Линклар

Хитойнинг Шинжон Уйғур мухтор вилоятида содир бўлган тўқнашувда 21 киши нобуд бўлди. Ўлганларнинг аксари полиция ходимлари ва тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

Шинжон Уйғур мухтор вилоятида террорчи эканликда гумон қилинган шахслар билан тўқнашув минтақа маркази Урумчи шаҳридан 1200 километр жануби-ғарбда жойлашган Қашқар вилоятининг Маралбеши (хитойча: Бачу) туманида 23 апрель куни рўй берган.

Мазкур воқеа ҳақида турли манбаларда турлича маълумотлар тарқатилмоқда.

Маҳаллий расмийларга таяниб, ахборот агентликларининг хабар беришича, "уч нафар ижтимоий хизмат ходими ўз қарамоғидаги уйлардан бирига пичоқлар билан қуролланган шубҳали шахслар яширинганини пайқаганидан кейин полицияга маълум қилган.

Етиб келган полиция ходимлари ва ижтимоий хизмат ходимларини шубҳали шахслар ўлдирган.

Хитой полицияси ходимлари жиноятчиларга қарата ўт очиб вазиятни назорат остига олган.

Тўқнашувда икки киши яраланган. Террорчи эканликда гумонланган саккиз шахс қўлга олинган.

Дастлабки тергов жараёнида улар террор актлари содир этишни режалагани маълум бўлган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда", дейилади маҳаллий расмийлардан олинган маълумотларда.

Бироқ сургунда фаолият юритаётган уйғур фаолларига кўра, сешанба кунги зўравонликка полиция ходимлари норозилик намойишига чиққан уйғурларни ўққа тутгани оқибатида бир йигит ўлгани сабаб бўлган.

Дунё Уйғур Қурултойи ижроия қўмитаси раиси Тўлқин Иса Озодлик билан суҳбатда Хитой полицияси турли бахоналар билан уйғурлар яшайдиган уйларда доимий равишда рейдлар ўтказиши улар норозилигига сабаб бўлганини айтди.

- Хитой ҳукумати ҳар хил баҳоналар билан ҳар йили бегуноҳ одамларнинг уйларига бостириб кириб, уларни ҳибсга олиши одат тусига кирган. Шу каби турли баҳоналар билан бегуноҳ уйғурларнинг уйига бостириб кириб, зўравонлик қилган. Уларни қўлга олган. Шунга уйғурлар норозилик билдириб бостириб кирган соқчилар билан тўқнашув чиққан. Натижада бир неча киши ўлган. Шундан кейин уйғурлар норозилик намойишига чиққан, деди Дунё Уйғур Қурултойи ижроия қўмитаси раиси.

Хитой ҳукумати Шинжондаги вазият ва оммавий ахборот воситалари устидан қаттиқ назорат ўрнатгани боис сешанба кунги воқеаларда қанча одам нобуд бўлгани ҳақидаги маълумотлар бир-бирига зид.

Тўлқин Иса ўз ташкилоти манбаларига асосланиб 23 апрел кунги зўравонликларда 26 киши ўлганини айтди. Уйғур фаоли воқеа тафсилотлари ҳақида маълумотлар тўплаш давом этаётганини қўшимча қилди.

Қашқар вилотидаги маҳаллий расмийлардан бири журналистларга қурбон бўлган 21 кишидан олти нафари уйғур “террорчиси” ёки “ўғрилар” бўлганини айтган.

Хитой ҳукуматига қарашли Синхуа ахборот агентлиги эса “террорчилар”дан ташқари қолган 15 нафар қурбоннинг 10 нафари уйғур, уч нафари хан ва икки нафари мўғуллар эканини билдирган.

Шинжон ҳукумати матбуот котиби Хоу Ханмин нобуд бўлганларнинг тўққиз нафари тинч аҳоли вакиллари, олти нафари полиция ходими ва олти нафари уйғур эканини, бундан ташқари воқеага алоқадор экани гумон қилинган саккиз уйғур қўлга олинганини маълум қилган.

Шинжонда туб аҳоли бўлган уйғурлар ва кўчириб келтирилган ханлар ўртасида тўқнашувлар тез-тез содир бўлиб туради.

Жорий йил 7 март куни Корла шаҳрида уйғурлар ва ханлар ўртасида рўй берган тўқнашувда тўрт киши ҳалок бўлган, саккиз киши жароҳат олган эди.

2009 йилда Шинжонда содир бўлган оммавий зўравонликларда қарийб 200 киши ўлган, 1600 одам жароҳат олган.

Хитой ҳукумати уйғурларни тез-тез террорчилик фаолиятида айблаб келади.

Бироқ Шинжондаги вазиятдан яхши хабардор бўлган экспертлар фикрича, Пекин тартибсизликларга сабаб бўлаётган ички сиёсатини оқлаш учун терроризм таҳдидини бўрттириб кўрсатмоқда.

АҚШ Хитой ҳукуматини Шинжонда вазиятни юмшатиш ва узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш учун сешанба кунги воқеа юзасидан шаффоф текширув олиб боришга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG