Линклар

Жиззах болалари орасида "пашшахўрда" яраси тарқалди


Маҳаллий аҳоли "пашшахўрда", шифокорлар эса лейшманиоз, деб атаётган касалликни тарқатувчи москит чивини.

Маҳаллий аҳоли "пашшахўрда", шифокорлар эса лейшманиоз, деб атаётган касалликни тарқатувчи москит чивини.

Жиззах вилояти айрим туманларида табиати номаълум қолаётган ҳашорот чақиши ортидан лейшманиоз касаллиги тарқалмоқда. Вилоят Санитария-эпидемиология хизмати ҳамда шаҳардаги бир неча поликлинкадан олинган маълумотга кўра, асосан, болалар терисида юзага келаётган оғир ярани шифокорлар тўлиқ даволай олмаяпти.


Жиззах вилоятининг бир қатор туманлари ва шаҳрида маҳаллий аҳоли "пашшахўрда", деб атайдиган яра пайдо бўлди.

Жиззахлик аҳоли вакилларининг айтишича, кўз илғамайдиган даражада кичкина бўлган ва кўринишидан искаптопарни эслатувчи ҳашорот чақиши ортидан, асосан, ёш болалар терисида яра пайдо бўлмоқда.

- Пашша қачон чақиб кетганини билмайсиз. Лекин, чаққанидан озгина ўтиб, тери қизаради. Кейин қизариб шишган жойда, терининг тагида яра пайдо бўлади. Уни дўхтирлар даволамаяпти, фақат табиблар даволаяпти. Жуда узоқ даволанади, кейин яранинг изи қолади, деди жиззахлик тингловчилардан бири.

Лейшманиоз касаллигидан ҳосил бўлган яра.

Лейшманиоз касаллигидан ҳосил бўлган яра.

Унинг сўзларига кўра, бу яра кўпроқ болаларнинг юзи, қўллари ва оёқларида учрамоқда.

- Бизда авваллари бўлган экан, шунақа яра. "Пашшахўрда", дейишадида буни. У йўқолиб кетган эди. Лекин, кейинги 3-4 йилдан бери яна пайдо бўлиб қолди. Менинг набирамниям икки йил олдин чаққан эди. Табиб тузатди, аммо, юзида қора бўлиб доғи қолди барибир, деди жиззахлик тингловчи.

Жиззах шаҳридаги бир неча поликлиника ва вилоят Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари аҳолидан олинган маълумотларни тасдиқлади.

Лекин, улар аҳоли орасида тарқалаётган касалликнинг номи ва унга қўйилаётган ташҳисга оид расмий маълумотларни беришдан бош торди.

Жиззах шаҳридаги поликлиникалардан бирининг исмини ошкор қилмаганимиз ҳамшираси шу кунларда нафақат Жиззах, балки Самарқанд вилоятида ҳам болаларда номаълум ҳашорот чақишидан яра-чақа пайдо бўлаётгани кузатилганини айтди.

Унга кўра, шифокорлар пайдо бўлаётган яраларни тўлиқ даволай олмаяпти.

- Дўхтирлар ҳеч нарса қилолмаяпти. Фақат СЭС (Санитария-эпидемиология станцияси - Таҳр.) бориб, уйларини дезинфекция қилиб келаяпти, холос. Ҳашоротнинг ўзи ҳам ҳали тўлиқ маълуммасда. Менинг ўзимда ҳам бир жиянимни чақди, табиб даволади. Ҳозир Тошкентларгача хабар қилганмиз, лекин давоси аниқмас ҳали, деди Жиззах шаҳридаги поликлиникалардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамшираси.

Аммо, яна бир поликлиника ходими аҳоли орасида қўлбола услуб билан ярани даволаётганлар борлигини айтди ва даъво услубини келтирди.

- Қизил зелёнка суриб, даволаса бўлади. Узоқ даволайсизда энди, сабр қиласиз. Кунига икки марта фурацилин билан тозлаб, кейин зелёнка суриб қўяверасиз. Лекин изи қолади барибир, деди вилоятдаги поликлиникалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Жиззах вилояти Санитария-эпидемиология хизматининг бу ҳолатни тасдиқлаган ходимидан бу борада бирор қўшимча расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, Жиззах вилоятининг туманларидан биридаги шифохонада ишлайдиган ва исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган шифокорга кўра, дўхтирлар бу касалликни лейшманиоз, деб қайд этмоқда.

- Энди бировга айтилмаяптику, лекин лейшманиоз, деб ташҳис қўйиляпти. Лейшманиоз касаллиги. Бу касаллик бундан икки йил муқаддам ҳам кенг тарқалган эди. Ҳозир ҳам одамларнинг уйиларини оралаб юриб, тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз, дезинфекция қилинглар, ҳожатхоналарни хлорланглар, деб тушунтираяпмиз. Тошкентнинг ҳам бундан хабари бор, деди исмини сир сақлаган жиззахлик шифокор.

Ҳозирча Жиззахда тарқалган касалликнинг лейшманиоз сифатида қайд этилгани ҳақида маҳаллий шифокор берган бу маълумотни вилоят расмийлари тасдиқлагани йўқ.

Қуйида ушбу шифокор билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.





Норасмий манбалар томонидан Жиззахда тарқалгани қайд этилаётган лейшманиоз касаллиги аслида 20 асрнинг икки ярмига келиб "унутилган касалликлар" рўйхатига киритилган.

Жаҳон Соглиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, ҳозирга бу касалликни тарқатувчи ҳашорот - москит чивинлари дунёнинг 88 давлатида қайд этилган.

Булар орасида Ўзбекистон йўқ. Аммо, унга қўшни Афғонистон бор.

Озодлик суҳбатлашган тингловчилар орасида кишининг кўзи илғамас, рангпар чивиннинг Афғонистондан келгани ҳақидаги тахминни тилга олганлар ҳам бўлди.

Шифокорларга кўра, битта москит чивини ҳар чаққанида 600 тадан 1000 тага қадар личинка уруғини қолдириши мумкин.

Уруғдан чиққан личинкалар эса бир-бир ярим ой ичида икки баробарга кўпайиб, тери остида янги нуқталарга кўчиши ва яна янги яраларни пайдо қилиши мумкин.

Жарроҳлар яра ўчоғини тўлиғича олиб ташлаб, унинг ўрнини тозалаш билан даволагани боис, яра ўрнида чуқур чандиқларнинг ҳосил бўлиши кузатилади.

Ўзбекистондаги маҳаллий табиблар эса тери остидаги личинкаларни шиша идишлар орқали тортиб олгани боис, яра излари кичикроқ бўлиши айтилади.

Жиззахлик суҳбатдошлар ярадан қоладиган из ва чандиқлар катта бўлишидан чўчиган аҳоли шу боис ҳам касалга чалинганларни шифохонага эмас, табибларга олиб боришни маъқул кўраётганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG