Линклар

Покистоннинг Пешовар шаҳрида худкуш бомбачи ҳужумида камида саккиз киши, жумладан, афғонистонлик нуфузли диний уламонинг ўғли ҳам нобуд бўлди. Покистон полицияси автобус бекати яқинида уюштирилган ҳужумда 45 киши жароҳат олганини билдирди.



Пешовар шаҳар полицияси бошлиғи Лиақат Али Хон журналистларга мотоцикл миниб кетаётган худкуш полиция патрули ўтиб кетаётган пайтда ўзини портлатганини маълум қилди.

Воқеа гувоҳларидан бири бўлган Массуд исмли йигит ҳужум ҳақида Озодликка буларни айтди.

- Портлаш овозини эшитганимда автобусда эдим. Мен ярқираган алангани кўрдим. Мен яраландим. Мен кўп одам ўлгани ва яраланганини кўрдим, деди ҳужумда жабрланган Массуд.

Душанба кунги ҳужум худкуш ўзини портлатишидан бир оз олдин машинада ўтиб кетган шаҳар кенгаши расмийси Шохибзода Анийсга қарши амалга оширилгани тахмин қилинмоқда.

Пешовар шаҳридаги Афғонистон консули Сайид Муҳаммад Иброҳим Хел Озодликка худкуш ҳужумда Пешовар шаҳридаги Афғонистон савдо палатаси делегацияси аъзоси Ҳилол Аҳмад Вақад ва Афғонистоннинг қочқинлар бўйича идораси ходими Идрис ҳам ҳалок бўлганини айтди.

- Бугун эрталаб Арбоб йўлида рўй берган воқеада Ҳилол Аҳмад Вақад ва маҳаллий ходимлардан Идрис шаҳид бўлди, дея ачинди Пешовар шаҳридаги Афғонистон консули.

Ҳилол Аҳмад Вақад толиблар билан музокаралар олиб бориш учун масъул бўлган Афғонистон Олий тинчлик комиссияси аъзоси, афғонистонлик нуфузли диний уламо Амин Вақаднинг ўғли бўлган.

Афғонистон консулига кўра, Ҳилол Аҳмад Вақад покистонлик диний уламолар билан жанггариликка қарши анжуман уюштириш ҳаракатида бўлган.

Покистонда 11 май кунига белгиланган парламент сайлови арафасида бомба ҳужумлари авж олмоқда.

Шанба ва якшанба кунлари Покистон бўйлаб амалга оширилган портлашларда ўндан зиёд одам нобуд бўлди.

Ҳужумларнинг аксари учун масъулиятни покистонлик толиблар ўз зиммасига олган.

Ҳужум тахдиди боис айрим сиёсий партиялар ташқарида сайловолди кампанияси олиб бормасликка қарор қилган.
XS
SM
MD
LG