Линклар

АҚШ Адлия департаменти Бостон марафони чоғида портлаш содир этганликда гумонланиб қўлга олинган Жоҳар Царнаевга оммавий қирғин қуролини ишлатганлик айбини қўйилганини маълум қилди.

Агар айби исботланса, 19 ёшли Царнаев ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Адлия департаментининг душанба куни эълон қилган баёнотида айтилишича, Жоҳар Царнаев кучли портловчи моддалар ёрдамида бошқаларнинг мулкига атайин зиён етказганликда ҳам айбланмоқда.

Аввалроқ хабар берганимиздек, ҳибсга олиш амалиётида жароҳат олган Жоҳар Царнаев айни дамда оғир аҳволда Бостон касалхоналарининг бирида сақланмоқда.

Жоҳар ва унинг акаси Темирлан Царнаевлар 15 апрел куни Бостонда икки портлаш уюштирганликда айбланмоқда. Портлашларда 3 киши, жумладан, 8 ёшли болакай ҳалок бўлган, 173 киши жароҳат олган эди.

Темирлан Царнаев ўша куни полиция таъқибидан қочиб бораётган чоғида ўлдирилган.

Душанба куни Бостон ва Массачуссетс штатидаги қатор шаҳарларда портлашлар қурбонлари бир дақиқалик сукут билан хотирланди.
XS
SM
MD
LG