Линклар

Тошкент вилояти Қибрай тумани Ўнқўрғон қишлоғи “Обод” маҳалласи аҳли Абдусаттор Ваҳобовнинг уйига ўғирликка тушган шахсни ушлаб жазолади. Айни ҳолат кейинги пайтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида кузатилаётган криминал ҳодисалар кўлами ошаётгани боис аҳоли орасида ваҳима ва ғазабланишнинг кучайишига оид ҳолатлардан биридир холос.


“Ўғри билан ёқалашдик”

Воқеа жорий йилнинг 6 апрел куни эрталаб соат 10лар атрофида рўй берган.

46 яшар Абдусаттор Ваҳобов Озодлик билан суҳбатда, ўғирликда гумонланган шахснинг қандай вазиятда қўлга олингани ҳақида гапириб берди.

- Эрталаб соат еттидан кейин чиқиб кетганмиз. Боламни боғчага, аёлимни ишга ташлаб, соат 9дан ошганда мен уйга келганман. Уйга келиб эшикни очсам, шу биттаси югуриб қолди. Жуда бақувват бола экан. Бунақа нарсаларни билган. Кимдир кириб қолса ураман, деб нарсаларни тайëрлаб қўйган. Ушлаб қолиш ҳаракатида “тўхта” деганимни биламан, бир урди. Сал тегди бошимга. Икки урди, қўлимга тегди. Учинчи урганда, мен ҳам ташландимда унга... тўғрисини айтаман бир-биримизни ўша ерда уриш бўлди. Силовой уриш. Кичкина чиябўри ҳам шернинг қафасида тирик қолай, чиқиб кетай деб ириллаганини кўрганмисиз кинода? Худди шунақа қилиб у ҳам ташланди менга. Жуда бўлмаса у ер, бу еримни тишлаб қочиб кетаман деб. Ана ўша маҳалда қўлидаги билан у ëққа бу ëққа махат қилиб туриб битта урганда мени ағдарди, дейди Ваҳобов.

Шундан кейин Абдусаттор Ваҳобов қўшниларни ёрдамга чақирган.

- Бошимни ëрган, ўзимни зўрға ушлаб қолганман. Бошимнинг ëрилганлари кетмаган, мана 15-16 кун бўлди ҳалиям бошимда ëриқлар турибди. Қўлимнинг синган жойлари бор... Қўни-қўшнимга ëтган жойимда бақирдим. Зоир ака деб бақирдим ëтган жойимда. Яхши қўшниларим уйида экан. Мен ўзимни уйдан эплаб чиққунимча қўшнимнинг боласи қабристон томонга қочди у одам, кўрдик уйдан чиқиб, деди. Ўша югурганча кетаверганман пешонамдан қонни оқизиб, дея эслайди Ваҳобов.

Абдусаттор аканинг айтишича, соғлиги ҳануз ўнгланмагани учун шифохонага ётишга мажбур бўлган.

Озодлик мухбирининг Абдусаттор ака билан телефон орқали суҳбати ҳам у шифохонада пайти бўлиб ўтди.

“Ўғрини машинада судраб келдим”

Суҳбатдошга кўра, ўғирликда гумонланган шахс қўшнилар ёрдамида ушлангач, уни қўлини боғлаб, машинада уйга олиб келишган.

- Қўни-қўшни билан 4-5 киши бўлиб ушладик, ҳўв, Гулистоннинг йўлида. 20-30та халқ бўлган камида. Машинага солиб олиб келганмиз. Ҳақиқатан тўғрисини айтаман, қўлини каноп ип билан боғлаб олиб келганман. Ярим йўлгача машинанинг ичида келди. Қарасам, сув ичиб олай деяпти. Ўлиб қолмасин, сув ичиб олсин, дедик. Ҳансираб ëтибди. Сув ичақол десам қочишга ҳаракат қилди. Ана ундан кейин машинага ўтқазмадим. Битта қўлим билан ушлаб олиб кейин уни машинада судраб келдим.

Озодлик: Машинада судраганда у юриб келдими ëки ëтиб судралган ҳолдами?

- Мен ҳам бирга келдимку. Бирга юриб келдимку. Машинани мен ҳайдамадим. Мен у билан бирга юриб келдим. Нарсамиди уни машинада судрайсиз. Машинага ўтирмагандан кейин мен ҳам бирга юриб келдимку. Қочишга ҳаракат қилган одамни бошимда кўтариб келмайманку, дейди суҳбатдош.

“Бизни уни қийнашда айблашмоқда”

Ваҳобовнинг айтишича, ҳозирда Қибрай милицияси уни ўғирликда гумонланган шахсни уриш ва шафқатсиз қийнашда айбламоқда.

- Қочаëтганда қабристонда ушладик уни. Нимага урдинг? Минг қочиб кетса ҳам, уриб ўлдириб кетса ҳам уларга қонун-қоида бор эди. Қонун-қоидага кўра сенинг ҳаққинг йўқ эди. Ўша ерда сенлар уни нимага судраб келдинг. Сен қийнагансан уни, ҳаққинг йўқ эди, тўғри олиб келиб бизларга топширишинг керак эди. Урса ҳам, уриб ўлдириб кетса ҳам уни ушлаб уриш сенга қонунда йўқ. Бизлар қонунни кўрамиз, деб булар шунақа дейишаяпти, дейди Абдусаттор Ваҳобов.

“Ҳамма айбни бўйнимга оламан”

Абдусаттор Ваҳобовнинг айтишича, воқеа бўйича қўшниларини ҳам милиция бўлимига бир неча марта чақириб сўроққа тутгач, барча “айб”ни бўйнига олишга қарор қилган.

- Мани айбим ўғрини ушлаганим. Уни милицияга топширмасдан қўйиб юборишим керак экан. Энди қўшниларни ҳам тинч қўйишмаяпти. Ман ҳаммасини битта ўзим қилдим, деб бўйнимга оламан. Кеча “Ман эдим у ерда, ҳеч ким йўқ эди. Бир ўзим қилдим барчасини”, деб келдим, дейди Абдусаттор Ваҳобов.

“Қаҳрамонни жиноятчига чиқаришди”

Озодлик суҳбатлашган ободликлар ўғирликка тушган шахсни ушланганини олқишлайди.

“Шу пайтгача маҳалламизда тўққизта ўғирлик бўлган. Тўққизтаси ҳам очилмаган. Ваҳобов яхши иш қилди. Лекин бир ёмон томони ўғрини ушлаб, қаҳрамон бўлиши керак бўлган одамни жиноятчига чиқариб қўйишди. Бу адолатсизлик”, дейди “Обод” маҳалласи фаолларидан бири.

Қибрай туман ички ишлар бўлимидан ушбу воқеа бўйича бирор маълумот олиш имкони бўлмади.



Ўғирликка тушган шахсларни ушлаб, суд ҳукмисиз фуқароларнинг ўзи жазолаш воқеаси бўйича бошқа ҳолатлар ҳам Озодликка маълум.

Кейинги пайтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида аҳоли криминал ҳодисалар кўлами ошаётганидан ваҳимага тушмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги олти ой мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони йигирмадан ошган.

Айни пайтда Тошкент милицияси уч йигитдан иборат педофиллар гуруҳини қидирмоқда. Педофиллар пойтахтда ёш болаларни ўғирлаб, зўрлагани ва айрим ҳолатларда ўлдиргани айтилаяпти.

Тошкент милицияси маълумотига кўра, кейинги олти ой мобайнида жиноятчиларни қидириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли қидириш ишлари самара бермаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG