Линклар

Президент мирзолари жаҳон тарихига ўзгартиш киритди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзо чеккан фармонда Иккинчи жаҳон уруши 1941 йилда бошлангани айтилади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзо чеккан фармонда Иккинчи жаҳон уруши 1941 йилда бошлангани айтилади.

Бошлаганим битикларни “шох”дан “шоҳ”ни, “кадар”дан “қадар”ни фарқламайдиганлар, маънони сўздан қидирмайдиганлар ўқимасин. Ундайлар мени ҳарфхўрликда айблаши мумкин.

Демак, бу битиклар ўзимга ўхшаш ҳарфхўрлар учундир.

Бу битиклар тарихчилар учун, аниқроғи, уларнинг номидан ҳамдир.

Бўғзидан отилиб чиқаётган, лекин лаблари ихотаси – тишлари тўсиб қолиб ташқарилай олмаётган исён ифодасидир.


Чўчиманг, тарихчиларнинг мен тахмин қилаётган исёни аксилҳукумат исёни эмас, у Илмий Исёндир.

Бу исён Ўзбекистон Президенти имзолайдиган фармонлар матнини тайёрлайдиган чаласавод референтларга қарши исёндир.

Девон мирзолари тайёрлаб берган ва Президент ўтган ҳафта охирида имзолаган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармоннинг преамбуласи мана бундай бошланади:

“9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши...”

Бўлди, давомини ўқимаймиз.

Инсониятнинг Янги тарихидаги мана бу янгиликка - Президент фармонида акс этган янгиликка - диққатингизни тортмоқчиман: “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши”.

Ахир мактабда бошқача ўқитишганди-ку?!

Иккинчи жаҳон уруши, Ўзбекистон Президенти референтлари ўйлагандай, 1941 йили эмас, балки бу санадан 2 йил олдин – 1939 йилнинг 1 сентябрида бошланган эди-ку?!

Фармон матнидан келиб чиқилса, Иккинчи жаҳон уруши 1945 йилнинг 9 майида тугаган. Ахир бундай эмас-ку?!

Бу уруш ўша йилги баҳор адоқлаб, ёз ўтгач, 2 сентябрда тугаган-ку!

“Воййй!” дедингизми?

“Оқ Сарой мулозимларининг саводи, наҳотки, шу қадар ғовлаб кетган бўлса?!” деяпсизми?

Унчалик бўлмаса керак, ҳар ҳолда.

Гап бошқа жойда, менимча.

Гап мамлакат тарихининг Совет даврини халқ шууридан ювиб ташлашга уринишдадир.

“Яхшисиниям гапирма, ёмониниям гапирма, Ўзбекистон 1991 нинг 1 сентябрида туғилган, унгача Ўзбекистон деган юрт бўлмаган”, деган дашномни эшитгандай бўлаяпман.

Бундай дашномни референтлар эшитавериб безиллаб қолган бўлса керак-ки, текис йўлда қоқилаяптилар.

Агар улар жаҳоннинг 61 давлати иштирок этган Иккинчи жаҳон урушининг Совет Иттифоқи ҳудудида кечган даври номини (советлар "Улуғ Ватан уруши" деб номлагани эсингиздадир?) ишлатса, узоқ вақт “Ота кетимга тепдилар”, деб мақтаниб юришларига тўғри келган бўларди.

Шунинг учун - "Улуғ Ватан уруши" демаслик учун - топилган “йўл”дир Президент фармонидаги “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши”, деган гап.

Йилларини келтирмай "Иккинчи жаҳон уруши", деган ибора билангина чекланиб қўйиш мумкинлигига мирзоларнинг ақллари етмаганга ўхшайди. Шундай қилсалар, танқид ҳам йўқ, кет ҳам омон қоларди.

Луқмамиз кимгадир “майда гап” бўлиб туюлиши мумкин.

Лекин, асло ва асло майда гап эмас, деган қатъий ишончимиз бор.

Президент фармонидай олий ҳужжатда хато бўлмаслиги шарт!

Акс ҳолда, УЯТ бўлади.

Бўлдиям.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG