Линклар

Тошкентдаги ОВИР идоралари мамлакат фуқароларининг хорижда туғилган фарзандларига биометрик паспорт бериш олдидан гўдакларнинг чет эл фуқаролиги йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома талаб қилмоқда. Яъни, бола қайси хорижий давлатда туғилган бўлса, ўша давлатнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан бу борада маълумотнома сўралмоқда.



Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва вилоятидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлимларидан олинган маълумотга кўра, хорижда туғилган фарзандлари учун биометрик паспорт олмоқчи бўлганлар фарзандининг фуқаролигига оид маълумотномани ҳам топшириши керак.

Мисол учун, Ўзбекистон фуқаросининг фарзанди Россияда туғилган бўлса, унга биометрик паспорт олиш чоғида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан боланинг Россия фуқаролигига мурожаат қилган ёки қилмаганига оид маълумотномани ҳам ОВИРга топшириш лозим.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бўлими ходими бу тартибнинг аввалдан мавжуд бўлгани, аммо биометрик паспорт тизими жорий этилиши билан янада кучайганини айтди.

“Бунақа маълумотнома аввал ҳам сўраларди. Бола паспорт ёшига етганда. Ҳозир энди Ўзбекистонга кирган ҳамма четда туғилган болалар биометрик паспорт олиши шарт. Шунинг учун, ҳозир тартиб кучайдида”, деди Юнусобод тумани ОВИРининг ўзини таништирмаган ходими.

Хорижга чиқиб кетаётган ўзбекистонликларнинг сони ортган сари хорижда туғилаётган болакайлар сони ҳам ортмоқда.

Қонунда белгиланган тартибга биноан, ўзбекистонликлар хорижда туғилган фарзандига ўша давлатда туғилгани ҳақидаги маълумотномани олади.

Кейин эса ўша маълумотнома асосида ўзи яшаб турган хориж давлатидаги Ўзбекистон консуллик хизматига мурожаат қилади.

Консуллик болага Ўзбекистондан бериладиган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани беради. Бу эса бу боланинг Ўзбекистон фуқаролигида қолиши учун зарур ҳужжатдир.

Тошкент шаҳридаги ОВИР идораларидан олинган маълумотга кўра, биометрик паспорт олинадиган бола учун ўзбек консуллиги берган туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан бирга бола туғилган давлатнинг Тошкентдаги элчихонасидан чэт эл фуқаролиги йўқлигини тасдиқловчи маълумотнома ҳам олиниши лозим.

2013 йил бошидан эса Ўзбекистонга бораётган ва қайтиб чиқишни истаётган ота-оналар ўзи ва хорижда туғилган болалари учун биометрик паспорт олиши шарт қилиб қўйилган.

“Агар сизнинг чиқиш визангиз муддати тугаган бўлса, ОВИР (чиқиш визаси - Таҳр.)га мурожаат қиласиз, тўғрими? Бунинг учун паспортни янгилайсиз. Янги паспорт биометрик бўлади. Унда болага ҳам паспорт оласиз, ёшидан қатъий назар”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда ОВИР ходими.

Озодликка боғланаётган хориждаги ўзбекистонликларнинг аксарияти Ўзбекистонда қўшфуқаролик тақиқлангани боис, хорижда туғилган болаларига ҳам Ўзбекистондан туғилганлик гувоҳномасини олишга мажбур бўлаётганини айтади.

Аммо, айрим ўзбекистонликлар хориж давлатида узоқ муддат қолиш истагида бўлса, фарзандига ўша давлат фуқаролигини олиш учун ариза киритмоқда.

Бунинг эса, энг аввало, болаларнинг хориж давлатидаги тиббий хизмат ва таълим имконларидан фойдаланиши учун берилаётган қарор экани айтилади.

Ота-она Ўзбекистон фуқароси, фарзанд эса хориж фуқароси бўлган оилалар боласи билан Ўзбекистонга бемалол бориши мумкинлигини тушунтирган ОВИР ходимлари бунда бола хориж фуқароси сифатида мамлакатга кириб-чиқишини таъкидлади.

“Агар чет элда болангизга фуқаролик олган бўлсангизда, боланинг хориж паспорти бўлса, унда биз биометрик бермаймиз. Ўша чет эл паспорти билан кираверади, чиқаверади. Лекин, баъзилар борку, чет эл паспортини яширмоқчи бўлади. Чет давлат элчихоналари шунақа паспортни яширган-яширмаганингизни аниқлаб бериши керакда”, деди ОВИР ходими.

Яъни, бундан буён хорижда туғилган ёки хорижга чиқаётган болалар, шу вақтга қадар амалда бўлгани каби, ота-оналарининг паспортларига киритилмайди. Яъни, Ўзбекистонда берилаётган янги биометрик паспорт янги туғилган гўдакка ҳам берилади.

Ўзбекистонда биометрик паспорт беришнинг биринчи босқичи 2011 йилда бошланган ва унда хорижда юрган фуқаролар ҳамда хорижга чиқаётган мулозимларга янги паспорт берилган эди.

2012 йилдан бошлаб эса мамлакат фуқароларининг ҳаммасига биометрик паспорт бериш жараёни расман бошлангани айтилган. Аммо, айрим вилоятларда техник ускуналар етишмагани важидан жараён кечикаётгани кузатилган эди.

Ўзбекистон республикаси ИИВ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармасининг ўзини танштирмаган ходимаси ҳозир бутун республика бўйлаб биометрик паспорт берилаётганини таъкидлади.

Унга кўра, биометрик паспорт 10 иш кунида берилмоқда.

"Она-бола бир вақтга паспортга ҳужжат бераверасиз, параллел. 10 кунда оласиз, ҳеч муаммо йўқ. Кейин чиқиш визасига топширасиз. Энди унга 15-20 кун кетади. Хуллас, бир ярим ойга келасизда, камида", деди ИИВ Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Ўзбекистон фуқароларининг эски паспортлари амал қилиш муддати эса 2015 йилнинг 31 декабрида тугайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG