Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:34

Тожикистон элчиси Москвада муҳожирларга ёрдам штабини очди


Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ташаббуси билан Россияга борган тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш штаби тузилди. Москванинг вокзал ва аэропортларида мигрантларга йўл-йўриқ кўрсатувчи мутахассисларнинг рейдлари ҳам ташкил этилмоқда.


Тожикистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси расмий сайтида ишчи гуруҳлари Москванинг “Домодедово” ва “Внуково” аэропортлари ҳамда Қозон темир йўл вокзалида фаолият юритаётгани хабар қилинди.

Юртдошларга турли масалалар бўйича кўмаклашишни мақсад қилган штабни тузиш ташаббусчиси – Тожикистоннинг Россиядаги элчиси Абдулмажид Дўстиев экани айтилди.

- Охирги пайтларда фуқароларимизнинг Россияга келиш-кетишида жиддий муаммолар юзага келаётгани боис, шундай штаб тузишга қарор қилинди. Штабнинг асосий вазифаси фуқароларимизнинг Москвада юзага келаётган ҳар қандай муаммоларини бартараф қилишда кўмаклашиш, Тожикистон йўналишида ҳаракатланувчи поездлар ва самолётлардаги тожик йўловчиларга йўл-йўриқ кўрсатишдир, дейди , дейди тузилма фаолияти тўғрисида Озодликка маълумот берган Тожикистон элчихонаси расмий вакили Муҳаммад Эгамзод.

Элчихона атташесининг сўзларига кўра, аэропорт ва вокзалларда маҳаллий маъмурият кўмагида Тожикистон элчихонаси томонидан тайинланган махсус патруллар ташкил этилмоқда.

Улар Тожикистонга кетаётган ёки у ердан келаётган йўловчи муҳожирларнинг барча мушкулини енгил қилишга, ФМС, полиция ёки бошқа Россия идораларида қийин аҳволга тушиб қолган тожик фуқароларига ёрдам беришга шай туради.

- Бизда иккита авиакомпания – “ТожикЭйр” ва “СомонЭйр” ваколатхоналари Домодедовода, Тожикистон темир йўллари идораси ваколатхонаси эса Қозон вокзалида мавжуд. Штабимиз телефонлари элчихона сайтида берилган. Москвадаги барча билет сотиш шаҳобчаларига штабимиз тўғрисида маълумотлар тарқатилди, дейди элчихона вакили.

Шунингдек унинг яна қўшимча қилишича, штабнинг яна бир муҳим вазифаси – саноқсиз “фирмалар” номидан иш қилаётган ва қалбаки ҳужжат, билетларни сотаётган ёки пул ўтказишни ваъда қилаётган шахсларга қарши курашишдир.

Бундан ташқари, Муҳаммад Эгамзод Штаб аъзолари 2013 йилдан бошлаб, Россияда қабул қилинаётган ва узлуксиз ўзгариб бораётган миграцияга оид қонунчилик тўғрисида юридик маслаҳатлар бериб боришини маълум қилди.

- Негадир охирги пайтларда Россия оммавий ахборот воситаларида Тожикистондан келаётган меҳнат муҳожирлари ҳақида кўплаб салбий маълумотлар тарқатилмоқда. Ваҳоланки, бундай муаммолар бошқа қўшни республикалар фуқаролари билан ҳам боғлиқ. Бу масалаларни матбуот орқали айбламасдан ҳал этишнинг бошқа йўллари кўпку! Бундай айбловлар икки иттифоқдош давлат ўртасида муносабатларнинг совуқлашишидан бошқа натижа бермайди, деди Тожикистон элчихонасининг Москвадаги расмий вакили Муҳаммад Эгамзод.

Тожик расмийларининг хавотирини ЛДПР етакчиси Владимир Жириновскийнинг “Поединок” теледастурида қилган чиқиши келтириб чиқаргани ҳам айтилмоқда.

"Россияни мигрантлар йўқ қилиши мумкин"лигини гапирган Жириновский ҳар бир муҳожир қўйнида наркотик ва қурол борлигини даъво қилган эди.

- Агарда биз мигрантларни тўхтатмасак, улар бизни йўқотади... Аллақачон 15 миллионга етган келгиндилар шунчаки муҳожир эмас. Улар ёш, асосан 30 ёшдаги бақувват эркаклар, дея қўрқитди ўзининг миллатчилик чиқишлари билан эфирда кўриниб турувчи Владимир Жириновский.

Россия расмийларининг “чегарани ёпиш”, “визалар жорий қилиш”, “мигрантларни оммавий депортация қилиш” каби вақти-вақти билан янграётган баёнотлари тўғрисида Озодлик олдин ҳам хабар берган эди.

Интерфакс ахборот агентлиги берган маълумотга биноан, Россияда бир миллиондан зиёд Тожикистон фуқаролари қонунан меҳнат қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG