Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:20

Блейк минтақа расмийларига халққа яқинроқ бўлишни тавсия қилди


Тошкент сафари олдидан АҚШ Давлат департаменти мулозими Роберт Блейк Қозоғистонда бўлди.
Тошкент сафари олдидан АҚШ Давлат департаменти мулозими Роберт Блейк Қозоғистонда бўлди.

Марказий Осиёга сафари доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ давлат департаменти расмийси Роберт Блейк 24 апрел куни Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида чиқиш қилади.


Дунё бўйлаб демократик қадриятларни ёйиш иддаоси бўлган давлат тамсилчиси Блейкнинг мазкур университетдаги АҚШнинг Марказий Осиёдаги ташқи сиёсатига оид маърузаси чоғида қайси масалалардан баҳс этишини тахмин этиш қийин эмас.

Минтақага сафар олдидан АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Твиттердаги ўз саҳифасида 19 апрел куни: “Биз Марказий Осиёда демократияни дастаклаймиз ҳамда минтақа ҳукуматларини коррупцияга қарши кураш ва очиқ жамиятга интилишга чақирамиз”, деб ёзганди.

Кеча Қозоғистон пойтахтида берган брифингида эса жаноб Блейк Марказий Осиё ҳукуматлари “араб баҳоридан” сабоқ олишлари ва ўз халқига қулоқ тутиши лозимлигини айтди.

- Мен “араб баҳори”дан чиқариладиган биринчи сабоқ масъулиятли ва ҳозиржавоб ҳукумат бўлиши, деб айтмоқчиман. Бу ҳукумат ўз халқи эҳтиёжларига қулоқ тутиши муҳим. Унинг иқтисодий имкониятлар барпо қилиши муҳим, - деди Остонада журналист учун ўтказилган брифинг чоғида АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси.

АҚШ Давлат департаменти мулозими Роберт Блейк 22-26 апрел кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга сафар қилиши ҳақида аввалроқ хабар қилгандик.

23 апрел кунги брифингда жаноб Блейк Марказий Осиё мамлакатларида коррупция масаласи мунтазам равишда кўтарилиб туриши муҳимлигини ҳам урғулади.

- Чунки, - дея қайд этди Роберт Блейк, - коррупция, Тунис ёки Мисрда бўлгани каби, раҳбарият ва халқ оммаси ўртасида улкан жарликни пайдо қилувчи воситанинг бир қисмидир.

Америкалик дипломатнинг бу фикрлари унинг Марказий Осиё сафари олдидан Твиттерда ёзган мулоҳазаларининг мантиқий давомидир.

Сафар арафасида Твиттер муштарийлари саволларига жавоб берган Роберт Блейк минтақа давлатлари расмийлари “араб баҳори” каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун фуқаролик жамият вакиллари билан мунтазам алоқада бўлиб туришни тавсия қилган, бунинг учун ҳукуматлар шаффоф ишлаши, фуқаролар учун иқтисодий имкониятлар яратилиши ва коррупцияга қарши чоралар кўрилишини лозимлигини урғулаганди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистонга сафари чоғида фуқаролик жамияти вакиллари ва тадбиркорлар билан ҳам учрашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG