Линклар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги қароргоҳи расмийлари Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили лавозимидан озод қилингани ҳақда ҳозирга қадар Тошкентдан расмий билдириш олмаганликлари, миссия раҳбари сифатида хали хам Гулнора Каримова номи қайд этилаётганини айтишди. Президент қизининг исмиТашқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган элчилар рўйхатида кўринмаган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женева қароргоҳи протокол бўлими ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда: "Ҳозирга қадар бизга ўзбек миссияси раҳбари ўзгаргани ҳақида расмий билдириш қилингани йўқ", - деди.

24 апрел куни Uzmetronom.com сайти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага таяниб, Гулнора Каримованинг Женевадаги миссия раҳбарлиги лавозимидан олингани ҳақда хабар қилган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни ўз расмий сайтида эълон қилган элчилар рўйхатида ҳам Гулнора Каримованинг номи кўринмаганди.

Вазирлик расмий сайтидаги рўйхатда Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили ўрни бўш тургани ёзиб қўйилганди.


Бир кун ўтиб бу рўйхат Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтидан олиб ташланди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи элчилик лавозимидан қачон олингани маълум эмас. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг расмий матбуотида билдириш қилингани йўқ.

Ўзбекистоннинг Женевадаги миссияси расмий веб-саҳифасида эса, ҳали ҳам Гулнора Каримова элчи сифатида қайд этилган. Миссия эрталабдан бошлаб бир неча бор қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан бири эса бу ҳақда ҳозирча аниқ гап айтолмаслигини айтди.

Шу ой бошларида АҚШда чоп этиладиган “Нью Йорк Таймс” рўзномаси Гулнора Каримованинг президентликка интилаётгани ва шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг БМТдаги миссияси раҳбарлигидан кетгани ҳақида ёзган эди.

Аммо, ўша пайтда Женевадаги Ўзбекистон ваколатхонаси расмийлари Гулнора Каримова ҳали ҳам Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси ҳисобланишини айтишганди.

Гулнора Каримова Ўзбекистон республикасининг Женевадаги БМТ идораси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий миссияси раҳбарлигига 2008 йили тайинланган.

Президент Ислом Каримовнинг 41 яшар тўнғич қизи Гулнора Каримова элчи лавозимида ишлар экан 2009 йилнинг январ ойида Женева кўлининг чап соҳилида, бойлар яшайдиган Колон мавзесида 18,2 миллион швейцария франкига (қарийб 18 миллион АҚШ доллари) ҳашаматли ҳовли сотиб олишга улгурди.

Швейцарияда нашр этилувчи “Билан” журнали Каримовани шу мамлакатдаги бадавлат аёллар рўйхатига киритган эди.

Ойнома Каримова хоним маблағларини 600 миллион Америка долларига тенг, дея тахмин қилган.

Ўзини давлатдан маош олиш ҳисобига яшайдиган давлат мулозими қилиб кўрсатишга уриниб келаëтган Гулнора Каримова, "Билан" журналига берган интервьюсида, бу бойликлар юзасидан изоҳ бермаган.

Сўнгги ойларда Каримова хоним Женевадаги иш жойида кўринмаган. 24 апрел куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият муҳокамасида Ўзбекистон делегациясига Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари миллий маркази бошлиғи Акмал Саидов бошчилик қилди.

2010 йилда Каримова хоним ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Испаниядаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб ҳам тайинланганди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган янги рўйхатда ҳозир Испаниядаги Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов экани қайд этилган.

Жаноб Ахатовнинг айнан қачон Гулнора Каримова ўрнини эгаллагани ҳам маълум эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG