Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

ЕИ ўзбек ёзувчисининг озодликка чиқарилганини олқишлади


ЕИ Ташқи ишлар вазири Тошкентда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва ноҳукумати ташкилоти вакиллари билан учрашмоқда
ЕИ Ташқи ишлар вазири Тошкентда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва ноҳукумати ташкилоти вакиллари билан учрашмоқда

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг қамоқдан озод этилишини олқишлади. Ўзбек ёзувчисининг 14 йиллик қамоқ ортидан озод этилиши Тошкент ҳукумати билан олиб борилган мулоқот самараси экани таъкидланмоқда.

Европа Иттифоқи миссияси раҳбари номидан эълон қилинган баёнотда расмий Брюссел келажакда ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан шундай ижобий амалларни кутиши, жумладан Ўзбекистон қамоғидаги бошқа фаоллар, журналистлар ва мухолифатчиларнинг ҳам озодликка чиқарилишини таъкидланган.

Европа Иттифоқининг миссияси ўзбек ёзувчисининг 14 йиллик қамоқ ортидан озод этилиши Тошкент ҳукумати билан олиб борилган мулоқот самараси эканини таъкидламоқда.

ЕИ расмийларига кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлидаги ишлар бундан буён ҳам давом эттирилади.

1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган ёзувчи Мамадали Маҳмудов ўтган ҳафта кутилмаганда озодликка чиқарилди.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда "бир маҳбуснинг озодликка чиқарилиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий вазиятининг яхшиланганини англатмайди", деб билдирди.

-Бир маҳбуснинг озод этилиши Ўзбекистондаги аҳвол яхшиланганини англатмайди. Халқаро ҳамжамият ўзбек ҳукуматидан барча сиёсий маҳбусларни озод этишни талаб этмоғи керак. Ўзбекистондаги ҳукумат сиёсий маҳбусларни озод этиши кифоя эмас, уларнинг қамоққа ташланиши ноқонуний бўлганини ҳам тан олиб, аввалги фаолиятини давом эттиришларига рухсат берилиши керак, -дейди Свердлов.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист бор.

Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари шулар жумласидан.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, ўтган йил феврал ойида озодликка чиқиши керак бўлган 58 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати бир йил аввал 4 йил 8 ойга узайтирилди.

Журналист Юсуф Рўзимуродов ҳам соғлиғи ёмонлашганига қарамай, 14 йилдан буён қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG