Линклар

Путин мигрантлар кирадиган йўлни торайтирмоқчи


Президент Путин 25 апрель куни россияликлар саволларига жавоб берди.

Президент Путин 25 апрель куни россияликлар саволларига жавоб берди.

25 апрел куни Москва вақти билан соат 12:00 да Россия Президенти Владимир Путин фуқаролар билан бевосита мулоқотга чиқди ва россияликлар саволларига жавоб берди. Кузатувчилар бир овоздан 4 соат 50 дақиқа атрофида давом этган Россия халқи билан телеучрашув илгаригидек қизиқарли ўтмаганини таъкидламоқда.

Жонли телеалоқага чиққан Владимир Путин Россия фуқаролари билан 11-чи маротаба билан савол-жавоб қилди. Жўнатилган саволлар асосан уй-жой, коммунал хўжалик масалалари, таълим-тарбия, маданият, мамлакат иқтисодий ҳолати, коррупция ва сиёсат муаммоларига бағишланди.

Мулоқот ташкилотчилари эфир бошланмасидан олдин Россиянинг турли ўлкаларидан 1,5 миллион савол жўнатилганини хабар қилди. Телеинтервью давомида Путин Россиянинг турли шаҳарларидан унга мурожаат қилган россияликлар саволларига жавоб берди.

Интервю Россиянинг “Биринчи”, "Россия 1", "Россия 24" телеканаллари, шунингдек, "Маяк", "Радио России" ва "Вести FM" радиостанциялари орқали эфирга узатилди.

Россия Президенти собиқ молия вазири Алексей Кудрин билан бўлган мулоқот давомида охирги пайтда Россияда тарқаган миш-мишларга чек қўйиб, Медведев кабинетини истеъфога чиқариш нияти йўқлигини айтди.

Магнитогорскдан мулоқотда иштирок этганлардан бири Путиндан мактабларда ҳижоб кийиш тўғрисида савол берди. Владимир Путин мактабларда ҳижоб кийилишига мутлақо қарши эканини билдириб, негадир “ҳижоб кийиш айрим мусулмон мамлакатларида ҳам тақиқланган”, деди. У Россия мактабларига мактаб формаси қайтарилиши кераклигини уқтирди.

“Независиямая газета” бош муҳаррири Константин Ремчуков “Россиянинг Ғарб мамлакатлари билан нормал муносабатларда бўлиши Россия фойдасигадир, деб ўйлайман. Обама билан ўзаро ишончни тиклашга қаратилган комплекс чораларни муҳокама қилиш вақти етиб келмадимикин?”, деб Путинга мурожаат қилди.

- Муносабатларнинг ёмонлашиши Ироқдан бошланди, ўшанда бизни бу ҳодисаларга фаол қўшилишга чорлашди, биз эса бу қадам хато эканини гапирдик. Шундан орамизда совуқчилик бошланди. Уларнинг ўз ўлчовлари, бизнинг ўз ўлчовларимиз бор. Бизда уларнинг меъёрларини жорий қилишнинг иложи йўқ. Лекин бу ўзаро муносабатларни тиклаш йўлларини излаш керак эмас, дегани эмас. Ахир “Магнитский рўйхатини” биз қабул қилмадик-ку... Қолаверса, улар биз жавоб бермаймиз, деб ўйлади. Улар Конгрессни бошқариб бўлмайди, бизнинг парламент эса “қўғирчоқ парламент”, деб ҳисоблашади, деди Россия президенти.

Савол берганларнинг кўпчилиги савол ўрнига ўзларининг Россия сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётига оид таклифларини илгари сурди. Ёзувчи Александр Проханов давлатда ижтимоий ва моддий тенгсизлик авж олиб бораётганини гапириб, саноқсиз саройлару бойликларга эга олигархларга қўшимча солиқ солиш вақти етиб келмадимикин, деди.

Айни пайтда, Россия президенти билан мулоқотда фуқаролар мухолифатнинг бугунги аҳволига қизиқиш билдирди.

Жумладан, телеинтервьюнинг 3- соати бошланишида ниҳоят кимдир Киров шаҳрида суд қилинаётган мухолифат лидерларидан бири ва коррупцияга қарши блоггер Алексей Навалнийнинг тақдирига президентнинг эътиборини қаратди.

Бунга жавобан, Россия президенти “”Ўғрини ушла!” деб бақираётганлар ўзлари ўғирлик қилмасликлари керак”, деди.

- Коррупцияга қарши курашаётган одамлар ўзлари тоза бўлиши керак. Мен бу масала юзасидан тергов объектив бўлиши кераклигига Бош прокуратура эътиборини қаратдим, деди Владимир Путин.

Шунингдек, у мухолифат билан мулоқотда эканини гапириб, уларни маданий фикр алмашувига чақирди. “Шунчаки, сафсата сотиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади”, деб қўшимча қилди у.

Айтиш жойизки, Россия президенти Москвада савол-жавоб қилаётган бир пайтда Кировда иккинчи кундирки, мухолифатчи Навалний устидан суд маҳкамаси бўлиб ўтмоқда.

Мулоқот чоғида кўпчиликнинг эсида қолган саволлардан бирини “Эхо Москвы” бош муҳаррири Алексей Венедиктов берди. Венедиктов Путиннинг Сталинга бўлган муносабати ва нега у Россияни “сталинча усуллар” билан бошқаришга интилаётганига қизиқди.

Владимир Путинга кўра, "Россияда на Сталинизм, на шахсга сиғиниш аломатлари бор". Мужмал жавоб берганини ўзи ҳам ҳис этган Россия раҳбари гапни нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва уларга бўлаётган босим масаласига бурди. “Биз уларга ишлашни тақиқламаяпмиз , лекин улар қаердан ва қанча пул олаётганини билишни истаймиз”, дея жавоб берди ва "бундай қонун 1938 йилда АҚШда ҳам қабул қилинган" деди.

Мулоқот чоғида Путин Борис Березовский ҳақида саволларга жавоб берар экан, ундан ҳақиқатан иккита мактуб олгани, унда Лондонда қўним топган олигарх президентдан кечирим сўрагани ва Березовскийнинг Россияда дафн этилишига қарши эмаслигини айтди.

Владимир Путин, кутилганидек, кўплаб россияликларни қизиқтираётган миграция ва мигрантлар масалаларига оид саволларга қисқа қилиб бундай жавоб берди.

- Мен ҳам марказий осиёлик фуқароларнинг Россия Федерациясига киришига оид талабларнинг қатъийлашиши тарафдориман. 2015 йилгача бу мамлакатлар хориж паспортларини чоп этиб тарқатишга улгуриши керак, деди Россия президенти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG