Линклар

logo-print

Путин Сталиндан қолган “Меҳнат қаҳрамони” орденини тиклади


СССР нинг "Социалистик меҳнат қаҳрамони" (ч) ва РФ нинг "Меҳнат қаҳрамони" орденлари.

СССР нинг "Социалистик меҳнат қаҳрамони" (ч) ва РФ нинг "Меҳнат қаҳрамони" орденлари.

Россия Президенти Владимир Путин 1 май куни ўз фидокорона меҳнати билан бошқаларга намуна кўрсатган икки фуқарога “Меҳнат қаҳрамони” орденини топширишни режаламоқда. Бу билан Путин Совет Иттифоқи рамзларидан яна бирини қайта тикламоқда. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Россияда “Меҳнат қаҳрамони” ордени бекор қилинган эди.


Россия Президенти Владимир Путин Совет Иттифоқи рамзларидан биринчи бўлиб, давлат мадҳиясини 2000 йилда қайта тиклаган. Кейинроқ Россияда ҳарбий парад ўтказиш анъанасини тикланган.

Чоршанба куни Президент Путин фидокорона меҳнати билан бошқаларга намуна кўрсатган икки фуқарога янги — “Меҳнат қаҳрамони” орденини топшириш орқали Совет Иттифоқи рамзларидан яна бирни қайта тиклайди.

Кремл расмийлари “Меҳнат қаҳрамони” ордени кимларга топширилишини ошкор қилмади.

Бироқ, Россиядаги ахборот агентликларига кўра, “Меҳнат қаҳрамони” ордени 80 яшар болалар шифокори Леонид Рошал ва икки фарзандидан ташқари яна 35 нафар асранди болага она бўлган Тула шаҳридаги болалар уйи директори Наталья Саргановага топширилади.

“Меҳнат қаҳрамони” ордени Путин туғилиб ўсган Санкт-Петербург шаҳрида 1 май куни нишонланадиган “Баҳор ва Меҳнат байрами” кунида топширилади.

Россияда “Меҳнат қаҳрамони” ордени президент Владимир Путин 29 март куни имзо чеккан фармонга мувофиқ қайта тикланди.

“Известия” газетасига кўра, Россиянинг янги “Меҳнат қаҳрамони” ордени Совет Иттифоқи давридаги “Социалистик меҳнат қаҳрамони” орденидан кам фарқ қилади.

Янги орден беш қиррали юлдуздан иборат бўлиб, олд томонида юлдуз марказига Россия Федерациясининг герби туширилган. Орденнинг орқа томонида "Россия Федерацияси Меҳнат қаҳрамони", деган сўзлар ёзилган.

СССР ва Россия Федерацияси қаҳрамонларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг минтақавий бўлими Вице-президенти Сергей Петров “Известия” мухбирига унвон қайта тиклангани одамларни профессионал чўққиларга эришишга рағбатлантиришини урғулаган.

Совет Иттифоқида “Меҳнат қаҳрамони” ордени 1927 йилда Иосиф Сталин томонидан жорий қилинган. Дастлабки 10 йил давомида бир мингдан ортиқ фуқаро ушбу орден билан тақдирланган.

1938 йилда “Меҳнат қаҳрамони” ордени ўрнига “Социалистик меҳнат қаҳрамони” ордени таъсис этилган.

Бу орден фидокорона меҳнати билан бошқаларга намуна кўрсатган фуқароларга олий мукофот сифатида берилган.

Совет Иттифоқи даврида 20 мингдан ортиқ одам бу орденга сазовор бўлгани айтилади.

1991 йилга келиб эса Россияда “Социалистик меҳнат қаҳрамони” ордени бекор қилинган эди.
XS
SM
MD
LG