Линклар

Роберт Блейк "Осиё юраги"га Тошкент орқали кетмоқда


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистонга сафар қилмоқда. Роберт Блейк чоршанба куни Тошкентга етиб келгач Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учршгани айтилмоқда. Лекин расмийлар бундай учрашув бўлганини тасдиқлаганича йўқ. Айни пайтда Тошкнетдаги АҚШ элчихонаси Блейкнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашганини тасдиқлади. Куннинг иккинчи ярмида АҚШ расмийси Ўзбекистон фуқаровий жамият вакиллари билан ҳам учрашди.



Роберт Блейк Тошкентга Остонадан Қозоғистон расмийлари билан сўзлашувлардан кейин учиб келди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси 24 апрел куни тонгда Тошкентга етиб келгач, даставвал Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашгани айтилмоқда.

Бу ҳақда чоршанба куни тушдан кейин АҚШ дипломати билан ўтказилган давра суҳбатида қатнашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Озодликка маълум қилди.

- Бизларга шу маълум бўлдики, эрталаб жаноб Роберт Блейк учиб келиб Тошкентга, биринчи бўлиб президент билан учрашди Остонадан келиб. Кейин Ташқи ишлар вазири билан учрашган. Кейин бизга бир гап етиб келди, биз билан бир соатлик учрашувдан кейин ҳукуматнинг биринчи муовини билан учрашувга кетгани маълум.

Сураът Икромовнинг, АҚШ мулозими ёрдамчиларига таяниб, айтишича, жаноб Блейк фуқаровий жамият вакиллари билан учрашувдан кейин Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан учрашувга кетган.

Лекин АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда жаноб Блейкнинг Ўзбекистон президенти ёки бош вазир ўринбосари билан учрашганини тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Айни пайтда, элчихона матбуот хизмати вакили Роберт Блейк куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашганини маълум қилди, лекин сўзлашувларда қандай масалалар муҳокама қилингани очиқламади.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг Тошкентга сафари Вашингтон 2014 йил охирига қадар Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга тараддуд кўраётган пайтга тўғри келмоқда. Қўшма Штатлар қўшинларни олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишни кўзламоқда.

Бунинг эвазига Ўзбекистон АҚШдан ҳарбий ёрдам олишга умид қилмоқда. Ўтган ойда АҚШ Конргессининг ташқи ишлар масалалари бўйича қўмитаси олдида қилган чиқишида Роберт Блейк Вашингтон Тошкентнинг илтимосига кўра, Ўзбекистонга террорчиликка қарши курашиш учун ҳарбий ёрдамни тиклашни режалаштираётганини маълум қилган эди.

Вашингтон 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Тошкентга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатган.

Феврал ойида Британия ҳам Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан ўта олиш имкони эвазига, Тошкентга ҳарбий техника бериш режасини маълум қилган эди.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Блейк март ойи бошида Конгрессдаги йиғинда ҳарбий ёрдам эвазига Вашинтон Тошкент ҳукуматидан инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича амалий қадам ташлашни сўрашини маълум қилган эди.

АҚШ дипломати 23 апрелнинг иккинчи ярмида Тошкентда фуқаровий жамият вакиллари билан ўтказилган давра суҳбатида, жумладан инсон ҳуқуқлари вазиятига оид саволларни берган.

- Инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳволни гапириб бердик. Роберт Блейкнинг бир неча саволларга жавоб бердик. Бу хусусан сиëсий аҳвол, диний эътиқод масалалари, рўйхатга олиш, масалан бир хил нималар ҳали рўйхатга олинмаган, рўйхатга олиш масалалари кўтарилди,- дейди учрашувда иштирок этган Суръат Икромов.

Давра суҳбатида, дея давом этади ҳуқуқ фаоли, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан ҳайдалган халқаро ташкилотлар, хусусан Ҳюман Райтс Уотч ва Фридом Хауз инсон ҳуқуқдари ташкилотларини мамлакатга қайтариш масаласи ҳам кўтарилди.

- Иккала ташкилотни Ўзбекистонга яна олиб келиш ва рўйхатдан ўтказиб, уларнинг фаолияти жуда зарурлигини гапирдик. Лекин Блейк бунга жавоб бермади. Буни расмий учрашувда кўтарса керак деб ўйлаяпман мен,- дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

АҚШ элчихонаси вакили, Роберт Блейк 24 апрел куни тушдан кейин Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан ҳам учрашганини маълум қилди.

Роберт Блейкнинг пайшанба куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ташриф якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказиши кутилмоқда.

Ундан кейин АҚШ мулозим Олмаотада ўтказиладиган “Осиё юраги” номли халқаро конференцияда қатнашиш учун Қозоғистонга жўнаб кетади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG