Линклар

logo-print

Бишкекда Қумтор олтин кони юзасидан Канада ширкати билан имзоланган шартномани бекор қилиш талаби билан мухолифат митинги бўлиб ўтмоқда. Митингда бир неча юз одам қатнашаяпти. Норозилар парламент шартномани айнан бугун бекор қилишини талаб этишаяпти.

Мухолифат лидерларидан бири Азимбек Бекназаров бундан бир ҳафта олдин 24 апрел куни парламент Қумтор олтин кони борасида Канаданинг Centerra Golg Inc ширкати билан тузилган шартномани бекор қилмаса, учинчи инқилобни бошлаши ҳақида баёнот берган эди. Азимбек Бекназаров бугунги митинг чоғида парламентни тарқатиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилишини билдирди.

Мухолифат митингга мамлакатнинг турли вилоятларидан уч мингдан ортиқ одам йиғилишини режалаштирган эди. Аммо Бишкек марказий майдонига, турли ҳисоб –китобларга қараганда, 400 дан 800 гача одам йиғилган. Мухолифат лидерларидан бири Бектур Асанов норозилик намойишига уч мингдан ортиқ одам келганини иддао қилаётир.

“Эл үнү” мухолифат ҳаракати “Қумтор” олтин конини миллийлаштириш назарда тутилган қонун лойиҳасини парламентга бир ой олдин тақдим қилган. Қонун лойиҳасини қабул қилиш талаби билан мухолифат қирғизистонликларнинг 12 мингдан ортиқ имзосини тўплаган.

-Мазкур қонун лойиҳаси муаллифлари парламент айнан бугун халқ томонидан ташаббус кўрсатилиб ишлаб чиқилган қонунни қабул қилиши учун одамларни намойишга тўплади. Конституцияда ўн минг фуқаро қонунчилик ташаббуси билан чиқиши мумкинлиги, парламент эса бу қонуни кўриб чиқишга мажбурлиги таъкидланган. Лекин бугун мени парламент тингловига киритишмади ва биз таклиф қилган қонун муҳокама қилинмаслигини очиқ-ойдин айтишди, -деди мухолифат лидери Азимбек Бекназаров.

Парламент депутатлари таклиф қилинган қонун лойиҳасини мухолифат белгилаган муддатгача кўриб чиқиш мумкин эмаслигини билдирмоқда.

Расмийларга кўра, шу кунларда Centerra Golg Inc ширкати билан Қирғизистон ҳукуматининг Қумтор олтин конидаги улушуни кўпайтириш масаласида музокаралар давом этаяпти. Музокаралар учун уч ой муддат белигланган. Унинг икки ойи якунланди ва узил-кесил қарорга келиш учун яна бир ой вақт қолди.

Парламентнинг айрим депутатлари агар Канада Қирғизистон улушини кўпайтиришни истамаса, олтин конини миллийлаштириш шартлигини айтмоқда. Мухолифат эса музокаралар якунланишини кутиб ўтирмай, Қумторни миллийлаштиришни талаб қилаётир.

-Биз вазиятни ўрганиб, шундай хулосага келдикки, бугунги ҳукумат ҳам Акаев ва Бакиев ҳукумати каби оддий халқ манфаатларини эмас, Канада ширкатининг манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Қумтор олтин кони атрофидаги ҳуддуда бугунги кунда экологик офат ҳукум сурмоқда. Қирғизистон бу олтин конини ишлатишдан бир тийин ҳам манфаат топгани йўқ, -деди Азимбек Бекназаров.

Қирғизистондаги энг йирик “Қумтор” олтин кони Канада ширкати томонидан ўзлаштирилган. Қирғизистон дастлабки йилларда ширкатнинг 33 фоиз акциясига эгалик қилган эди. 2005 ва 2010 йилдаги инқилоблардан сўнг мазкур олтин конини Қирғизистон ҳисобига ўтказиш ёки акцияларнинг назорат пакетини олиш талаб қилина бошланди.

Расмий Бишкек деярли 8 йилдан бери Канада ширкати билан олтин конида Қирғизистон улушини кўпайтириш масаласида музокаралар ўтказиб келади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, 2013 йилнинг биринчи чорагида Бишкекда 132 митинг ўтказилган. Бишкек шаҳар милициясининг билдиришича, митингларнинг 107 таси сиёсий, 25 таси эса ижтимоий-иқтисодий характерга эга бўлган.
XS
SM
MD
LG