Линклар

Ироқ ҳукумати Анбарда комендантлик соати жорий қилди


Рамадий шаҳридаги ҳукуматга қарши намойиш қатнашчилари "Аллоҳу Акбар" деб бақираётган пайт, 2013 йилнинг 26 апрели.

Рамадий шаҳридаги ҳукуматга қарши намойиш қатнашчилари "Аллоҳу Акбар" деб бақираётган пайт, 2013 йилнинг 26 апрели.

Анбар вилоятида коммендантлик соати жорий қилинишига шанба куни суннийлар норозилик акцияси ўтказаётган вилоят маркази Рамадий шаҳридаги лагер яқинида армия разведка хизматининг беш аскари ўлдирилгани сабаб бўлди.

Ироқнинг Анбар вилоятидаги ҳарбий амалиётлар учун масъул бўлган қўмондон генерал-майор Марди Мишҳин Ал-Маҳалавий норозилик акцияси ташкилотчиларига 24 соат ичида қотилларни тутиб топшириш ултиматумини қўйди.

Генерал, агар бу талаб бажарилмаса, “кескин чоралар кўрилиши” ҳақида огоҳлантирди.

Ироқ Бош вазири Нурий Ал-Маликий ўз ҳукумати армия аскарлари ўлдирилганига жим қараб турмаслигини таъкидлади.

Хабарларга кўра, пойтахт Бағдоддан 100 километр ғарбда жойлашган Рамадий шаҳрида шанба куни содир бўлган тўқнашувда ҳужум қилган шахслардан икки нафари ўлган.

Шиалар етакчилигидаги Ироқ ҳукумати сунний мазҳабидаги норозилар нишони бўлиб келмоқда - улар Ал-Маликий ҳукуматини суннийларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб келаётганликда айбламоқда.

Ироқ расмийлари норозилар орасига Ироқдаги Ал-Қоида, Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг тарафдорлари сингари исёнчи гуруҳлар аъзолари ҳам кириб олганини иддао қилиб келади.

Ўтган ҳафта бошида Ҳавжа шаҳрида хавфсизлик кучлари норозилик акцияси қатнашчиларини куч билан тарқатиб юборгани Ироқда кескин вазият юзага келишига туртки бўлди.

Сўнгги беш куни ичида мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумлар оқибатида 170 дан ортиқ одам нобуд бўлди, юзлаб одам яраланди.

Шанба куни Бош вазир Нурий Ал-Маликий “мазҳабчилик” хавфли экани ҳақида огоҳлантириб, муҳтамалан Сурияни назарда тутиб, бу Ислом дунёсига тезда тарқалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Миср пойтахти Қоҳирада президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятга олиб келган Мусулмон Биродарлиги ҳаракати Ироқ ҳукуматининг хатти-ҳаракатини кескин қоралаб, бу Ироқда хавфсизликни таъминлаш ва ислоҳотлар амалга оширишга асло ҳисса қўшмайди, дея баёнот берди.

Айни пайтда, шанба куни Ироқ шимолидаги Тикрит шаҳри яқинида ҳукумат тарафдори бўлган сунний мазҳабидаги Саҳва гуруҳига тегишли текширув пункти ўққа тутилгани оқибатида гуруҳнинг беш аъзоси нобуд бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG