Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:35

Жоҳар Царнаевга айблов эълон қилинди


Бостон марафонидаги портлашларни содир этганликда гумонланаётган Жоҳар Царнаев.
Бостон марафонидаги портлашларни содир этганликда гумонланаётган Жоҳар Царнаев.

АҚШнинг Бостон шаҳридаги марафонда портлаш содир этганликда гумонланиб қўлга олинган Жоҳар Царнаевга қатор жиноятлар, жумладан, оммавий қирғин қуролини ишлатганлик айби эълон қилинди. Агар айбдор деб топилса, 19 ёшли Жоҳар Царнаев умрбод қамоқ жазоси ёки олий жазога ҳукм қилиниши мумкин.



АҚШ Адлия департаменти расмийлари айбловни душанба куни Жоҳар Царнаев оғир аҳволда ётган Бостон шаҳридаги касалхонада ўқиб эшиттирди.

Расмийларнинг маълум қилишича, 19 ёшли айбланувчи билан ўтказилган дастлабки сўроқ жараёнида ака-ука Тамерлан ва Жоҳар Царнаевлар портлашни диний асосда амалга оширгани, лекин уларнинг исломчи террор ташкилотларига алоқаси бўлмагани аниқланган.

Жоҳар ва Тамерлан Царнаевлар 15 апрел куни Бостондаги марафон пайтида иккита портлаш уюштирганликда айбланмоқда. Портлашлар оқибатида 3 киши, жумладан, 8 ёшли бола нобуд бўлган, 200 га яқин одам жароҳат олган эди.

26 ёшли Тамерлан Царнаев жума куни полиция билан бўлган отишмада ўлдирилганидан кейин Жоҳар Царнаев қўлга олинган.

Вашингтонда Оқ Уй матбуот котиби Жей Карни Царнаев фуқаролик судида жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

- У душман жангчиси сифатида суд қилинмайди. Биз бу террорчини фуқаролик адлия тизимимиз орқали суд қиламиз. АҚШ қонунларига мувофиқ фуқаролар ҳарбий комиссиялар томонидан суд қилинмайди. Эслатиш жоизки, 2001 йил сентябр воқеаларидан кейин биз юзлаб террорчига айблов эълон қилиш ва уларни озодликдан маҳрум қилишда федерал суд тизимимиздан фойдаландик, дея баён қилди Оқ Уй расмийси.

АҚШ Конгрессидаги айрим республикачилар Царнаевни душман жангчиси деб эълон қилишга чақириб келмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, бу гумондор шахсни сўроқ қилишда терговчиларга кўпроқ эркинлик беради.

Душанба куни Массачуссетс штатидаги Бостон ва бошқа шаҳарларда портлашлар қурбонлари бир дақиқалик сукут билан хотирланди.

Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама ҳам бир дақиқалик сукут сақлаб қурбонлар хотирасини ёд этди.

Бостон марафонидаги портлашларда ҳалок бўлган 29 яшар Кристл Кэмпбел 22 апрел куни дафн қилинди. Маросимда юзлаб одам қатнашди.

Айни пайтда, Россиянинг Доғистон Республикасида Тамерланниг онаси Зубайдат Царнаева катта ўғли полиция билан тўқнашувда отиб ўлдирилишидан олдин у билан телефон орқали сўзлашганини маълум қилди.

Забайдат Царнаева АҚШдаги ABC News телеканалига берган интервюсида Тамерлан: “Полиция, улар бизга ўқ уза бошлади, улар бизни қувяпти”, деганини айтган.

Телефон алоқаси узилиб қолишидан олдин Тамерлан онасига укаси ўзи билан бирга эканини ва онасини яхши кўришини айтган.

Эр-хотин Зубайдат ва Анзор Царнаевлар ўғиллари айбсиз эканини ва улар фитна қурбони бўлганларини таъкидламоқда.

Тамерлар ва Жоҳар қатнаган Бостон шаҳридаги Исломий марказ аъзолари ака-ука радикал қарашда бўлганига ишоралар бўлмаганини айтмоқда.

Душанба куни Бостондаги Исломий марказ раҳбари Николле Муссалам оқсоқоллар ва жамият аъзолари жамоадан Царнаевлар ҳақида билган ҳар қандай маълумотни расмийларга тақдим қилишни сўраганларини айтди.

Муссаламга кўра, шу пайтгача йиғилган маълумотларда ака-ука радикал йўлда бўлганига ишора қилувчи маълумотлар бўлмаган.

- Аслида, ака-укалар жамоамизга баъзан намоз ўқиш, Жума намозини ўқиш учун келишган. Аввал айтиб ўтганимиздек, шу пайтгача олинган маълумотларга кўра, укаси бу ерга фақат бир марта келган. Биз уларнинг жамоатчилик билан яна қандай алоқаси бўлганини ўрганяпмиз. Шу пайтгача олинган маълумотларга кўра, кунига беш маҳал намоз ўқиш учун келадиган кўплаб мусулмонлардан фарқли равишда улар бу ерга кам келишган,- деди Муссалам.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Тамерлан сўнгги олти ой давомида имом даъватидан норози бўлиб намозни икки марта бузган. Бу воқеалар тўғрисида гапирмаган Муссалам Исломий Жамият бу ҳақда кейинроқ маълумот беришини айтган.
XS
SM
MD
LG