Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:12

Каримовлар хонадони остин-устин бўлиб кетди


Гулнора Каримова дин пешволари билан ҳам алоқалар ўрнатмоқда. Суратда: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.
Гулнора Каримова дин пешволари билан ҳам алоқалар ўрнатмоқда. Суратда: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.
Толстой оқсоқол, унинг “Анна Каренина”си ва унда, эсингиздами, что “Всё смешалось в доме Облонских ”?

Яъни Стива Облонский гувернантка билан ўйнашиб қўйгани; хиёнатни билиб қолган хотин бир неча кун хобхонасидан чиқмай қўйгани; болалар қаровсиз қолгани; ошпазлару оқсочлар “кетаман”га тушиб қолгани, хуллас, хонадон остин-устин бўлиб кетгани эсингиздами?


Толстой оқсоқолга қилган экскурсимиз шу ерда тамом бўлди.

Облонскийлар хонадони эшигидан Каримовлар хонадонига, аниқроғи, бу хонадон вакили Гулнора Исломовнанинг фикрхонасига кирмоқ бўлдик, холос.

Бу хонада Лепсни кўрдик. Борку, бақироқ гуржи хонанда! “Рюмка водки на столе”ни эсланг, ҳеч йўқ!

Гулнора Исломовнанинг фикрхонаси меҳмони - Пиёнбозор куйчиси ёнида Пайғамбаримиз ҳам бор. (Астағфируллоҳ!)

Аввал Лепсдан иқтибос келади. Кейин ҳадис. Шунақа микс.

Оқ мой билан карт думбанинг омухтасидай бу омухтани Г.И.нинг блогида “Вкратце о самых Больших Мелочах нашей жизни…” деган сарлавҳа остида 22 апрел куни эълон қилинган матнда кўрдик.

Г.И. тўғрисидаги матнларимиз кундан кунга кўпайиб, улар омухта ёғдай меъдангизга теккан бўлиши мумкин. Лекин бу матнни ўқиш, унинг сатрлари аро яширинган маънони уқиш фойдадан холи бўлмас.

Зеро “Ҳаётнинг энг Катта Майда-чуйдалари тўғрисида”ги битиклар муаллифнинг тақинчоқ сандиғидаги садафлари тўғрисида эмас.

Бу битиклар муаллифнинг ҳадафларидан даракдир.

Асл ҳадафи ҳозирча ним очиқ–ним яширин. Лекин ҳадаф сари элтувчилар сони аниқ - 7,5 милёнмиш.

Г.И. ҳадафга элтувчи шу 7,5 милён “садаф”ни “Энг Катта Майда-чуйда”га – ФАОЛЛИККА чақиради:

“Ибтидоий эмас, балки имкониятлар даражасидаги ФАОЛ позиция юз бераётган воқеалар тафовутини илғай билади, чунки фаол жисм импульслар тарқатади, муайян ИНТИЛИШДА эса қувват ҳам тарқатади”, деб ўзбекчалаштирдик Г.И.нинг пассажларидан бирини.

Президент қизининг “фалсафий битиклари”да юқоридаги фикр мана бу тахлит ривожланади:

“Ҳар қандай қувват – у хоҳ мусбат, хоҳ манфий бўлсин - ҲАРАКАТДИР”, деб уқтиради Президентнинг тўнғичи.

Блогининг яна бир жойида у киши “...фақат фаол ва моҳиятан онгли жамиятгина ҳам кичик, ҳам глобалроқ миқёсда бирон нарсани ўзгартира олади“, деб ёзади.

Тўғри, тўппа-тўғри, лекин БОР ГАПЛАР!

Лекин, синтаксиси мураккаброқ ҳар қандай матн, айниқса, унда мавҳум тушунчалар тўғрисида панжарагулчин сўзлар сўқилса, ўқигувчига донолик андозаси бўлиб туюлаверади.

Шу маънода Г.И.нинг матни андозадир. Демагогия андозаси.

Бу таърифимиздан Президентнинг тўнғичи хафа бўлмаслиги керак. Чунки худди шу сўз – ДЕМАГОГИЯ сўзи унинг асл ҲАДАФИНИ аниқ ифодалайди.

Зеро, demos – халқ, ago – бошлайман, олиб бораман, деганидир.

“Халқбоши” деганидир - Ўзбекистонда “Юртбоши” дейдилар.

Қаранг, энди, мамлакатнинг Юртбошиси (юнонча версияси - Демагоги) бўлатуриб, унинг хонадонида гуркираб ўсган Қиз (Қизнинг нақадар гуркирагани - дуркунлигини куни кеча суратларидан кўриб билдик) Юртбошилик (юнонча версияси -Демагоглик) амбицияларини беҳижоб айтаяпти.

Бу амбицияларини амалга ошириш учун Қизгина “Рюмка водки на столе” ёнида ҳадис ҳам келтирворади. Ҳадис ҳам ҳадафга мос.

Г.И.га кўра, Ибн Хожар ал-Аскалоний ал-Кофий аш-Шоф бундай ривоят қилган: “Пайғамбаримиз дедилар: Сизга (Аллоҳдан) ўзингиздай (Сизга ўхшаш) лар юборилди”. (Ҳадиснинг саҳиҳлигини тасдиқловчи манба изладик, ҳозирча тополмадик).

Хуллас, Г.И. 22 апрел кунги блоги билан ўзини ҳадафига элтувчи йўлга яна бир тош босган бўлди.

Ҳадафки, Демагог бўлиш.

Шунинг учун айтдикда, Каримовлар хонадони остин-устин бўлиб кетди, деб.

Ҳар ҳолда, бугун бўлмасаям, эртага шундай бўладиганга ўхшаб турибди.

Чунки битта қозонда икки демагог қайнамайди.
XS
SM
MD
LG