Линклар

Москвада тергов изоляторидан ўзини камерадоши номи билан таништириб, қочиб кетган ўзбекистонлик қидируви давом этмоқда. Маълум бўлишича, полиция ходимлари адашиб, бошқа одам ўрнига 27 ёшли йигитни судга олиб келган ва ўз қўллари билан уни озодликка йўллаган.

Москвада тергов изоляторидан ўзини камерадоши номи билан таништириб, қочиб кетган ўзбекистонлик қидируви давом этмоқда. Маълум бўлишича, полиция ходимлари адашиб, бошқа одам ўрнига 27 ёшли йигитни судга олиб келган ва ўз қўллари билан уни озодликка йўллаган.

16 апрел куни Москванинг энг қаттиқ қўриқланадиган 3 сонли “Красная Пресня” тергов изоляторидан наркотиклар савдосида айбланаётган 1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қочиб кетди.

Жазони ижро этиш федерал хизмати бошқармаси ходими Озодлик Радиосига бу шахс Фаррух Тошматов экани, у камерада майда ўғирлик учун ўтирган бошқа бир ўзбекистонлик - Тожибоев номидан анкета маълумотларини танитиб, судга олиб келинганини билдирди.

- Бу иккалови бири-бирига жуда ўхшаш экан. Иккаласи рус тилида гапиришни билмайди. Ҳозир тергов бошланган, терговчилар аниқлаб беради – қандай қилиб уларни адаштириб қўйиш мумкин эди?! дейди Кристина Белоусова.

ЖИФХ ходимаси сўзларига кўра, бир соатлардан кейин Фаррух Тошматов Шчукино тумани ИИБ соқчилик хизмати ходимлари томонидан Москванинг 150-сонли туман судига олиб келинган.

Суд қарори билан “Тожибоев Б.Х.” исмли шахс майда ўғирлик содир этгани учун жаримага тортилиб, суд залидан озод этилган. Ўзини Тожибоев, деб таништирган Фаррух эса суд ҳаками ва соқчиларига таржимон орқали миннатдорчилик билдириб, жуфтакни ростлаган.

Айбланувчининг тергов изоляторида йўқолиб қолгани соат 22:40 ларда ўтказилган кечки текширув пайтида аниқланган ва айбланувчи Фаррух Тошматов қидирувига оператив гуруҳ ташланган.

Озодлик билан суҳбатда Жазони ижро этиш бошқармаси расмийси қочоқ Фаррух Тошматовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 228.1 моддаси (наркотиклар ноқонуний айланиши) асосида жиноий иш қўзғатилгани, бундай оғир жиноят учун унга 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини маълум қилди.

Полиция бошқармаси 27 ёшли Фаррух Тошматовни ходимлар турмада ётган юзлаб бошқа Марказий осиёликлардан фарқлай олмагани бундай англашилмовчиликка сабаб бўлганини гапиришмоқда.

- Масалан, келаётган иккита қора танлини сиз ҳам бир-биридан ажрата олмаган бўлардингиз. Худди шундай полициячилар ҳам уларни адаштириб қўйган. Лекин, бу ходимларимизнинг оддий масъулиятсизлиги, дейди Кристина Белоусова.

Олдинроқ ҳодиса ортидан оммавий ахборот воситаларида Силикатний кўчасидаги 3-сонли тергов изоляторидан Фаррух Дошманов исмли шахс қочиб кетгани хабар қилинган эди.

Бундан чиқди, полициячилар нафақат унинг ташқи қиёфаси, балки фамилиясини ҳам тўғри талаффуз қила олмаган.

Полиция бошқармаси Россия Жиноят Кодекси 313 моддаси 1 қисми асосида бундай бепарволик учун бир қанча шахс жавобгарликка тортилишини маълум қилишди.

Изолятордан қочишга муваффақ бўлган Фаррух Тошматовнинг ҳам, терговчиларга кўра, бу қилмиши учун қўшимча жазога тортилиши айтилмоқда.

“Красная Пресня” номи билан машҳур СИЗО-3 изолятори 1937 йилда қурилган ва Сталин қатағонлари даврида ГУЛАГга юборилаётган юқори лавозимли “халқ душманлари” номини олган сиёсий маҳбусларнинг асосий қисми худди шу изолятордан турмага жўнатилган.

Айнан шундай ҳодиса Москвада бир неча йил олдин ҳам содир бўлган. 4-сонли Тергов изоляторидан судга келтирилган марказий осиёлик маҳбус камерадоши ўрнига озодликка чиқиб кетган.

Озодлик Россиянинг бошқа хориж фуқароларини сақлаш махсус изоляторларидан ҳам ўзбекистонлик ва тожикистонлик маҳбуслар қочиши тўғрисида бир неча бор хабар берган.

Жорий йилнинг 8 апрелига ўтар кечаси Самарадаги хориж фуқароларини сақлашга мўлжалланган махсус приёмникдан уч нафар муҳожир қочиб кетган. Панжарани аралаб қочган муҳожирнинг иккиси Ўзбекистон фуқароси экани айтилган.

Ўтган йилнинг 21 февралида Россия ҳудудида миграция қонунчилигини бузгани сабабли изоляторга тушган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 8 фуқароси Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қулфларни бузиб қочган.

2 ой ўтиб, 8 апрел куни айни шу Санкт-Петербургдаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан темир эшик қулфларини бузиб ва полиция ходимларига қаршилик кўрсатиб, яна 11 нафар меҳнат муҳожири қочган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG