Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:10

Петербург муҳожири рус тилини ўрганишга ошиқмаётир


Санкт Петербург расмий идоралари чиқарган “Меҳнат муҳожири маълумотномаси”да муҳожирлар иш қуроллари қиёфасида тасвирлангани жанжалга сабаб бўлган эди.
Санкт Петербург расмий идоралари чиқарган “Меҳнат муҳожири маълумотномаси”да муҳожирлар иш қуроллари қиёфасида тасвирлангани жанжалга сабаб бўлган эди.

Санкт Петербургдаги Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш жамғармаси ходимлари рус тилини ўқитиш бўйича ташкил этилган дарсларга деярли ҳеч ким келмаётганидан таассуф билдирмоқда. Муҳожирлар эса буни рус тилини ўрганишга вақтлари йўқлиги ва бепул дарслар ҳақида эшитмаганликларига йўймоқда.



Россияда 2012 йилнинг 1 декабридан кучга кирган қонунга биноан мигрантлар ишга рухсатнома олиш учун рус тилидан махсус имтиҳон топширишлари зарур. Бунга қўшимча қилиб, Россия Таълим ва фан вазирлиги Россияда меҳнат қилишни истаган ҳар бир муҳожир рус тилида камида 850 калимани билиши кераклиги тўғрисида талабларни эълон қилди.

Муҳожир рус тилида ўқиш, содда матн мазмунини тушуниш ва оддий маиший диалогларда иштирок эта олиши зарурлиги уқтирилган.

Лекин, Россия ҳукумати томонидан рус тилини ўрганишга бўлган талаб ошиб бораётганига қарамасдан, меҳнат муҳожирлари бир қарашда уни ўзлаштиришга шошилмаётир.

Санкт Петербургда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш жамғармаси томонидан махсус ташкиллаштирилган рус тили дарсларига ҳеч ким қатнашмаяпти.

Бу масала юзасидан тарқатилган хабарномада жамғарма раиси ва таъсисчиси Игор Белоусов рус тилини ўқитиш курслари ўтилиши учун ҳамма нарса тайёр – фақат ўқувчилар йўқлигини маълум қилди.

“Мен рус тилини ўрганиш маҳаллий одамларга ҳурмат белгиси эканига меҳмонларимизнинг эътиборини бир неча маротаба қаратганман. Биз ўзбек ишчиларига дарсларни ташкиллаштирдик, ўзбек тилида дарс бера оладиган малакали ўқитувчиларни танлаб олдик, ўқув дастурларини ишлаб чиқдик. Бунинг барчаси бепул. Ишчиларим бу курслар ҳақида шаҳар бўйлаб эълонларни тарқатиб чиқди. Бироқ, ҳозир бизда энг асосийси – ўқувчиларнинг ўзи йўқ”, деб ёзади тадбиркор Игор Белоусов.

Аниқланишича, бепул машғулотлар Жамғарма томонидан Петербургда 2013 йилнинг феврал ойидан ташкил этилган.

Муҳожирларга ёрдам бериш учун Россиянинг шимолий пойтахтида тузилган жамғарма ходимлари ўзбек мигрантлари рус тили дарсларига қатнамаётгани сабабларини ўрганиб, кундуз куни ўтилаётган машғулотлар вақти мигрантларга тўғри келмаётганини аниқлади, дейди Озодликка Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш жамғармаси раиси муовини Марина Мелник.

- Муҳожирлар бизга билдирган асосий сабаб – уларга дарсларнинг ўтилаётган вақти тўғри келмаслиги. Уларнинг асосий қисми кечки 8-9 ларгача, масалан, қурилишларда ишлайди. Шу сабабли машғулотлар 9-10 да бошланиши керак. Дасрлар учун хоналарни тақдим этишга тайёр бўлган жамоатчилик муассасалари эса ўзоғи билан 8 да ёпилади. Шу сабабли ҳозир бу масала юзасидан бизга ёрдам беришни хоҳлаётган фаолларни, ташкилотларни қидиряпмиз. Ҳозирда асосий масала уларга қулай бўлган ўқув жадвалини яратиб бериш, дейди Марина Мелник.

Санкт-Петербург шаҳар маъмурияти томонидан ҳам уюштирилган бундай ташаббуслар натижа бермагани маълум бўлди. Ўтган йилнинг ёзида Петербург маъмурияти мигрантларга шаҳар тарихини ўргатиш бўича 20 кишилик икки гуруҳ ташкил этиб, бу лойиҳага 320 минг рубл ажратган. Расмийлар 12 машғулотдан иборат бу курснинг ҳатто битта гуруҳига одам тўплана олмаганини маълум қилди.

Петербург раҳбариятининг “Меҳнат муҳожири маълумотномаси”ни тузиш бўйича ташаббуси эса катта сиёсий-ижтимоий жанжални келтириб чиқаргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Кузатувчилар мигрантларнинг бу машғулотларга қатнамаслигини бир неча сабабларга боғламоқда.

Айрим маълумотларга кўра, 167 минг кишилик расмий ишлашга берилган квотадан ташқари Петербургда бир миллионга яқин ноқонуний меҳнат муҳожири яшаб келмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган Акбаржон ҳар қайси ноқонуний ўзбек муҳожири Петербургда бундай тадбирларга қатнашишга журъат эта олмаслигини гапиради. Шунга қарамасдан Санкт-Петербург мигрантларида рус тилини ўрганишга иштиёқ катта, дейди у.

- Мени танишларим ичидан ҳам таклиф қилишди – бориб ўқисак, деб. Шаҳарнинг бир нечта жойида очилганлиги тўғрисида тарқалди бу хабар. Менимча, ватандошларимизнинг бунга саёзроқ қараётгани кўпчиликнинг бундан хабари йўқлигида деб биламан. Агарда мана шу ўқишнинг ташкил қилингани, бепуллигига эътибор қаратилса ўқувчилар ниҳоятда кўп, деб ўйлайман, дейди Акбаржон.

Муҳожирнинг сўзларига кўра, рус тилини ўрганишга қизиқувчилар муҳожирлар орасида жуда кўп, лекин улар иш жойидаги тор жамоада яшаб, атрофда нима бўлаётганидан бехабарлигича қолмоқда.

- Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган ёшлардан 70 фоизи рус тилини яхши билмайди. Бу жуда катта кўрсаткич! Улар бир кунда 12 соат ишлашга мажбур. Фақат айримларида ҳафтасига бир кун дам олиш имконияти бор. Мен билганларнинг кўпчилиги якшанба куни дам олади. Кўпчиликнинг 9 дан 9 гача, кимдир кундузи - кимдир кечаси ишлайди. Руслар каби 8 соатлик ишлайдиганлар ҳам бор. Масалан, 9 дан кечки 6 гача ишлайдиганлар усиз ҳам рус тилини яхши билишади. Рус тилига муҳтож бўлганларнинг эса иш вақти, иш шароити тўғри келмайди. Улар мажбур 700-800 рублга 12 соатлаб ишлашга, дейди Акбаржон.

Жорий йилнинг апрелида Дума биринчи ўқишда қабул қилган қонунга кўра, Россияга ишлашга келаётган меҳнат муҳожирлари 2015 йилнинг 1 январидан рус тилидан топшириладиган имтиҳондан ташқари Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги асослари бўйича билимлари синалади.

5 минг рубл турадиган бу “хизмат тури” йиллик ишчи визаси, Россияда вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олиш ва визасиз Россияга кириб келаётган муҳожирлар ишга рухсатнома олишда қўлланилади. Бу имтиҳонларни эсон-омон топширганлик тўғрисидаги сертификат 5 йил муддатга амал қилиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG