Линклар

logo-print

Тошкентда эшак баҳоси осмонга сапчиши мумкин. Буни биржадаги алғов-далғовларга алоқаси йўқ. Сарроф бозоридаги васвасага ҳам. Сабаб бошқа – велосипедлар “қатағон” бўлгани...


Ўтган куни денг, “Навоий” кўчасида велосипедимни учириб кетаётсам, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ҳуштагини чуриллатиб тўхтатди.

Нозирнинг шаштини кўрсангиз эди: сўнгги ҳафталарда Тошкентнинг тинчини ўғирлаган манякни тутгандек. Оғзи қулоғида. Бу орада “бизам бормиз” дегандек икки шериги “соя”дан кўриниш берди.

– Тезликни оширдимми, командир? – ҳазил қилган бўлдим.

– Йўлнинг асосий қатнов қисмида ҳаракатланаяпсиз, тротуарда юриш керак, – жиддий алфозда тушунтириш берди у.

– Асосий қатнов қисмида эмас, четда келаётгандим. Бўлмаса, велосипед учун алоҳида йўлак қилиб қўйиш керак, – дея “энг яхши ҳимоя – ҳужум” тактикасини қўлладим.

– Вақти-соати билан алоҳида йўлак ҳам бўлади. Лекин ҳозир велосипедингизни олиб қўямиз. Йўл ҳаракати хавфсизлигини бузганингиз учун 26700 сўм жарима тўлайсиз, – совуққонликни йўқотмай қарорини эълон қилди нозир.

Нима, 26700 сўм? Миям сониянинг триллиондан бир улуши ичида бу миқдордаги жарима камтарона бюджетимга беаёв зарба бўлишини ҳисоб-китоб қилиб улгурди.

“Закўнчилик”ни давом эттирдим: “Ҳаққингиз йўқ” дедим, “Устингиздан омбудсманга шикоят қиламан” дедим. Лекин нозир омбудсманни эшитмаган, шекилли – жилла қурса, киприк қоқмади.

Кейин қувлик қилмоқчи бўлдим, телефонимни кавлаб, ўзимча қайсидир танишга қўнғироқ қилишга тараддудландим. “Нўмир”им ўтмади.

Велосипед сал уринганини айтмаса, бинойидек юряпти. Оғиримни енгил, узоғимни яқин қиляпти. Бее, уни қўшқўллаб топшириб қўядиган анойи йўқ!

“Лўли”лик қилдим: “Жонимдан тўйиб турибман, ўзимни шартта Анҳорга ташлайман, товонимга қоласиз!”

Қофиясини келтириб илтимос қилдим: “Стипендия етиб-етмай, гадойга ҳам қуюқ салом бериб юрган талаба бўлсам! Инсоф қани, командир?!”

Омонсиз жангдан кейин, велосипедимни аранг қутқариб қолдим. Каттакон бўп кетсам, “штраф”ни ортиғи билан тўлашга тантанали ваъда бердим...

Кейин билсам, велосипедга қарши рейд бутун шаҳарда ўтказилаётган экан.

Тошкент шаҳар йўл ҳаракат хавфсизлиги нозирлари томонидан велосипедлар йиғиштириб олинмоқда. Камига, “нарушение” деган баҳона билан 26700 сўмдан жарима солинмоқда.

Қизиқ-да, бутун дунёда велосипед “атроф-муҳитга зарар келтирмайди”, “йўл тирбандлигини камайтиради”, “саломатликка кони фойда”… яна бошқа асослар билан кўтар-кўтар қилиняпти.

Бизда бўлса... милиционерларимиз қўшғилдиракли беминнат дастёрларни енг шимариб қантаришяпти.

...Бу воқеа бўлиб-бўлиб эшак нархини кўтарворса, ажаб эмас. Ҳозирча йўл нозирлари эшакаравани мусодара қилишмаяпти-да.

Тошкентлик талаба

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG