Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:29

Андижон мелисадан агрономга ўтди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 26 апрел куни Андижонга борди. Каримов Андижон вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида нутқ сўзлаб, вилоятга янги ҳоким тайинлади. Вилоят ҳокимлиги милиция генералининг қўлидан қишлоқ хўжалиги мутахассисига ўтди.


Андижон вилояти Халқ депутатлари кенгашининг 26 апрел куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида президент Ислом Каримов тавсияси билан вилоятга янги ҳоким сайланди.

Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, сессия бир неча соат давом этмаган:

- Илгари вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Шуҳратбек Абдураҳмоновни депутатлар ҳоким этиб сайлашди. Ўзлари 44 ёшда, пахтаободлик, илгари шу туманда ҳоким бўлиб ишлаганлар,- деди ҳокимлик мулозими.

Мулозимнинг айтишича, президент сессиядан чиқибоқ, Тошкентга жўнаб кетган.

Пахтаобод туманида истиқомат қиладиган 45 ёшли Омонуллонинг айтишича, Шуҳратбек Абдураҳмонов туман ҳокими бўлиб ишлаган вақтда, яхши ном қолдирган:

- Бизда у киши ҳоким бўлганларида жуда яхши ишларни қилганлар. Энг яхши ҳусусияти манмансирамайди, ҳар қандай одам билан ҳам гаплашиб кетаверади. Ўзига тўқ одам, одамларни ўзидан итармайди, киришиб кетаверади, - дейди пахтаободлик Омонулло.

Андижон вилояти собиқ ҳокими Аҳмаджон Усмонов Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланганидан сўнг Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон вилояти ҳокими вазифасини вақтинча ижро этувчи этиб тайинланган эди.

Исми сир қолиш шарти билан гапирган андижонлик тингловчилардан бири президент ташрифи муносабати билан шаҳарда хавфсизлик чоралари фавқулодда кучайтирилганини айтди:

- Эрталабдан шаҳарга олиб кирадиган барча йўллар қаттиқ назоратга олинди. Шаҳар марказига борадиган кўчалар автобус ва юк машиналари билан тўсиб қўйилди. Вилоят ҳокимияти томон эса пиёдалар қатнови ҳам тўхтатилди,- дейди андижонлик тингловчи.

Андижон вилоятини Аҳмаджон Усмоновгача бошқарган икки ҳоким устидан ўз вақтида жиноят иши қўзғатилган эди.

Тошкент вилояти ҳокими қилиб тайинланган генерал Аҳмаджон Усмоновдан олдин вилоятни Сайдулла Бегалиев бошқарган эди.

2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган исëн пайтида вилоятга раҳбарлик қилган Бегалиев бу воқеалардан кейин ишдан олинган ва 2007 йилда унинг устидан жиноят иши қўзғатилган.

Пировардида Бегалиевга нисбатан шартли жазо қўлланилгани айтилади.

Бегалиевгача Андижон вилоятида 1999 йилдан 2004 йилгача "Ўзбекистон қаҳрамони" Қобилжон Обидов ҳоким бўлган.

Қобилжон Обидов 2007 йилда Тошкент шаҳар суди тарафидан 2005 йил 13 майдаги Андижон исëнига алоқадорликда айбланиб, бир йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
XS
SM
MD
LG