Линклар

logo-print
Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонни яна "алоҳида хавотир уйғотувчи" давлатлар қаторига киритди ва диний эркинликларни топтаётган бу мамлакатга нисбатан санкция қўллашга чақирди. Жумладан, юқори лавозимли ўзбек расмийларининг АҚШга киришини ман этиш сўралди.


Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси сешанба куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари энг кўп бўғиладиган ҳамда поймол этиладиган мамлакатлардан бири сифатида тилга олинди.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати кўп йиллар давомида эътиқодни чекловчи қонунларни жорий этган холда барча диний жамоалар устидан қаттиқ назорат ўрнатиб, фуқаролар эркинликларини топтаб келади.

АҚШ комиссиясига кўра, Ўзбекистоннинг 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуни халқаро меъёрларга зиддир.

Айни қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтмаган ҳар қандай диний ташкилот ноқонуний, ҳисобланади.

Тақиқланган ташкилотларнинг асосийлари - Ҳизбут-Таҳрир, Акромийлар, Таблиғчилар Жамоати, Нурчилар ҳамда Ваҳҳобийлар диний оқимларидир.

Ҳозирда минглаб ўзбекистонлик мусулмон ноқонуний диний ташкилотларга алоқадорликда айбланиб, қамоқхоналарда узоқ муддатли жазони ўтамоқда.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси ҳисоботига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида диний айблов билан қамалган 5 мингдан 10 минггача маҳбус борлиги тахмин қилинади.

Қамалганларнинг кўпчилиги мунтазам қийноққа солиниши айтилади.

"Ўзбекистон ҳукуматининг қийноқларни йўқ қилиш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар эпидемик кўринишга эга", дейилади ҳисоботда.

Шу ой бошида Халқаро қизил хоч ташкилоти қамоқхоналарга ташрифларни тўхтатишга мажбур бўлганди.

Ташкилот ташриф шартларининг ҳурмат қилинмагани, маҳбуслар билан қамоқхона шароити ҳақида яккама-якка суҳбатлашиш имкони берилмагани сабаб шундай қарорга келганини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилинган шахслар ёки гуруҳларни таъқиб қилишни диний эркинликни чеклаш эмас, балки ҳукуматга қарши қуролли қаршиликнинг олдини олиш, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда, мамлакатда рўйхатга олинган ва қонунга мувофиқ фаолият қиладиган диний ташкилотлар вакиллари учун ҳеч қанақа чеклов йўқлигини айтади.

- Жиддий сабаб бўлмаса, ҳеч ким жиноий таъқибга олинмайди бизда, дейди Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасининг ўз исмини айтмаган расмийларидан бири.

Ўзбекистонда нафақат диний кўпчилик ҳисобланган мусулмонлар, балки озчиликни ташкил этувчи бошқа диний жамоалар ҳақ-ҳуқуқлари ҳам топталмоқда.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссиясига кўра, Ўзбекистонда турли диний оқимлар вакиллари ўзбек расмийларининг доимий босимларига дуч келаяпти.

“Иегова гувоҳлари”, “Еттинчи кун адвентистлари”, “Баптистлар”, “Баҳоийлар” ҳамда “Буддавий”лар ҳукуматнинг доимий кузатуви остидалар.

- Ўзбекистонда ҳукумати мусулмон жамоаларни ичкаридан назорат қилса, бошқа диний гуруҳларни турли рейдлар ўтказиб, ташқаридан назорат қилиб келади, дейди “Форум 18” гуруҳи тадқиқотчиси Феликс Корли.

Ҳисоботда Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича вазият энг ёмон мамлакат сифатида Бирма, Хитой, Миср, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Судан каби давлатлар қаторида тилга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG