Линклар

logo-print

Қирғиз делегацияси Минскда Бакиев масаласида музокара ўтказади


Халқаро қидирувда бўлган Максим Бакиев АҚШ илтимоси билан Британияда қўлга олиниб, уй қамоғида сақланмоқда.

Халқаро қидирувда бўлган Максим Бакиев АҚШ илтимоси билан Британияда қўлга олиниб, уй қамоғида сақланмоқда.

Қирғизистон ҳукумати Белорусдан бошпана топган 50 нафар қидирувдаги шахс, жумладан, собиқ президент Қурманбек Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилиш масаласида Минскка ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларидан иборат махсус делегация жўнатди.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жўрабой Абдраимовнинг айтишича, Минскда қочиб юрган қидирувдаги шахсларнинг асосий қисми 2010 йил инқилобидан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган Қурманбек Бакиев ҳукуматида ишлаган амалдорлардир.

-Минскда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қидирилаётганлар рўйхатида бўлган элликка яқин одам бор. Улар 2010 йил апрел инқилобидан сўнг қочиб кетган шахслар. Уларнинг асосий қисми Бакиев ҳукуматида ишлаган амалдорлардир, -деди Жўрабой Абдраимов.

Минскка жўнаб кетган Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимларидан иборат махсус гуруҳ Белорус ҳукуматидан икки давлат ўртасида имзоланган жиноятчиларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги шартномаларга таянган ҳолда музокаралар олиб боради.

Қирғизистон ҳукумати бундан аввал ҳам бир неча бора Минск расмийларига Қурмонбек Бакиевни Бишкекка топшириш талаби билан мурножаат қилган эди. Бироқ Белорус бу талабларни инобатга олмаган.

Жорий йилнинг феврал ойида собиқ президент Қурмонбек Бакиев Бишкек горнизони ҳарбий трибунали томонидан президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Медет Садирқулов ўлимига алоқадорликда айбланиб сиртдан судланган ва 24 йилга кесилган эди.

Қирғизистон парламенти мазкур суд ҳукми асосида Белорус ҳукумати ва бир қатор халқаро ташкилотларга Бакиевни Бишкекка экстрадиция қилишда кўмаклашишни илтимос қилиб мурожаат жўнатган.

-Бакиевларни Қирғизистонга қайтариш учун парламент барча ҳамкор ташкилотлар билан ишламоқда. Ҳукумат ҳам шу каби ишларни амалга ошираяпти. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари делегациясининг Минскка бориши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки Белорус Бакиевни сиёсий қувғин сифатида эътироф этади. Бу масалада музокараларнинг олиб борилиши Минск расмийларининг муносабатини ўзгартириши мумкин, -деди Қирғизистон парламенти депутати Максат Сабиров.

Бироқ белоруслик сиёсатшунос Александр Класковский Қирғизистон томонининг бу каби ҳаракатлари натижа бермаслигини айтади.

-Бу масалада белоруслик экспертлар президент Александр Лукашенко Бакиев ва унинг яқинларини Қирғизистонга топширмайди, деган нуқтаи-назарни билдиришмоқда. Сабаби, Лукашенко 2010 йилда Бакиевга бошпана берар экан, уни қийин кунларда ёлғизлатиб қўймасликка ваъда берган. Ўшандан бери Лукашенко ўз позициясини ўзгартиргани йўқ, -деди Александр Класковский.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан Қурманбек Бакиевнинг ўндан ортиқ қариндошлари халқаро қидирувга берилган. Улардан фақат собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиев АҚШ сўрови билан Лондонда қўлга олинган. АҚШ Максим Бакиевни молиявий жиноятларда айбламоқда. Айни пайтда Максим Бакиев Британияда уй қамоғида сақланаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG