Линклар

logo-print

Марказий Осиёнинг энг репрессив режимлари сифатида кўриладиган Ўзбекистон ва Туркманистондаги бугунги аҳвол Женевадаги БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида муҳокама этилиши кутилмоқда.



Йиғин арафасида Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТга мурожаат этиб ҳар икки мамлакатдаги қатағонларни қоралаб, инсонларга нисбатан ҳақсизликларни тўхтатиш борасида конкрет қадамларни қўйишга чақирди.

- АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва бошқа халқаро муассасалар Ўзбекистонга бу йил кўпроқ босим ўтказиб, у ердаги ҳақсизликларга чек қўймоғи керак,- дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда.

Ҳюман Райтс Уотч БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Ўзбекистон ва Туркманистондаги вазиятни муҳокама қилиши муносабати билан бу мамлакатларга оид махсус ҳисоботни эълон қилиб, йиғинда муҳокама қилиш учун тақдим қилди. Унда жумладан халқаро кузатув гуруҳларининг ҳар икки мамлакатга киритилишига эришиш лозимлиги таъкидланади.

Ташкилотга кўра, ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг 11 нафар маърузачиси, Туркманистон эса 10 нафар маързачисини мамлакатга киришига рухсат бермаган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг таъкидича, Ўзбекистонда мустақил фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан таъқиблар, сўз эркинлигига чекловлар, ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларнинг сохта айбловлар билан қамоққа ташланиши халқаро ҳамжамият эътибор қаратиши керак бўлган яна бир хавотирли нуқтадир.

БМТ Ўзбекистондаги вазиятни мухокама этиши арафасида таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов 14 йиллик жазони ўтаб бўлиши ортидан жума куни озод этилди.

- Бир махбуснинг озод этилиши Ўзбекистондаги аҳвол яхшиланганини англатмайди. Халқаро ҳамжамият ўзбек ҳукуматидан барча сиёсий махбусларни озод этишни талаб этмоғи керак. Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбусларни озод этибгина қолмай, уларнинг қамоққа ташланиши бошидан ноқонуний бўлганини ҳам тан олиши ва уларнинг аввалги фаолиятини давом эттиришларига рухсат бериши керак,- дейди Свердлов.

Ҳюман Райтс Уотч БМТга мурожаатида Ўзбекистонда Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг қамоқхоналарга ташрифлари бекор бўлиши, болалар меҳнати ва Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассисларининг бу мамлакатга киритилиши билан боғлиқ муаммоларга ҳам диққат қаратишга чақирди.

Шу ой ўрталарида Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларига ташрифларни тўхтатганини эълон қилган эди.

Йиллик пахта йиғим-терим мавсумида мунтазам равишда мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланилиши ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистонга қўйилмаяпти.

Женевадаги мухокамалар арафасида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳам БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши раҳбари Нави Пиллэйга мурожаат йўллаб, Ўзбекистондаги режимни қоралашни ва инсон ҳуқуқларини яхшилашга қаратилган тадбирлар олишини сўради.
XS
SM
MD
LG