Линклар

logo-print

Мубинхон қори: 113 та Қуръон ҳофизи етиштирдим


Муҳаммад Мубинхон қори (чапдан биринчи) Бухородаги мадрасада ўқиётган чоғларида. 1948-1951 йиллар.

Муҳаммад Мубинхон қори (чапдан биринчи) Бухородаги мадрасада ўқиётган чоғларида. 1948-1951 йиллар.

Андижонлик Мубинхон қори етиштирган 113 нафар мукаммал Қуръон ҳофизидан айримлар ҳозир Ўзбекистон ҳукумати идораларида ишламоқда. Собиқ совет даврида етишган аксар дин пешволарига Қуръон қироати бўйича устозлик қилган андижонлик Муҳаммад Мубин қори "Ўзбек имомлари" эшиттиришининг навбатдаги қаҳрамонидир.


"Жажжи имом оёғи остига сандал қўйиб беришар эди"

Андижонлик Мубинхон қорини ҳозир ёши 50дан кичик бўлган ўзбекистонлик мусулмонларнинг кўпчилиги танимайди.

Лекин, дин илмидан сабоқ бераётган устозларининг устозларига қизиққанлар бўлса, албатта, бу киши ҳақида эшитгандир.

Чунки, Муҳаммад Мубинхон қори ислом илмини ўқитиш кескин тақиқланган собиқ совет замонида динини сақлаб қолган уламоларнинг аксариятига устозлик қилган мударрислардан биридир.

У кишининг қўлидан таълим олган кўпчилик аҳли илмлар ҳозир Марказий Осиё минтақасидаги ҳукуматлар идораларида ишламоқда. Уларнинг номи билан қуйироқда танишасиз.

Ҳозир эса у кишининг шахси, асли-насли ҳақида дастлаб Quran.uz сайтида берилган маълумотлардан келтирмоқчимиз. (Бу сайт Мубинхон қори ҳақида тўкис маълумот берган интернетдаги деярли ягона манбадир.)

Муҳаммад Мубин қори ака мелодий 1914 йил 11 январь куни (1332 йил 14 сафар) Андижон шаҳри, Чуқур Масжид маҳалласида илмли ва тақводор оилада таваллуд топганлар. Аминжон махдум домланинг 6 нафар фарзанди бўлиб, Муҳаммад Мубин уларнинг тўнғичи эди. Муҳаммад Мубин қорининг оталари - Муҳаммад Амин домла бўлиб, у киши «Аминжон махдум домла» деган ном билан машҳур бўлган”.

Энди эса Муҳаммад Мубин қорининг Қуръон илмини қандай ўргангани ҳақидаги парчани ўқинг:

Аминжон махдум домла бўлажак Қуръон ходими Муҳаммад Мубин қорини икки ёшидан бошлаб «кўзи ўрганиб, қулоғи пишиб турсин» деган мақсадда дарсхонага ўзи билан олиб борар эди. Дастлабки илмни отасидан олган Муҳаммад Мубин қори Каломуллоҳни 9 ёшида таровеҳ намозида хатм қилиб беради. Яна икки йиллик такрор билан Қуръон ҳифзини такомиллаштириш натижасида у катта жамоатларда ҳам хатмга ўта бошлайди. Ҳатто баъзи катта жамоатлар ўзларининг «жажжи имом»ини бўйларига тенглаш мақсадида оёғи остига сандал қўйиб беришар эди”, деб эслайди Мубинхон қорини Quran.uz сайти.

Муҳаммад Мубин қори 18 ёшда уйланган. У, асосан, ёшлари улғайиб қолган ота онасининг хизматини адо этиш, оилани ҳалол ризқ билан таъминлаш мақсадида махсидўзлик, тери бўяш каби юмушлар билан шуғулланган.

Бундан ташқари, деҳқончилик ҳам қилган. У кишининг 13-14 йил давомида Балиқчи туманининг чўлларида қовун тарвуз эккани ҳам ҳикоя қилинади.

Қуръон илмини дастлаб, Андижон шаҳридаги "Девонабой" масжидида имомлик қилган отаси Аминжон домла ва маҳаллий мударрислардан ўрганган Мубинхон қори 1948-1951 йиллар орасида Бухородаги Мир Араб мадрасасида ҳам таҳсил олган.

Кейин эса юртига қайтган Муҳаммад Мубин қори Андижонда катта Қуръон мактабига асос солган.

"Мубинхон қори аканинг шогирдлари нафақат Ўзбекистон, балки, Қирғизистон, Тожикистон, борингки, Ўрта Осиё бўйлаб кўпайиб борган. Андижон шаҳри эса «Қорилар шаҳри» деб танилган. Ҳозирги кундаги Ўзбекистон қориларининг кўпчилиги ўша зотнинг маънан авлодлари ҳисобланадилар" деб ёзади Quran.uz сайти.

Умрининг охирларида у киши шогирдларидан бирига: "Бир юз ўн учта мукаммал Ҳофизи Қуръон етиштирдим, беш, ўн, йигирма пора ёдлаган, Қуръонни рўйхат ўқиб ўткизган, савод чиқарганларнинг эса, саноғини билмайман", деган экан.

Ислом илми ҳақида гапириш ҳам тақиқланган собиқ совет завмонларида бунча одамга таълим беришнинг машаққатини фақат тасаввур қилиш мумкин.


"Мубинхон қори Қуръон хизматидаги аҳли-илм эдилар"

Ёшлик йилларида Муҳаммад Мубинхон қорини кўрган ва у кишининг даврасидаги катта катта суҳбатларни бир четда туриб тинглаган Абдусалом Восиев Мубинхон қорини жуда меҳнаткаш, ўта дидли киши эди, деб хотирлайди.

Абдусалом Восиев – Мубинхон қорининг таниқли сафдошларидан бири Абдулҳаким қори Восиевнинг ўғлидир. Айни пайтда у Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида мударрислик қилмоқда.

- Ëш болалигимда кўп кўрганман. Тўйларида қатнашганман ўғилларини уйлантирганида. Дадамиз бирга олиб борганлар. Ëш бола эдик у пайтда анча. 1972 йиллардаги гап бу.

Озодлик: Қанақа эди у кишининг кўриниши, феъли-атвори?

- Тўладан келган, қорачадан келган, соқоллари жингалак тўлагина одам бўлганлар. Гап-сўзлари, овозлари ширали, қироатлари ҳаммага ëқимли, Қуръонга ниҳоятда хизмат қилган одам бўлганлар у киши.

Озодлик: Сиз гаплашганмисиз у киши билан?

- Албатта. Саломлашганмиз. Табиатан жуда ҳам хушхулқ, одамохун эди. Жуда ҳам чиройли, одамларга муомалали, келди-кетди меҳмонларга жуда меҳмондўст, бағри очиқ, қўллари очиқ¸ саховатли киши бўлганлар. Андижондаги жоме масжиднинг олдида эди уйлари.

Озодлик: Нима учун мусулмонлар кўп ҳурмат қилишарди Мубинхон қорини?

- Қуръонга хизмат қилган одам бўлгандан кейин ҳамма ҳурмат қиладику.

Озодлик: Асосан, Қуръон қироат бўлганда у кишида-а?

- Қуръонни 30 пора ëдлаганлар. У кишининг оталари Аминжон махсум почча ҳам воллоҳу алам шунақа бўлган, адашмаëтган бўлсам. У киши ҳам забардаст қори бўлганлар. Уларнинг сулоласи қориларни йўқотмасдан келаяпти. Ҳозир ҳам невара, чевараларигача қори менинг билишим бўйича.

Озодлик: Муҳаммад Мубин қори араб тилини ҳам билармидилар?

- У томонлама илмлари ҳам бор эди. Менинг билишим бўйича, ëш бола бўлсам ҳам, уламолар билан суҳбатда қатнашиб юришарди. Аҳли илм одам бўлганлар. Қуръоннинг ўзи билан чекланмаганлар. Бунақа одамнинг орқасидан бориб, албатта, зиëрат қилиб, топиб келадиган, табаррук санаган инсонлар бўлишган. Шунинг учун у одамни танимаган одам бўлмаган. Дадамиз ҳам шу жумладан бориб, зиëрат қилиб, бизни ҳам олиб бориб, зиëрат қилдириб, шунақа ҳурмат қилинарди у кишини.

Озодлик: Менга шундай айтиб беришдики, бу киши совет даврида талабгорларга Қуръон ўқишни ўргатган экан. Мана сизнинг раҳматли дадангиз Абдулҳаким қори ота, Ҳиндистоний домлалардан Мубинхон қори ака озгина ёшроқ бўлган экан. Лекин, сизнинг дадангиз ва улардан кўра сал ëшроқ авлодни жуда кўпига устозлик қилган, дейишади. Бу ҳақда биласизми?

- Шунақа. Тажвид билан Қуръон ўқишни, Қуръоннинг йўналишлари, қироат йўлларини ўргатганлар у киши, асосан. Оллоҳнинг каломига хизмат қилаяпмиз деб жонларини фидо қилишган, дейди андижонлик таниқли қори – Муҳаммад Мубин қорини хотирлаган Абдусалом Восиев.


"Оллоҳнинг ҳузурида оппоқ қорлар гувоҳлик берар..."

Яна бир суҳбатдошимиз эса Мубинхон қорининг набираси, айни кезда Фарғона водийсида ном қозонган Рашод қори Камоловдир.

У ўз вақтда Ўзбекистонда танилган ҳофизи қуръон Мубинхон қорининг қизининг ўғлидир.

Ёшлигида бобоси ҳақида онасидан эшитганларини Озодликка сўзлаб берди.

- Оппоқ дадамиз Мубинхон қорини инсонлар қадрлаши асосий сабаби, у киши Қуръоннинг ходими бўлган. Собиқ совет даврида диний билимларни беришлик, олишлик жиноят бўлишлигига қарамасдан умрини шу йўлга сарфлаган.

У пайтда биласизлар жиноятчиларни огоҳлантиришлик тариқасида 15 кунга қамаб қўйиларди. Шунақа 15 суткадан саноқсиз даражада қамалганлиги тўғрисида онамиз айтиб берардилар: "Дадам ниҳоятда кўп қамалган", деб.

Энг таъсирланадиган ҳолат, ҳар қандай инсон ўзининг яшашида роҳат, оромни хоҳлайди. Оппоқ дадамиз қиш кунларида бомдод намозидан олдин шаҳарни айланиб, ҳужраларга бориб, болаларнинг сабоғини бериб, қайтиб келганда кийимининг устидаги, бошидаги қорларни супурардик деб онам эслайди.

Яъни, оппоқ қор бўлиб, соқолларию юзлари оппоқ қор бўлиб, келиб: “Оллоҳнинг ҳузурида Оллоҳнинг махлуқлари мана шу қорлар гувоҳлик беради иншооллоҳ”, деб умид қилиб, мана шундай ҳолатда совуқ кунда ҳужраларни истаб, бориб болаларга Қуръон таълимини берган.

Қуръоннинг ходими, ҳақиқий хизматкори бўлган. Қуръон учун умрини сарфлаган буюк инсонлардан бўлган у киши. Бу кишига нисбатан берилган баҳода: " У кишига илми ладун берилган",дейишади устозлар.

Яъни, Ўрта Осиë қориларининг, халқнинг Қуръон тажвиди бўйича илми ислоҳ бўлиб, тўғриланиб кетишига сабабчи бўлган шахслардан, деб ҳисоблашади.

Озодлик: У пайтда ҳужралар қанақа бўлган?

- Жуда ҳам саноқсиз ҳужралари бўлган. Ўзининг мухлислари, танишлари, юртдошларига уйларида яширинча тўртта-бештадан болаларни қўйиб, бориб хабар олиб, ўзи бориб, болаларга таълимини бериб, яна қайтиб келарди.

Озодлик: Ўша пайтда демак у кишининг атрофида уйида ҳужра очишга рози одамлар ҳам кўп бўлган эканда?

- Жуда ҳам кўп бўлган. Ҳатто, шундай бўлганки, ана шу даврда халқимиз, мусулмонлар, хоссатан водийда ўзларига буни қандайдир бир бурч, деб билган. Ислом сақланиб қолишлиги учун мен уйимдан битта хонасини, яъни учта-тўртта болани боқишлигим, қарашлигим, ҳужрага қўйишлигим динга қилган хизматим, деб жазони бўйнига олиб юриб, хизмат қилишган ўша даврдаги аждодларимиз.

Озодлик: У киши 67 ëшида жуда оғир хасталикдан оламдан ўтган экан. Охирида томоғидан овқат ўтмай қолган экан, дейишади?

- Оққон касалига чалинган бўлган. Охирги пайтда Муҳаммадий қори тоғамиз, у кишининг катта фарзандлари, кичик фарзандлари Раҳматилла қори деб, ҳаммалари ўтиб кетди, оллоҳ раҳмат қилсин, қон қайт қилганларида заҳарлаб қўйдимикан, деб гумон қилган эканлар. Ҳаттоки, заҳарланган қон бўлса қандай бўларкан, деб экспертиза қилишлик ҳам кўнглига келмасдан озгина татиб ҳам кўришган экан қонидан. Мана шундай хасталик билан вафот топганлар.

Озодлик: У кишининг нечта фарзанди бўлган?

- Иккита ўғил фарзанди бўлган, учта қиз фарзанди бўлган. Учта қиз фарзандлари ҳаëт, иккита ўғил фарзандлари вафот этишган. Бири шаҳид бўлиб бугунги тизимнинг зулмидан Муҳаммадий қори тоғамиз, устозимиз вафот топиб кетганлар. Иккинчи фарзандлари хаста бўлиб ëш 50га бормасдан оламдан ўтиб кетганлар. Набираларига келадиган бўлсак, набиралари орасида қори бўлмагани йўқ.

Озодлик: Нечта набираси бор ҳозир?

- 18та ўғил набиралари бор. Ҳаммалари қори. “Мубин қори аканинг авлодидан ўғил туғилиб қолдинг балога қолдинг, Қуръонни ëдламасанг, яшамайсан”, деган ҳазилнамо гап қоида бўлиб кетган.

Озодлик: У кишининг саводи фақат қироатда бўлган-а? Ëки араб тилини ҳам яхши билганми?

- Асосий хизматлари Қуръонда бўлган. Бугунги кундаги машҳур шогирдларидан Алоуддин Мансур, Раҳаматилло қори бор. Олдинги муфтий бор эди, Абдурашид қори, шулар ҳам шогирдлари бўлган. Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси директори Абдуҳаким қори, дегани бор шогирдлари орасида.

Ўзбекистондаги ҳозирги кунда давлат арбоби бўлиб турган шахслардан қанчаси шогирди бўлган. Амакимиз Содиқ қори, ўзимнинг дадам Рафиқ қори шогирдлари бўлган.

Одатда, уламоларни тарихда, китобларда хотирлайдиган бўлинса, у кишининг устозларию шогирдлари келтирилади. Уламоларга нисбатан таништиришлик услуби шундай, шунинг учун мен ҳам баъзи шогирдлари номини тилга олдим, дейди Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида яшаётган имом Рашод қори Камолов.


Устозларнинг устози

Сўнгсўз олдидан эса Муҳаммад Мубин қори аканинг сўнгги кунлари ҳақидаги энг зарур маълумотларга тўхталамиз.

“Мубинхон қори ака 64 ёшдан ўтган пайтлари касалликка чалинади. Бир ярим йил давом этган бетоблик алалоқибат олти ой мутлақо таом ўтмай қолишига олиб келди. Натижада Тожикистондаги мухлис шогирдларнинг ҳаракати билан ўша ердаги мутахассис шифокорларларга олиб борилади. Шифокорларлар беморни жарроҳлик йўли билан очиб кўришиб, дарҳол қайтариб уйга олиб кетишни маслаҳат беришгач, алоҳида самолётда тезлик билан Андижонга олиб келишади” дея ўша кунларни хотирлайди Quran.uz сайти.

Оғир хасталик боис Мубинхон қори 1979 йил 10 мартида оламдан ўтади. 67 ёшлик қори Андижондаги Якхон Шайх қабристонига дафн этилган.

Жаноза маросимида иштирок этганларнинг ҳикояларига қараганда, маросим жуда катта бўлиб кетган ва ўша кезда андижонликлар собиқ совет замонида бундай кўп жамоатлик жаноза намози жуда оз бўлганини узоқ муддат хотирлаб юришган.

Муҳими, бу жаноза маросимининг совет милицияси томонидан қаттиқ кузатилгани айтилди.

Мубинхон қоридан Қуръон қироат қилинган бир неча магнит тасмаю, Қуръон ҳофизи бўлган ва кейинчалик устозининг йўлини давом эттириб, яна юзлаб Қуръон ҳофизларини етиштирган шогирдлар мерос қолган.

Қуйида у киши ҳақида ҳозирланган "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG