Линклар

Ироқ жанубида асосан шиалар истиқомат қиладиган шаҳарларда амалга оширилган ҳужумларда ҳалок бўлганлар сони 36 кишига етди.

Полицияга кўра, Амара шаҳрида автомобилга ўрнатилган бомба портлагани натижасида 18 киши ҳалок бўлган, 42 киши жароҳат олган.

Девония шаҳрида шу каби портлаш 9 киши умрига зомин бўлган, 23 кишига жароҳат етказган.

Карбало шаҳрида бомба ўрнатилган машина портлашида уч киши ҳалок бўлган, 14 киши жароҳат олган.

Шу каби портлаш асосан сунний мусулмонлар истиқомат қилувчи Маҳмудия шаҳридаги шиалар маҳалласида ҳам рўй бергани ва унда 6 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Ироқ шимолида ўтган ҳафта сунний намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашув содир бўлганидан кейин мамлакат бўйлаб амалга оширилган портлашларда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Ироқда озчиликни ташкил қилган сунний мазҳабидаги араблар шиалар етакчилигидаги ҳукумат ўзларига нисбатан таҳқирловчи муносабатда бўлаётганига норозилик сифатида декабр ойидан бери намойишлар ўтказиб келмоқда.

Ироқ Бош вазири Нури Ал-Маликий мамлакатдаги мазҳабпараро зўравонликлар авж олганига Сурия можароси сабабчи эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG