Линклар

Ҳуқуқ фаоли ўзи устидан ўтказилган судга бир кун кечикиб чақирилди


Исроил Ризаев 22 апрел куни ўтказилган судга чақирув қоғозини 23 апрел куни олганини айтмоқда.

Исроил Ризаев 22 апрел куни ўтказилган судга чақирув қоғозини 23 апрел куни олганини айтмоқда.

Шу йилнинг 22 апрел куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди раиси Ҳусниддин Дўстназаров ўтказган маҳкамада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси Исроил Ризаевни сиртдан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши) билан жаримага тортди.


Ҳуқуқ фаолининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, суд мажлиси унинг иштирокисиз ўтказилган. Номаълум сабабларга кўра, 22 апрел куни ўтказилган суд чақирув қоғози Ризаевга 23 апрел куни етказиб берилган.



Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда акс этган қонунбузарликни содир этган ҳуқуқ фаоли Ризаев энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм ёки 2800 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима билан жазоланди.

Касби ўқитувчи бўлган ҳуқуқ фаоли бунча миқдордаги жариманинг тайинланишини унга босим ўтказиш мақсадида солинганини айтмоқда.

Тўпланган маъмурий иш материалларига кўра, Исроил Ризаев Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаолиятини тегишли Адлия ҳисоб рўйхатидан ўтказмасдан амалга ошириб келган. Инсон ҳуқуқларига оид вазиятни мониторинг қилиб, фуқароларнинг мурожаатлари асосида ахборот ва маълумотлар тарқатган. Адлия бошқармасининг огоҳлантиришларига қарамай фаолиятини давом эттириб келган.

Ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев ўзига қўйилган айбловнинг мутлақ уйдирма экани ва ўзининг кейинги 2 йил давомида Сирдарё вилояти Адлия бошқармасига 11 марта мурожаат қилганини айтмоқда.

Исроил Ризаевга кўра, Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси қонунга хилоф равишда “Эзгулик”нинг мурожаатларини оқибатсиз қолдириб келган. Айни пайтда рўйхатга олишни рад қилиш тўғрисида жавоб ҳам бермаган. Бундан ташқари Исроил Ризаев томонидан фуқаролардан олинган шикоят ва аризалар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқарувида қайд қилинган.

Шунингдек, Исроил Ризаев ЖИБ Срдарё вилояти судининг сиртдан чиқарилган қароридан 24 апрель куни хабар топди. У шу кунгача на судга чақирув қоғози, ва на телеграмма олган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз фаоли Исроил Ризаевнинг ҳимоясига қаратилган бугунги баёнотида суд қарорини кескин қоралайди ва бу қарорни фуқаролик жамияти вакили фаолиятига қаратилган сиёсий аҳамиятга эга ҳужжат деб ҳисоблайди. Жамият ў баёнотида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳамда Бош прокуратурани ҳуқуқ фаоли билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ беришга чақирган.
XS
SM
MD
LG