Линклар

logo-print
Тошкентда милиция ходимлари бир неча кундан буён велосипед минган ëш-ялангни ушлаб, жаримага тортмоқда. Велосипед эгалари 26 минг сўм жарима тўлаганидан кейин махсус суҳбатдан ҳам ўтказилмоқда.

Бу маълумотларни Озодликка билдирган Тошкент шаҳар Автомобил назорати идораси ходими капитан Мусурмон Худойқуловга кўра¸ бу тадбир мобайнида пойтахтдаги велосипедларни ижарага берувчи пунктлар ëпиб қўйилмоқда.

Велосипед ови

Ўзбекистон Давлат автоинспекция идорасидаги ўзини Шоира, деб таништирган мулозимага кўра, жорий ҳафта Тошкентда велосипед ҳайдовчилари хавфсизлиги борасида махсус тадбир ўтмоқда.

Суҳбатдошга кўра, махсус бригадалар Тошкент кўчаларида велосипедни бежо бошқарганларни ушлаб, жаримага тортмоқда.

- Бригадалар ишини махсус штаб мувофиқлаштирмоқда, дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги велосипед ҳайдовчиларини назорат қилишга сафарбар қилинган махсус бригаданинг каттаси капитан Мусурмон Худойқулов айни пайтда штаб аъзосидир.

Озодлик билан суҳбатда Худойқулов велосипед ҳайдовчилари иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани боис, бу тадбир амалга оширилаëтганини айтди.

- Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш учун бу тадбирга қўл урдик. Чунки, велосипед ҳайдовчилари иштирокидаги авариялар кўпайиб кетди¸ дейди суҳбатдош.

Мусурмон Худойқуловга кўра, тадбир вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда.

- Велосипедни ижарага берадиган точкаларни ëптиряпмиз бирин-кетин. Бу иш энди ҳокимият билан келишилган холда қилиняпти¸ дейди ДАН мулозими.

Тошкент шаҳрида велосипедларни прокатга бериш билан шуғулланадиган олтита ширкатнинг бирортаси билан чоршанба куни боғлана олмадик.

Улар телефон қўнғироғига жавоб беришмади.

Велосипедни ижарага берадиган ширкатга оид сайтда уларнинг вақтинча ишламаëтгани билдирилган.

Бу аснода, Ўзбекистондаги қатор нашрлар милиция ходимлари бир неча кундан буён пойтахт кўчаларида одамларнинг велосипедларини тортиб олишмоқда, деган ҳабарларни тарқатишди.

Капитан Мусурмон Худойқулов Озодлик билан суҳбатда: "Тошкент милицияси пойтахтда велосипедлар мусодара этилмаяпти балки эгасидан олиб қўйиляпти", деб вазиятга аниқлик киритди.

- Мусодара қилинмаяпти. Бировнинг мулкику бу. Жаримасини тўлагунча, эгасидан вақтинча олиб қўймоқдамиз¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Мусурмон Ҳудойқулов фақат вояга етмаган ëш-ялангларгина тадбир нишони эканлигини алоҳида эслатди.

- Масалан, бир ëши катта одам ишдан велосипедда тинчгина қоидага риоя қилиб келаëтган бўлса, биз унга тегмаймиз. Асосий эътибор ëшларга. Бир-иккитаси спиртли ичимлик ичиб, велосипед ҳайдаëтганида қўлга тушди. Тартиб бўлиши керак бу соҳада¸ дейди ДАН мулозими.


Велосипедимни сотаман

Тошкентда велосипедчиларга қарши кенг қамровли назорат кетаëтган бир пайтда велосипедимни сотаман, мазмунидаги эълонлар кўпайди.

Ана шундай элонлардан биридаги телефон рақамига қўнғироқ қилдик.

Гўшакни кўтарган Эргаш исмли 29 яшар йигит бир йил олдин анча қимматга сотиб олган велосипедини сотиш сабабларини Озодлик мухбирига гапирди.

- Ўзи зўр велосипед. Гап йўқ. Зўр бўлгани учун милиция диққатини тортяпти. Рама орасида пружинаси бор. Кечагида йўлда тўхтатган милиционер ўша пружинага эътироз билдирди. "Сен бу велосипед билан ариқдан сакрамоқчимисан", дейди менга. Хуллас, сотиб қутиламан энди. Ортиқча гапни кераги йўқ. Тинч юрайлик¸ дейди тошкентлик велосипедчи Эргашбой.

Тошкентдаги хусусий эълонлар билан шуғулланувчи ширкатнинг ўзини Надежда, деб таништирган ходими сўнгги пайтда велосипед сотиш ҳақидаги эълонлар кўпайганини айтди.


Мотоцикл тақиқланган шаҳар

Бундан етти йил олдин Тошкент шаҳрида мотоцикл ва скутерлар ҳаракатланиши тақиқлаб қўйилган эди.

Баъзи норасмий маълумотларга кўра, мотоцикл мамлакат президенти ҳаётига суиқасд олдини олиш мақсадида маън этилгани айтилади.

Ўзбекистон пойтахтидаги асосий йўллар четида велосипед учун йўлакчалар ажратилмаган. Бу эса велосипедни ҳам исталмаган ҳаракатланиш воситасига айлантиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG