз билан маъқуллади. Европа Иттифоқи расмийлари буни олқишлаб, Сербиянинг иттифоққа истиқболдаги аъзолиги масаласи бўйича музокаралар бошлашни тавсия қилди.



Сербия ҳукумати Европа Иттифоқи (ЕИ) воситачилигида Косово билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича имзолаган шартнома Косовонинг шимолий қисмида аҳолининг кўпчилигини ташкил қиладиган серблар минтақани назорат қилиши ва бошқаришига имконият яратади.

Бунинг эвазига Косовода этник озчилик ҳисобланган серблар Косовонинг марказий ҳукуматини тан олади.

Сербия ҳукумати матбуот котиби Миливойе Михайловичга кўра, ҳукумат аъзолари шартномани бир овоздан маъқуллаган.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон воситачилигида эришилган шартнома жума куни Брюсселда Сербия ва Косово Бош вазирлари Ивича Дачич ва Хашим Тачи томонидан имзолаган эди.

Сербия парламенти бу масалани шу ҳафта ўтказиладиган махсус сессияда муҳокама қилишни режалаган.

Сербиядаги Прогрессив партия лидери ва Бош вазир ўринбосари Александр Вучич шартнома бўйича умумхалқ референдуми ўтказилиши мумкинлигини билдирган.

Якшанба куни кечқурун Косово парламенти ҳам Сербия билан имзоланган шартномани кўпчилик овоз билан маъқуллаган. Парламентнинг 89 аъзоси келишув учун овоз берди, 5 депутат унга қарши чиқди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Сербиянинг Косово билан эришилган шартномани маълуллаганини олқишлади.

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашиш учун душанба куни Люксембург шаҳрига келган Нидерландия Ташқи ишлар вазири Франс Тиммерманс Сербия ва Косово ўртасида эришилган келишувни "тарихий шартнома" деб атади.

- Мен икки томонни ва ЕИнинг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштонни табрикламоқчиман. Мен буни тарихий шартнома деб ҳисоблайман. Бу Болқон минтақасида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлида олдинга ташланган яна бир қадамдир,- дея таъкидлади Франс Тиммерманс.

Душанба куни Люксембургда сўзлаган Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт журналистларга шартномани амалга кўчириш осон кечмаслигини урғулади.

- Менимча, бу жуда яхши шартнома. Уни тўлиқ амалга ошириш осон бўлмайди. Менимча, узил-кесил қарор қабул қилинди ва энди ортга қайтишга йўл йўқ,- дея муносабат билдирди Карл Билдт.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле ҳам Сербия ва Косово ўртасидаги келишувни олқишлаб, бундай деди.

- Биз Сербия ва Косово ўртасида эришилган шартнома тезроқ амалга оширилишини хоҳлаймиз. Бизнинг нуқтаи назаримиздан бу жуда муҳим,- дея таъкидлади Гуидо Ветервелле.

Европа Иттифоқи кенгаши Сербиянинг 27 давлат аъзо бўлган иттифоққа қўшилиши хусусида музокаралар бошлаш кераклигини тавсия қилди.

Душанба куни Европа Комиссияси Сербия билан аъзолик бўйича музокаралар бошлаш масаласи ҳозирда кўриб чиқилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG