Линклар

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизмати масъуллари чегарабузарларга қарши кундузи ўқотар қурол қўлламаслик ҳақида келишиб олдилар.


Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати раиси Тўқўн Мамитов 24 апрел куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжумани чоғида билдирди.

Унинг айтишича, аҳолига қарши қурол қўлламаслик бўйича ўзбек чегарачилари билан бўлган учрашув натижаларига кўра бугунги кунда чегарада ўлим билан тугаган ҳодисалар кузатилмаяпти.

- Авваллари қўшни давлат чегарачилари қирғизистонликлар томонидан содир этилган чегарабузарлик ҳодисаларини яширишиб, муаммони ўз ҳудудларида ҳал қилардилар. Эндиликда улар очиқ ишлашга ўтдилар. Ҳозирда пода ҳайдаб юрган киши чегарани бузиб, қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетса, чегарачилар қонунбузарни тутиб, бизга топшираяптилар, - деди Қирғизистон чегара хизмати раиси.

Тўқўн Мамитовга кўра, апрел ойи охирида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари раҳбарлари чегара билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун учрашув ўтказишлари кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25-28 март кунлари Тошкентда чегара демаркацияси ва делимитацияси бўйича ўзбек-қирғиз ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтганди. Бу музокараларда Ўзбекистонни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Қирғизистонни эса Бош вазирнинг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича ўринбосари Шамил Атаханов тамсил этганди.

Учрашув чоғида томонлар чегара хавфсизлиги, божхона тартиби, паспорт-виза назорати, чегараолди ҳудудларини ривожлантириш, чегаралар демаркацияси ва делимитациясига оид масалаларни муҳокама қилганлар. Мазкур комиссиянинг кейинги мажлиси ҳам шу ой охирига белгиланган ва бу учрашув энди Қирғизистонда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Марказий Осиёдаги икки қўшни давлат мустақилликка эришганидан буён ўтган 22 йил мобайнида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати делегациялари чегаралар делимитацияси бўйича 8 та учрашув ўтказганлар, бироқ бу музокараларда чегарадаги баҳсли ҳудудлар бўйича айтарли келишувга эришилмаган.

Ўзбек-қирғиз чегараси қарийб 1400 километрга узанган. Ҳозирги пайтда унинг 354 километри аниқланмай қолмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқроқ баҳсли ҳудуд жойлашган.

Бугунги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги 20 га яқин чегара-ўтказиш пунктларидан фақат биттаси – Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик” чегара-назорат ўтказиш маскани очиқ турибди. Ўш ва Жалолобод вилоятларининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларидаги бошқа чегара бекатлари 2010 йил воқеаларидан сўнг ёпилган эди. Қирғизистоннинг Боткен вилояти билан Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти чегарасидаги ўтказиш пунктлари эса шу йилнинг 5-7 январида юз берган Сўх мажоросидан сўнг ёпиб қўйилган. Орадан бир оз вақт ўтгач, сўхликларга Қирғизистон орқали юз километрга яқин йўл босиб, Ўзбекистонга бориб келиш имконияти яратилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG