Линклар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида элчилар рўйхатидан мамлакатнинг Бирлашган миллатлар ташкилотидаги доимий вакили сифатида қайд этилган Гулнора Каримованинг номи олиб ташланди.

Вазирлик расмий сайтидаги рўйхатда Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ўрни ҳозирча бўш қолмоқда.

Бунга эътибор қаратган Uzmetronom сайти, Гулнора Каримованинг элчилик лавозимидан қачон чақириб олингани ҳозирча номаълум қолаётганини ёзди.

Озодлик Гулнора Каримованинг элчилик лавозимидан чақириб олингани ҳақидаги хабарга ойдинлик киритиш учун 24 апрел куни Женевадаги ваколатхонага боғланишга яна уринди.

Аммо, такрор ва такрор қўнғироқларга ваколатхонадан бирор жавоб олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Бунга қадар New York Times газетаси “Ўзбекистон лидерининг соғлиги ҳақидаги миш-мишлар ворис ҳақидаги баҳсларга туртки бўлди” номли 6 апрел кунги мақоласида Гулнора Каримова элчилик лавозимидан кетгани ҳақида хабар қилган эди.

Эндрю Крамер муаллифи бўлган мақолада: “Ислом Каримов саломатлиги тўғрисидаги мубҳамликларни эътиборга олган ҳолда” у Ўзбекистонда “ўзини янада каттароқ лавозимга ҳозирлаётган бўлиши мумкин”, дея ёзилган эди.

“Помир тоғлари этагидаги ўрикзорлари, пахтазорлари ва тошдан қурилган қадимий шаҳарлари бўлган, демократик анъаналарга эга бўлмаган, Совет даврига қадар Россия подшоларига тобеъ бўлиб келган, хонлар бошқарган Ўзбекистонни ҳозирда жаноб Каримов бошқармоқда. Давлат раҳбарининг фарзанди ўсиб-улғайганидан сўнг ҳокимият Шимолий Кореядаги каби авлоддан-авлодга ўтадими ёки ҳукумат ичидагиларга топшириладими - буниси ҳозирча номаълум”, деб ёзганди, жумладан The New York Times.

Аммо, 8 апрел куни EurasiaNet мухбири билан сўзлашган БМТ Женева ваколатхонасидаги Ўзбекистон миссиясининг исми ошкор қилинмаслигини сўраган вакили Гулнора Каримова элчилик лавозимидан кетганига оид маълумотни рад этган.

- Бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Гулнора Каримова хоним ҳозир ҳам Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси бўлиб ҳисобланади, - дея иқтибос келтиради ўзбекистонлик дипломат сўзларидан EurasiaNet нашри.

Ашулачи, дизайнер, дипломат ва бошқа кўплаб ҳунарлар соҳибаси бўлган Гулнора Каримова отасининг ўрнига даъвогарлик қилаётгани ҳақидаги тахминлар сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги турмушни ёритувчи нашрларда кўп ёзилмоқда. Бундай эҳтимолни Гулнора Каримованинг ўзи ҳам истисно қилмаслигини айтган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов ўрнига ким келиши мумкинлиги тўғрисидаги тахминлар амалдаги давлат раҳбари юрак хуружига учрагани тўғрисидаги хабар ортидан урчиган. Бу маълумотни 21 март куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати ёйинлаган эди.

Хабарда Каримов 19 март куни миокард инфарктни бошдан кечиргани ва оғир аҳволда шифокор назорати остида қолаётгани айтилган. Ўзбекистон мухолифати бу хабар бир-биридан мустақил бир нечта манба томонидан тасдиқланганини таъкидлаган.

Кейинчалик бу хабарга таянган бошқа ахборот воситалари, жумладан, Rosbalt, RIA-Novosti, Fergananews каби нашрлар ҳам бу мавзуга тўхталган.

Бу нашрларда хабарнинг асоссизлигига кўпроқ урғу берилган. Хусусан, RIA-Novosti агентлиги бу хабарни Ўзбекистон президенти маъмурияти инкор қилганини ёзган.

Қўшимча маълумот олиш учун Озодликни кузатиб боринг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG