Линклар

Хориж компаниялари самолётларига сўмда чипта сотилмайди

  • Садриддин Ашур

Энди ўзбекистонликлар "Аэрофлот" самолётларига фақат долларда чипта харид қилиши мумкин

Энди ўзбекистонликлар "Аэрофлот" самолётларига фақат долларда чипта харид қилиши мумкин

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Москвага қилган сафаридан сўнг, хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари кассалари ўзбек сўмида чипта сотишни тўхтатди. Авиакассалар сотувчиларининг айтишларича ўзбекистонлик фуқаро фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларига сўмда чипта харид қилиши мумкин.

Озодликнинг ozodlikmail@gmail.com электрон почтасига 27 апрел куни қуйидаги мазмундаги хат келиб тушди:

"Ўзбекистондан Россияга келаётган одамлардан авиачипталарни сўмда эмас, долларда олишганини эшитиб, очиғи ишонмаган эдим. Куни-кеча аёлимни ёнимга чақирмоқчи эдим, авиакассага боришса ҳозир мавсум туфайли чипталарни долларда сотишаётганини эшитиб, очиғи ҳайрон бўлдим. Яна камига анчагина қимматроқ ҳам экан. Доллар йўқлигини айтиб, сўмда ҳам тўланса бўладими деб сўрашганида, “бўлади, фақат давлат курсида эмас балки кўча курсида тўлаш керак” дейишибди. Илтимос, шунга ойдинлик киритсангиз. Энди Ўзбекистон фуқаролари ҳам авиачипталарни долларда харид қиладими?”, деб ёзади тошкентлик Бахтиёр.

Озодлик тингловчининг бу саволи ортидан Тошкентдаги бир неча авиакасса билан боғланди.

“Mirafzal-TOUR” масъулияти чекланган жамиятга қарашли авиакасса ходимининг айтишича, ҳақиқатан ҳам 22 апрелдан бошлаб, фақат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларига чипталар ўзбек сўмида сотиляпти, қолган компаниялар самолётларига эса валютада сотилмоқда:

- Ҳозир барча йўналишлар, Турк ҳаво йўллари, Россия компаниялари ва бошқа хорижий авиакомпаниялар қатнайдиган йўналишларга чипталар фақат валютада сотилмоқда. Душанба кунидан бошлаб шундай бўлди. Агар сиз ўзбек сўмида чипта олмоқчи бўлсангиз фақат Ўзбекистон ҳаво йўллари кассаларига мурожаат қилинг, деди авиакасса ходими.

Тошкентдаги яна бир авиакасса ходимининг айтишича, Россия авиакомпанияларнинг ўзбекистонлик йўловчиларга фақат валютада чипта сотиш тартиби Ислом Каримовнинг Москвага бориб келганидан сўнг жорий этилган:

- Ислом Каримов яқингинада Москвага бориб келдику, ўшанда шартнома тузилган, Аэрофлот долларга ўтсин дейилди, Ўзбекистон ҳаво йўллари сўмга ўтсин, дейилди. Ҳозир 20 майгача Ўзбекистон ҳаво йўлларига чипта қолмаган, агар шу пайтгача бормоқчи бўлсангиз фақат долларда оласиз, бошқа иложингиз йўқ, деди ўзини таништирмаган авиакасса ходими.

Жорий йилнинг 20 март куни Россиянинг “Аэрофлот” ширкати Ўзбекистонда ҳамон миллий валюта – сўмда сотилган билетлардан йиғилган пулни конвертация қилиш ва Россияга ўтказиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаëтгани ҳақида расмий баëнот тарқатган эди.

Президент Каримовнинг 15 апрел куни Москвага кутилаётган расмий ташрифи арафасидаги Ўзбекистон ва Россия делегациялари учрашувида Ўзбекистон томони Россия авиаширкатларига тегишли пулларни конвертация қилишга ваъда берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG