Линклар

logo-print

Давлат департаменти: Ўшда ўзбеклар ҳануз камситилмоқда


Ўшнинг Тахти Сулаймон тоғидан кўриниши

Ўшнинг Тахти Сулаймон тоғидан кўриниши

АҚШ Давлат департаментига кўра, Қирғизистон жанубида сақланиб қолаётган этник таранглик, шунингдек, “барча демографик гуруҳларга ва айниқса, этник ўзбекларга нисбатан шафқатсизларча муносабат, қийноқлар ва тамагирлик бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим муаммолар бўлиб қолмоқда.

Бу таъриф АҚШ Давлат департаментининг дунё давлатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ 2012 йилги ҳисоботнинг Қирғиз Республикасига оид қисмида келтирилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтонда жума куни тақдим ҳисоботда маҳаллий ўзбекларнинг 2010 йил, июн воқеаларидан кейинги аҳволи атрофлича ўрганилган. Хусусан ҳужжатнинг “Миллий, ирқий ва этник озчиликлар”, деб номланган бандида мана бу баҳо мавжуд:

“Ўш аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилувчи этник ўзбеклар билан этник қирғизлар ўртасидаги этнослараро муносабатлар таранг ва муаммоли қолмоқда. Вазият хавфсизлик хизматлари ходимлари томонидан этник ўзбекларни ўзбошимчалик билан қўлга олиш, ҳибсда ушлаш, қийноққа солиш ва пул ундириш билан характерланмоқда. Этник ўзбеклар Ўш ва Жалолободда иш топишда, хусусан, ҳукумат томонидан камситилмоқда. Ўзбекларга қарашли корхоналар ва мулкларнинг тортиб олингани тўғрисида кўплаб маълумотлар мавжуд”, дейилган ҳисоботда.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига маҳаллий нодавлат ташкилотларидан олинган маълумотлар ҳам асос бўлган. Хусусан, “Қилим шами” ташкилотининг хабар қилишича, Ўш вилояти, Новқат туманидаги ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган 20 мактабнинг 7 тасида таълим қирғиз тилига кўчирилган.

Ташкилотга кўра, бу мактаблар ўқитувчилари ишдан бўшатилгани йўқ, лекин улар дарсларни қирғиз тилида ўтишга ҳам ўргатилмаган.

“Натижада 3200 нафардан этник ўзбек болалар ўз она тилида билим ололмай қолган”, дейилган ҳисоботда.

Ўш қирғинининг икки йиллига арафасида Қирғизистон президентининг расмий сайтида фожеа юзасидан эълон қилинган маълумотларда мана бундай рақамлар мавжуд эди.

2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари (70%) ўзбек, 123 нафари (29,2%) қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 киши қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакиллари.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG