Линклар

2013 йил январ-март ойларида British American Tobacco Uzbekistan қўшма корхонасида сигарет ишлаб чиқариш ўтган йил шу даврига нисбатан қарийб 12 фоизга камайиб 2 миллиард 380 минг донани ташкил қилди.

Ширкатдаги манбага асосланиб, "Новый Век" нашрининг билдиришича, йилнинг дастлабки чорагида сигарет экспорти 3,7 фоизга камайган.

Манбага кўра, 2012 йилда British American Tobacco Uzbekistan қўшма корхонасида сигарет ишлаб чиқариш ҳажми 2011 йилга нисбатан 16,2 фоизга камайиб 9,932 миллиард донани ташкил қилган.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистонда сигарет ишлаб чиқариш камайишига акциз солиқлари юқори экани сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида бу қўшни давлатлардан тамаки маҳсулотлари контрабандасини рағбатлантириши мумкин.

Ўзбекистонда йилига 17 миллиард дона сигаретга эҳтиёж борлиги айтилади.

Жорий йил 1 апрелидан четдан олиб келинаётган 45 хил махсулот, жумладан, сигарет импортига 10 фоиздан 30 фоизгача акциз солиғи оширилди.

2012 йил апрел ойида Ўзбекистон Тамакига қарши кураш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) конвенциясига 175 мамлакат бўлиб қўшилди.

Ўшандан бери Ўзбекистонда ҳам чекишга қарши тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб йилига 5 миллионга яқин одам чекиш билан боғлиқ касалликлардан нобуд бўлади.

Мутахассисларга кўра¸ тамаки чекиш инсон умрини 5-10-15 йилга қисқартиради.
XS
SM
MD
LG