Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:51

Қирғизистонда ўзбек тилидаги матбуот истиқболи қандай?


Uzbekistan - Uzbek journalists in Kyrgyzstan
Uzbekistan - Uzbek journalists in Kyrgyzstan

2010 йил Ўш воқеаларидан кейин Кирғизстонда кескин озайиб кетган ўзбекча нашрлар вақт ўтган сайин яна жонлана бошлади. Аммо уларнинг баъзилари ҳалқаро ташкилотлар берган грант асосида чиқаётгани боис, қирғизстонлик ўзбеклар орасидаги ахборот бўшлиғини тўлдириш муаммоси ҳал бўлди, дейишга эрта, демоқда мутахассислар. Қолаверса, ўзбекларни маҳаллий оммавий ахборот воситаларига қизиқтириш учун ўзбек тилидаги медиа-ташкилотларни кўпайтириш шарт эмас, деган фикрдагилар ҳам бор.



Қирғизстонда яшаётган ўзбекларнинг кўпчилиги янгиликларни асосан хориж оммавий ахборот воситаларидан олишади. Миллий медиага интеллигенция вакилларигина эътибор қилмаса, оддий фуқаролар асосан Ўзбекистонинг телерадиоканалларини кўришади ва тинглашади. Улар бунинг сабабини маҳаллий каналлар ошкора сиёсатлашиб кетгани, кўнгилочар кўрсатув ва эшиттиришлар камлиги билан тушиндирадилар.

Ўш шаҳрига яқин Аравон қишлоғида яшовчи блогер Иқбол Исоқовнинг айтишича, Кирғизстонда яшайдиган бошқа этносларни қизиқтирадиган дастурларнинг озлиги қирғиз медиасига бўлган қизиқишни ҳам сусайтирмоқда:

- Бунда иккита муаммо бор. Биринчидан, маҳаллй медиа кўтариб чиқаётган масалаларда ўзбек жамиятининг муаммолари кўпчинча ҳисобга олинмайди. Уларнинг яшаш тарзи, кундалик эҳтиёжлари айтилмайди. Иккинчидан, тил масаласи ҳам муаммо яратади. Кирғиз ва ўзбек тиллари орасида унчалик катта фарқ блўмаса ҳам, тилни тушунишда чегара бор. Шунинг ҳисобига маълумотни тўлиқ ола олмайди, деб ўйлайман,- дейди блогер.

Эфирининг асосий қисми ўзбекча бўлган "ЎшТВ" ва "МезонТВ" каби телеканаллар 2010 йил июнидаги Ўш воқеаларидан кейин тўлалигича қирғизчалаштирилган. "ЎшТВ" номини ўзгартирмаган. Лекин "МезонТВ" номи "БашатТВ"га ўзгартирилган. Матбуот соҳаси мутахассисларига кўра, бу алмашув ўзбекларнинг маҳаллий каналлардан олислашига туртки бўлди.

Айни дамда, Ўш шаҳрида "Ўш садоси", Жалолобод шаҳрида "Жалолобод тонги", Аравон туманида "Дўстлик" номли давлат нашрлари ўзбек тилида чоп этилади. "Ош шами" номли шаҳар газетасининг икки саҳифаси узбекча. Мактаб ўқувчилари учун чиқадиган "Данек" газетаси ҳам ўзбекча ёзилган мақолаларга ўрин беради.
Аввал қирғизча чиқиб келган "Аалам" газетаси бир йилдан бери "Олам" номли ўзбекча нашрга айланган. Бу газеталар Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларидаги ўзбеклар ўқувчилари орасида тарқатилади.

Марҳум журналист Алишер Соиповнинг укаси Шоҳруҳ Соипов ўтган йилдан бери Кирғизстонга таалуқли Интернетда эълон қилинган муҳим мақолаларни ўзбекчага таржима қилиб, "Дайжест" номли нашрда чоп этади.

2012 йилнинг март ойидан Қирғизистон ҳукумати ва Интерньюс ҳалқаро медиаташкилотининг биргаликдаги лойиҳаси – “Интимақ” радиоси ўзбек ва қирғиз тилида эфирга чиқмоқда. Жорий йилнинг бошидан “Интимақ” телеканали ҳам икки тилда кўрсатила бошлади.

Кўп йиллик тажрибага эга журналист ва медиа-эксперт Бақит Ибраимовнинг фикрига кўра, юқорида санаб ўтилган оммавий ахборот воситалари иш юргизиб келаётгани билан, улар қирғизстонлик ўзбекларни ўзига жалб эта олмаяпти:

- Сабаби, кўрсатув ва эшиттиришларда, мақолаларда бошқа этносларнинг, шу қаторда ўзбекларнинг ҳақиқий ҳаёти акс эттирилмаяпти. Бўлса ҳам, тўлиқ эмас. Менимча, қирғизча телерадиоканаллар орқали ўлкамизда яшаётган бошқа этносларнинг урф-одатларини, маданиятини, бугунги ҳаётини кўрсатиб бера олсак, шунда улар орасида маҳаллий оммавий ахборот воситаларига бўлган қизиқиш ҳам ортарди, дейди мутахассис.

Шунингдек Бақит Ибраимовнинг таъкидлашича, баъзи ўзбекча ахборот воситалари грант ҳисобидан кун кўраётгани боис, улар ўзбек жамоати учун доимий ахборот манбаси бўлиб қолдаи, деб ўйламаслик керак:

- “Интимақ” телерадиоканалини ёки мактаб ўқувчиларининг “Данек” газетасини олайлик. Булар грант асосида чиқяпти. Лойиҳага ажратилган пул тугагач, улар ишини давом эттириб кетадими ёки йўқми, бу аниқ эмас. Менинг фикримча, қирғизстонлик ўзбеклар орасидаги маълумот бўшлиғи вақтинча тўлдириляпти холос,- дейди суҳбатдошимиз.

Унинг фикрича, мамлакатдаги воқеалар ҳақида ўз тилида хабардор бўлиш - ўша ўлканинг турмушига фаол аралашишга туртки бўлади.

Кирғизстондаги бошқа этносларни, шу қатори ўзбек жамоатчилигини маҳаллий ахборот воситаларига жалб этиш учун воқеаларни сўзсиз уларнинг тилида баён қилиш шарт эмас, деган фикрни илгари сурувчилар ҳам бор. "Youth of Osh" ("Ўш ёшлари") ташкилоти вакили Акмарал Сатинбаева шундайлардан бири:

- Асосийси, телерадиоканаллардаги баёнлар, газеталардаги мақолалар барчага қизиқарли бўлиши керак. Журналист қай бир гуруҳ ёки қай бир томоннинг манфаатини кўзламаслиги лозим. Агар мақола давлатдаги ҳар бир фуқарога қизиқ бўлса, таъсир қолдирса, миллатига қарамай ҳамма ўқийди, эшитади ва кўради. Ҳар бир этносга ўз тилида баён қилиш шарт эмас. Бошқа тилларда чиқувчи ахборот воситаларига қарши эмасман, лекин уларнинг ҳар бирида Қирғизстоннинг манфаати кўзланиши лозим,- дейди Акмарал Сатинбаева.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Камчибек Ташиевга таалуқли “7-канал” ҳамда “ЎшТВ” телеканалларида кунига бир маротаба янгиликларни ўзбек тилида чиқаришга тайёргарлик кўрилаётганини ўтган йили маълум қилинган. Ҳозирча бу режа амалга кўчганича йўқ.
XS
SM
MD
LG