Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

Покистон: Толиблар сиёсий партия идораларига ҳужум қилди


Муттаҳида қавми ҳаракатининг Карачи шаҳридаги ҳужумга учраган идораси.
Муттаҳида қавми ҳаракатининг Карачи шаҳридаги ҳужумга учраган идораси.
Покистонда 11 май кунига белгиланган парламент сайлови арафасида бомба ҳужумлари авж олмоқда. Якшанба куни икки мустақил номзодга қарашли сайлов идораси олдида амалга оширилган портлашлар оқибатида камида саккиз киши нобуд бўлди, 35 одам жароҳат олди. Ҳужумлар учун масъулиятни покистонлик толиблар ўз зиммасига олди.


Покистон полицияси якшанба куни Ҳайбар Пахтунхва вилоятининг Коҳат шаҳрида эрталаб уюштирилган биринчи портлашда беш одам нобуд бўлгани, 22 киши яраланганини маълум қилди.

Пешовар шаҳрида амалга оширилган иккинчи ҳужумда уч одам ўлган, 13 киши яраланган.

Сиёсий партиялар идораларига қарши якшанба куни амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Таҳрики Толибон Покистон номи билан танилган покистонлик толиблар ўз зиммасига олди.

Авоми миллий партияси лидерларидан бири Миа Ифтиҳор Ҳуссайн Озодликка якшанба кунги ҳужумлар Покистоннинг ҳозирги маваққат ҳукумати хавфсизликни таъминлаш вазифасини уддалай олмаганига далил эканини таъкидлади.

Бироқ Ҳуссайн ўз партияси зўравонлик сабабли 11 май кунги сайловга бойкот эълон қилиш ниятида эмаслигини қўшимча қилди.

- Муваққат ҳукумат буткул муваффақиятсизликка учради. Сайлов комиссияси ҳам берган ваъдасининг устидан чиқмади. Ҳукумат хавфсизликни таъминлаш тўғрисида барча тегишли идораларга буйруқ бериши керак эди. Бироқ муаммо шундаки, муваққат ҳукумат режа ва стратегияга эга эмас. Акс ҳолда, бундай аянчли вазият юзага келмаган бўларди, деди Авоми миллий партияси лидерларидан бири Миа Ифтиҳор Ҳуссайн.

Ҳайбар Пахтунхва вилояти Ахборот вазири вазифасини бажараётган Мусаррат Қадим Озодлик мухбири билан суҳбатда сайлов номзодлари идораларга уюштирилган ҳужумларни қоралаб, номзодлар хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўрилаётганини таъкидлади.

- Аввало биз ҳужумларни кескин қоралаймиз. Бу ғайриинсоний хатти-ҳаракат. Биз хавфсизликни таъминлаш режасини ишлаб чиқдик. Сайловолди кампанияси ва учрашувлар олиб бораётган номзодлар хавфсизликни таъминлаш учун биз уларга қўриқчилар ажратишимизни маълум қилдик, дея баён қилди Ҳайбер Пахтунхва вилояти Ахборот вазири вазифасини бажараётган Мусаррат Қадим.

У толиблар Карачи ва Пешавор шаҳридаги каби сайлов кампанияси идораларига ҳужумлар уюштириш тактикасини қўллаётганини қўшимча қилди.

Шанба куни Карачи шаҳридаги Авоми миллий партияси ва Муттаҳида қавми ҳаракатига тегишли идораларга қилинган ҳужумда тўрт киши нобуд бўлган, ўнлаб одам яраланган эди.

Покистонлик толиблар исломчиларга қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётларни қўллаб-қувватлаган сиёсий партиялар идораларига қарши ҳужум уюштириш билан таҳдид қилган.
XS
SM
MD
LG