Линклар

Россия Ҳаво транспорти агентлиги Россиянинг барча авиаширкатларига тегишли йўловчи самолётлар Сурия ҳаво ҳудуди орқали учишини таъқиқлади.

Бундай қарор қабул қилинишига Сурия орқали учаётган Россия самолёти ракета ҳужумига учрагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Душанба куни кучга кирган таъқиқ қанча муддат давом этиши ҳозирча маълум эмас.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевичга кўра, бортида 159 йўловчи бўлган NordWind Airlines самолёти Мисрнинг Шарм Аш-Шайх шаҳридан Россиянинг Қозон шаҳрига учаётган пайтда учувчилар ерда “хавфли ҳарбий ҳаракатлар” бўлаётганини пайқаган.

Учувчи Николай Распоповга кўра, йўловчилар ва экипаж аъзолари ердан отилган ракеталар тахминан 10 минг метр баландликка етганини кўришган.

Москвадаги манбага асосланиб Интерфакснинг билдиришича, номаълум ҳужумчилар самолётга қарата “Ер-Ҳаво” русумидаги иккита ракета отган.
XS
SM
MD
LG