Линклар

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Ўзбекистонга тавсиялар берди


БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада ўтказилган 16-сессиясидан лавҳа.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада ўтказилган 16-сессиясидан лавҳа.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсиялари Ўзбекистонда сўз эркинлиги чекланаётгани, мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоллари ортидан таъқиб, пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш каби ҳуқуқбузарликларга чек қўйишга оиддир.


Мазкур қайдлар ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятни ўнглаш бўйича ўзбек расмийларига йўналтирилган тавсиялар акс этмиш ҳисобот БМТ кенгаши томонидан ўтган ҳафта охирида Женевада қабул қилинган.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан 24 апрел куни Универсал даврий обзор доирасида ўрганиб чиқилганди. Бу обзор БМТга аъзо бўлган барча мамлакатларда инсон ҳуқуқлари вазиятини мунтазам равишда баҳолаш учун фойдаланиладиган механизмдан иборатдир.

Анжуман чоғида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолари ва кузатувчилари бўлган давлатларнинг вакиллари Ўзбекистонда ҳали-ҳануз давом этаётган инсон ҳуқуқ ва эркинликларнинг жиддий бузилиши юзасидан хавотир изҳор қилганлар. Оммавий ахборот воситалари фаолияти ва Интернетнинг кенг кўламда чекланиши, мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши, йиғилиш эркинлигини чекловчи ва фуқаролик жамияти гуруҳлари ишига тўсқинлик қилувчи қонун ва амалиётлар мавжудлиги, тинч диний амалиётлар таъқиб қилинаётгани ва диндорлар “диний экстремизм”да айбланаётгани, қийноқ ва шафқатсиз муносабатнинг қулоч ёяётгани, адолатсиз судлов ва сиёсий сабабларга кўра қамашлар, пахта терими чоғида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кабилар шулар жумласидандир.

Қатор давлатлар Ўзбекистон ҳукумати мустақил халқаро кузатувчилар билан ҳамкорлик қилмаётгани юзасидан ташвиш билдирганлар. Қайд этилишича, 2002 йилдан буён БМТнинг 11 махсус ҳисоботчисидан бирортасининг Ўзбекистонга сафар қилиш бўйича илтимоси мамлакат расмийлари томонидан қондирилмаган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон бўйича обзорда иштирок этган давлатлар бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича жорий вазиятни ўнглаш учун қатор тавсиялар ишлаб чиққанлар. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий обзор ишчи гуруҳи томонидан 26 апрел куни маъқулланган якуний ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон мазкур тавсиялардан 101 тасини қўллаши билдирган. Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари тавсиялардан 14 таси ўрганилажагини, 30 таси амалга оширса бўладиган деб қаралаётгани ёки амалга оширилиш арафасида эканини қайд этган. 58 тавсия эса Ўзбекистон расмийлари томонидан рад этилган.

Ўзбекистон томонидан қабул қилинган тавсиялар ичида сўз ва фикр эркинлигини, шу жумладан, Интернетда таъминлаш, йиғилиш ва бирлашмалар қуриш эркинликларини таъминлаш учун самарали ва керакли чора-тадбирлар кўриш ва бу ҳуқуқлардан фойдаланаётган одамларни таъқиб қилишга оид ҳар қандай ҳаракатни бас қилиш, мустақил оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва фуқаролик жамияти вакилларининг эркин ишлашлари учун имконият яратиш, халқаро ва ноҳукумат ташкилотлари вакилларига мамлакатда ишлашга изн бериш, барча маҳкама жараёнларида, шу жумладан, диний экстремизмда айбланган ёки рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар аъзоларига дохил ишларда адолатли, мустақил ва холис судловнинг халқаро стандартларга мувофиқлаштирилишини таъминлаш, қийноқ ва шафқатсиз муносабатга қарши самарали чоралар кўриш, Халқаро меҳнат ташкилоти меъёрларига, шу жумладан, мажбурий меҳнат бўйича халқаро меъёрларга риоя қилинишини яхшилаш, Халқаро Қизил Хоч қўмитасига мамлакатдаги барча пенитенциар муассасаларга тўсқинликларсиз кириш имкониятини бериш кабилар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG