Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:12

Тошкент меҳмонхонасида қозоқ спортчиси ўлик ҳолда топилди


 44 ёшли Донияр Утешев Тошкентдаги меҳмонхонада осилган ҳолда топилган.
44 ёшли Донияр Утешев Тошкентдаги меҳмонхонада осилган ҳолда топилган.
28 апрел куни қозоғистонлик оғир атлетикачи 44 яшар Донияр Утешев Тошкентнинг “Малика” меҳмонхонасида ўлик ҳолда топилди. Дастлабки тергов натижасига кўра, спортчи ўзини осган.


Ўзбекистон оғир атлетика федерациясидан олинган маълумотга кўра, қозоғистонлик спортчи Донияр Утешевнинг жасади якшанба куни Тошкентнинг “Малика” меҳмонхонасидан топилган.

Федерациянинг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, Донияр Утешев 22 апрел куни Тошкентга оғир атлетика бўйича ўқув машғулотларида қатнашиш учун келган.

“Ўқув машғулотлари 5 майгача давом этиши керак эди. Ўтган куни меҳмонхонадан унинг ўлиги топилди. Ҳозирча тергов-суриштирув кетаяпти. Милиция унинг ўз жонига қасд қилганини айтаяпти”, дейди федерация ходими.

“Малика” меҳмонхонасининг масъул ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда айтишича, Донияр Утешев ўз хонасида осилган ҳолда топилган.

“Уни 28 апрел куни кечги соат 5 ларда номерида осилган ҳолда топдик. Ҳозир тергов кетаяпти. Бошқа маълумотларни ошкор қила олмайман”, деди “Малика” меҳмонхонаси ходими.

Шунингдек, у ҳозирда меҳмонхонада прокуратура ходимлари ва суд тиббий экспертлари текширув олиб бораётганини қўшимча қилди.

44 яшар Донияр Утешев оғир атлетика бўйича Олмаота терма жамоасининг катта тренери бўлган. Терма жамоанинг 10 нафар спортчиси Тошкентга икки ҳафталик ўқув машғулотида қатнашиш учун келган.

"Малика" меҳмонхонаси ходимига кўра, ўн кишидан иборат қозоғистонлик спортчилар гуруҳи меҳмонхонада 5 майгача қолиши керак бўлган. Лекин Утешевнинг ўлимидан сўнг уларнинг барчаси душанба куниёқ Қозоғистонга жўнаб кетган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Донияр Утешевнинг жасади Тошкентдаги ўликхонада сақланмоқда.

“Ҳозирча суицид сабаблари ҳақида гапиришга эрта. Тергов кетаяпти. Тошкентдаги Қозоғистон элчихонаси вазиятни ўз назоратига олган”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Вазирлик маълумотига кўра, 30 апрел куни Утешевнинг укаси билан шогирди унинг жасадини Олмаотага олиб кетиш учун Тошкентга етиб келишган.
XS
SM
MD
LG