Линклар

Тошкентда "Рассомлар куни" нишонланди


Тошкент Марказий Осиëда энг кўп рассом ижод қиладиган шаҳар ҳисобланади.

Тошкент Марказий Осиëда энг кўп рассом ижод қиладиган шаҳар ҳисобланади.

Тошкентда “Рассомлар куни” нишонланди. Тадбир апрелнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ўтказилган “Тасвирий санъат ҳафталиги”нинг якунловчи маъракаси бўлди.

Тадбирнинг бош дизайнери¸ Тошкентдаги Марказий кўргазмалар зали раҳбари¸ таниқли санъатшунос Людмила Кадзаеванинг Озодликка айтишича¸ 30 апрел куни рассом бўлмаган тошкентликлар ҳам қўлига мўйқалам олиб шакллар чизди.

- "Рассомлар куни"да шаҳарнинг деярли ярмиси қатнашди, десам ҳам бўлади. Чунки, рассомлар куни ҳар бир маҳалла¸ ҳар бир мактаб ва боғчаларда ҳам ўтказилди. Театр арбоблари¸ мусиқачилар бу байрамни ўтказишда ëрдам беришди. Албатта¸ кўргазмалар зали байрамнинг эпицентри бўлди. Кўргазма доирасида самарқандлик таниқли рассом Аслиддин Исаев асарлар пойтахтликларга намойиш қилинди¸ дейди санъатшунос Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ тадбирларда Сурхондарë¸ Қашқадарë¸ Хоразм ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган рассомлар асарлари ҳам намойиш қилинган.

Дўппи тикдим ипаклари тиллодан

Тошкентда ўтаëтган “Тасвирий санъат ҳафталиги” доирасида халқ амалий санъати кўргазмаси ҳам ташкил қилинган.

Санъатшунос Людмила Кадзаеванинг Озодликка айтишича¸ бу шунчаки вернисаж эмас.

- Халқ амалий санъати кўргазмаси пастдаги қаватда намойиш қилиняпти. У ерда усталарнинг ўзи бевосита ижод қилмоқда. Масалан¸ сўриларда чевар қизлар ўтириб¸ тилла иплар билан зардўзи дўппилар тикмоқда. Ўймакорлар¸ миниатюра усталари ҳам томошабинлар кўз ўнгида ўз асарларини яратмоқда¸ дейди тадбир ташкилотчиси.


Тошкент рассомлар шаҳри

Шу кунларда Тошкентда 500дан зиëд профессионал рассом ижод қилади.

Санъатшунос Борис Чуховичга кўра¸ бу Ўзбекистонда тасвирий санъат ривожига оид муҳим рақамдир.

Анъанавий мусулмон ўлкаси бўлган Тошкентда ғарб тарзидаги тасвирий санъат ривожи қатор тарихий омиллар билан изоҳланади.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Тошкентга Совет иттифоқидаги ўнлаб рассомлар очарчиликдан қочиб келиб¸ жон сақлашган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида эса юзлаб рассомлар Тошкентга эвакуация қилинган.

Бухоронинг эгри-бугри жин кўчалари¸ Тошкентнинг лой деворлари¸ Самарқанднинг ложувард кошинлари ва Хиванинг кўк гумбазлари бу рассомлар қалбини забт қилгани айтилади.

Бу рассомлар ўзбек халқига миннатдорлик юзасидан Совет Иттифоқидаги энг обрўли санъат даргоҳи даражасига етган Бенков номли рассомлик билим юртини айнан Тошкентда ташкил қилишди.

Олий рассомлик институти ҳам Совет Ўрта Осиëсида фақат Тошкентдагина мавжуд бўлган.

Бугун Тожикистон¸Туркманистон ва Қирғизистондаги етук рассомларнинг аксарияти Тошкентда таҳсил олган.

Айни пайтда Тошкент дунë тасвирий санъати луғатини "Туркистон авангарди" деган калима билан бойитган шаҳар ҳисобланади.

Футуризм ғоялари билан келган рассомларнинг ўзбек ижодкорлари Ўрол Тансиқбоев¸ Акрам Сиддиқий¸ Баҳром Ҳамдамий билан ҳамкорлиги меваси ўлароқ Туркистон авангарди дунëга келди.

Рассом Александр Волковнинг Москвадаги Третяков галереясида сақланаëтган “Анорли чойхона” асари Туркистон авангардининг гўзал ўрнаги ўлароқ кўрилади.

Шунингдек¸ Тошкент буюк¸ дея сифатланган рассомлар Веронезе¸ Беллоли¸ Айвазовский ва Пабло Пикассо асарлари сақланаëтган саноқли шаҳарлар сирасига киради.
XS
SM
MD
LG