Линклар

Афғонистон жанубидаги автоҳалокатда 30га яқин одам қурбон бўлди


Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Қандаҳор шаҳри яқинида рўй берган автоҳалокатда 30га яқин одам ҳалок бўлган.

Қандаҳор вилояти ҳокими матбуот вакилининг маълум қилишича, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Ҳодисада яна камида 10 киши жароҳатланган.

Маълум бўлишича, лиқ тўла автобус ёнилғи олиб кетаётган машина билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса сабаблари суриштирилмоқда. Лекин қўшни Ҳилманд вилояти ҳокимлиги матбуот вакилининг айтишича, ёнилғи машинаси Толибон жанггарилари ҳужумига учраб, ёнаётган ҳолда йўл ўртасига ташлаб кетилган ва йўловчи автобус унга келиб урилган.

Қандаҳор вилоят ҳокимлиги бу хабарни инкор қилди.
XS
SM
MD
LG