Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

Каримовнинг Блейк билан сўзлашуви тафсилотлари очиқланмади


АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк матбуот анжуманида камгап бўлди, дейди тошкентлик журналист.
АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк матбуот анжуманида камгап бўлди, дейди тошкентлик журналист.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. АҚШ мулозими 24 апрел куни Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан учрашди. Расмий матбуот сўзлашувларга оид умумий гаплардан иборат хабарларни бермоқда. Жаноб Блейкнинг ўзи ҳам пайшанба куни ўтказилган матбут анжуманида умумий гаплардан нарига ўтмади.



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк 24 апрел куни тонгда Тошкентга етиб келгач, даставвал Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Расмий хабарларда айтилишича, мазкур учрашувда президент Каримов Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари “узоқ муддатли асосда барқарор” ривожланиб бораётганини таъкидлаган.

Президентнинг давлат котиби ёрдамчиси билан сўзлашувларида, жумладан, Афғонистондаги ҳозирги вазият юзасидан фикр алмашгани ҳам айтилади расмий хабарномада.

Блейкнинг Тошкентга сафари Вашингтон 2014 йил охирига қадар Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга тараддуд кўраётган пайтга тўғри келди. Қўшма Штатлар қўшинларни олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишни кўзламоқда.

Бунинг эвазига Ўзбекистон АҚШдан ҳарбий ёрдам олишга умид қилмоқда. Ўтган ойда АҚШ Конргессининг ташқи ишлар масалалари бўйича қўмитаси олдида қилган чиқишида Роберт Блейк Вашингтон Тошкентнинг илтимосига кўра, Ўзбекистонга террорчиликка қарши курашиш учун ҳарбий ёрдамни тиклашни режалаштираётганини маълум қилган эди.

Вашингтон 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Тошкентга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатган.

АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг президент Каримов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан сўзлашувлари чоғида ҳарбий ёрдамга оид масалалар кўтарилганми, йўқми бу ҳақда расмийлар маълум қилишгани йўқ.

Айни пайтда, пайшанба куни Роберт Блейк Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўтказган матбуот анжуманида қатншаган саноқли журналистлар Вашингтон расмийсига бунга оид саволларни беришган.

Матбуот анжуманида қатнашган олти журналист орасида тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бор эди. Журналистнинг айтишича, жаноб Блейк ҳам матбуот анжуманида ҳарбий ёрдам, Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилиши ҳақидаги саволларга умумий жавоблар билан кифояланган.

- Албатта Ўзбекистонга ҳарбий ëрдамлар масаласи кўтарилди ва Ўзбекистонга доимий ҳамкор сифатида ҳарбий ëрдамлар бериб келамиз, деди. Журналистларнинг ярим ҳазил оҳангида “Немислар Ўзбекистондан чиқиб кетаëтганда база қолдириб кетишди. Британияликлар Ўзбекистонга қурол қолдириб кетишди. Америка Ўзбекистондан карго сифатида фойдалангандан кейин нима қолдиради” деган саволига “ биз, шубҳасиз, энди ҳарбий техника, ҳамкорлигимиз давом этади. Биз бу регионда узоқ ишламоқчимиз” деди,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари ҳам давлат котиби ёрдамчисининг ташрифи якунларига оид бошқа тафсилотларни бера олмаслигини билдиришди.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Блейк март ойи бошида Конгрессдаги йиғинда ҳарбий ёрдам эвазига Вашинтон Тошкент ҳукуматидан инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича амалий қадам ташлашни сўрашини маълум қилган эди.

АҚШ дипломати 23 апрел куни Тошкентда фуқаровий жамият вакиллари билан ҳам давра суҳбати ўтказган эди.

Пайшанба кунги матбуот анжуманида берилган саволларнинг аксар кўпчилиги ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият ва демократия билан боғлиқ вазият ҳақида бўлди, дейди Ташанов.

- Биз журналистларни қизиқтирган ассоий мавзу инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласи бўлиб қолди. Шунинг учун масалан мен мамлакатда мухолиф партиялар рўйхатга олиниши борасида ҳам гап бўлдими, дедим. Бошқа ҳамкасбларим сиëсий маҳкумлар масаласини кўтаришди. Блейк жаноблари жуда ҳам қисқа гапириб кетди. “Мен ҳамма мавзуларда очиқча гаплашдим. АҚШ талабларини қўйдим. Лекин буларнинг деталларига тўхталмоқчи эмасман. Чунки дипломатик қоидаларга мос келмайди бу” деб гапирди,- дейди тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

АҚШ элчихонаси вакилларига кўра, Роберт Блейк пайшанба куни Олмаотада ўтказиладиган “Осиё юраги” номли халқаро конференцияда қатнашиш учун Қозоғистонга жўнаб кетган.
XS
SM
MD
LG